Norma.uz портали 2026 йил 1 апрелдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
Лойиҳаолди ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Биологик фаол қўшимча ва косметика воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар божхона божларидан озод қилинади.
Чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.
Республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтариш тизими йўлга қўйилади.
«Tax free» тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чегараланган рўйхати (бундан озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно) бекор қилинади.
Мувофиқликни баҳолаш соҳасида тадбиркорлик субъектларига қуйидаги енгилликлар жорий этилади:
– аккредитация соҳасида кўрсатилган пуллик хизматлар тушумидан ажратмалар 2,5 баробарга камайтирилади;
– тадбиркорлик субъектлари томонидан икки ва ундан ортиқ аккредитациядан ўтган ҳолда мувофиқликни баҳолаш хизматлари йўлга қўйилган соҳада давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу соҳада синов лабораториялари ва сертификатлаш органлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди;
– ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария ва мувофиқликни баҳолаш соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишда ўқув дастури ва таълим ташкилотини мустақил танлаш имкони берилади.
Давлат органлари, ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар ўз соҳасидаги ечим талаб қилаётган муаммо ва масалалар бўйича:
– краудсорсинг электрон платформасида эълон жойлаштириб, танлов ташкил қилади;
– ҳар ойда стартап ташаббускорлари билан учрашувлар («Стартап куни») ўтказади.
Қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
– давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
– электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно);
– алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
– транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар;
– қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар (бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно);
– кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Қуйидагилар кучга киради:
- Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- Нотариусликка талабгорлар учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мажбурий ўқув курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом.
Мактабгача таълим қамрови 80%дан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектларига мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишга рухсат берилади.
Бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт товарларининг нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:
– учта ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 15%;
– иккита маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 12%;
– битта маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 8%.
Ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида В1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади.
Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади.
Давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади.
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади.
Жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.
Сардор Жумашов



