Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ввез товар из-за рубежа – стал плательщиком НДС – читать на buxgalter.uzМожно ли одновременно применять нулевую и льготную ставки налога на прибыль – читать на buxgalter.uzЭСФ: бюджетники – не исключение – читать на buxgalter.uzМожно ли уволить «срочника» на «больничном» - читать на buxgalter.uz

1 майдан қандай ўзгаришлар бўлади

30.04.2020

Читать на русском языке

 

Янги акциз маркалари, бензинга эркин нархлар, Бўстонлиқ туманидаги солиқ эксперименти, вақтинчалик ташқи савдога чекловлар ҳамда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳадаги бошқа ўзгаришлар – шарҳимизда.

 

Янги акциз маркалари жорий этилади

 

Ҳукумат томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги акциз марказлари тасдиқланди. Улар 1 майдан муомалага киритилади. 9 ой ўтгач, 2021 йил 1 февралдан бошлаб эски намунадаги маркалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, улар билан маркировкаланган товарлар улгуржи ва чакана савдо тармоғидан олиб қўйилади.

 

Бензин – бозор нархлари бўйича

 

2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси, шу жумладан ЭКО маркали ёқилғи чакана нархлари давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинади. Нефтни қайта ишлаш заводлари уларни фақат биржа савдолари орқали сотади.

 

Эслатиб ўтамиз, 15 августдан Аи-91 маркали бензин нархи давлат томонидан белгиланиши бекор қилинган, ушбу марка биржа товарлари тоифасига ўтказилган. Шу тариқа, 1 майдан мамлакатимизда бензин ва дизель ёқилғисининг барча турлари нархи эркин белгиланади.

 

Тошкент вилоятида – солиқ эксперименти

 

1 майдан бошлаб Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бир йиллик эксперимент ўтказилади. Унинг доирасида ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмаган фуқаролар гувоҳномани бепул олишлари ва қуйидагиларни ижарага беришлари мумкин:

  • кўчмас мулк объектлари – дам олиш уйлари, дала ҳовлилар, якка тартибдаги уй-жойлар ва уй-жой қуриш учун мўлжалланган бошқа иморатлар. Ижара шартномаси тузиш ва уни солиқ органларида ҳисобга қўйиш талаб этилмайди;
  • бошқа мол-мулк – сувда юрадиган мотоцикллар ва бошқа сув транспорти турлари, қорда юрадиган техника воситалари, квадроцикллар, парапланлар ва дельтапланлар, топчанлар.

 

Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод қишлоғида гувоҳномалар бериладиган солиқ органлари таянч пунктлари ташкил этилади. Барча гувоҳнома эгалари ягона электрон базага киритилади.

 

Жорий этилаётган тартибнинг ижарага берувчилар учун афзалликлари:

биринчидан, улар гувоҳнома олгач тадбиркорлик субъектига айланмайдилар ҳамда солиқларни оддий фуқаролар қатори жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топшириш орқали тўлайдилар (СК 397-м.);

иккинчидан, улар ижарага олувчилардан тушган нақд пулни инкассация қилишлари (топширишлари) шарт. Бунда барча битимлар махсус чеклар билан тасдиқланиши, даромадлардан солиқлар тўланиши лозим.

 

Гувоҳнома олмаган ва ягона базага киритилмаган ижарага берувчилар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганликлари учун жавобгарликка тортиладилар (МЖТКнинг 174-м., ЖК 184-м.).

 

Экспорт-импорт: вақтинчалик қисман чекловлар

 

Ҳукумат томонидан СOVID-19 пандемиясининг миллий иқтисодиётга кўрсатаётган салбий таъсирларидан келиб чиқиб чора-тадбирлар кўрилмоқда. 8 ойга (2020 йил 1 майдан 31 декабргача) қуйидагиларга тақиқ жорий этилади:

  • CMC, «Спанбонд» ва  «Мельтблаун» нотўқима материаллари (ТИФ ТН кодлари 5603121000; 5603119000 ва 5603919000; 5603129000 ва 5911400000) СМС CMC (ТИФ ТН коди 5603121000) экспортига – ички бозорда улардан тайёрланадиган тиббий буюмларга талабни таъминлаш мақсадида;
  • 2523210000 ва 2523290000 ТИФ ТН кодлари бўйича цемент маҳсулоти импортига – карантин даврида кўпгина қурилишлар тўхтатиб қўйилганлиги сабабли.

 

Қурилишда бюрократия камайтирилади

 

Қурилиши якунланган объектларни фойдаланишга қабул қилишнинг амалдаги тартиб-таомиллари босқичма-босқич бекор қилинади. Бунинг ўрнига 1 майдан Қурилиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан улардан фойдаланишга рухсатномалар берилади. Бу молиялаштириш манбаидан қатъи назар, хатар даражаси паст бўлган биринчи тоифадаги объектларга тааллуқли бўлади. Янги тартибни белгилайдиган ҳужжат ҳали қабул қилинмаган.

 

УКХ эксперименти якунланади

 

1 майга қадар «Кўп квартирали уйлар бошқаруви тўғрисида»ги янги Қонун нормаларини синаб кўриш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш мўлжалланган эди. Эксперимент Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, шунингдек Жиззах ва Марғилонда ўтказилди. Кейинги ой давомида ҳужжат яна кўриб чиқилиши зарурлиги ёки зарур эмаслиги, бошқа ҳудудларда уни қандай қўллаш кераклиги ҳал этилади. Эслатиб ўтамиз, қонун 2020 йил 1 августдан кучга киради.

 

Доривор ўсимликлар кластерлари, халқ табобати хоналари

 

Қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш кесимида ўзаро алоқадор бўлган иккита янгилик бўлди. 1 майдан бошлаб:

  • доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерлари ташкил этилади, ҳудудлар уларни етиштириш бўйича ихтисослаштирилади; 
  • Республика халқ табобати илмий-амалий маркази тиббиёт олий таълим муассасалари ва жамоат саломатлиги техникумлари билан бирга ташкил этилади. Барча даражадаги давлат кўп тармоқди тиббиёт муассасаларида халқ табобати хоналари очилади.

 

Болалар боғчалари учун тўлов оширилади

 

Индексация миқдори ўртача 15%ни ташкил этади. Бунда ставкалар болалар боғчасининг иш режимига (5 ёки 6 кунлик) қараб табақалаштирилмайди. Ота-оналар учун тўлов суммаси қуйидаги омиллардан келиб чиқиб белгиланади:

  • болалар боғчаси жойлашган жой: Тошкент, вилоят марказлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, туман марказлари, бошқа жойлар;
  • муассасага бир оиладан қатнайдиган болалар сони;
  • болалар боғчасида болаларнинг кунлик бўлиш вақти: 4–5, 9, 10.5, 12 ёки 24 соат.

 

Бир қатор ҳудудларда ота-оналар учун тўлов миқдорига 50%лик чегирма амал қилади.

 

Пенсиялар борасида

 

Юзага келган эпидемиологик вазият бу борада ҳам ўз таъсирини кўрсатди. 1 майдан ишлайдиган пенсионерлар пенсияни иш жойидан эмас, балки тўғридан-тўғри Пенсия жамғармасидан оладилар. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пенсия оладиганлар учун ўзгаришлар бўлмайди. Булар қуйидаги идораларда ҳисобда турадиган ишлайдиган пенсионерлар эканлигини эслатиб ўтамиз:

  • Мудофаа вазирлиги, ФВВ, ДХХ, Президент хавфсизлиги давлат хизмати ва Миллий гвардия – уларга пенсиялар ҳақиқий яшаш жойлари бўйича Халқ банки филиаллари томонидан берилади;
  • ИИВ ва ДБҚ – улар ҳақиқий яшаш жойлари бўйича тегишинча, ички ишлар органлари ва божхона органларида пенсия оладилар.

 

Эслатиб ўтамиз, илгари республика махсус комиссияси томонидан Тошкент, Нукус ва вилоят марказларидаги шаҳарларда яшовчилар май ойидан бошлаб пенсияларни пластик карталарга олишларига қарор қилинган эди. Банкка бориш талаб этилмайди – барча маълумотлар Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки бўлимларига берилади, бўлимлар ходимлари карталарни пенсионерларнинг уйларига олиб бориб берадилар.

 

ID-унификация

 

1 майдан бошлаб ахборот тизимлари ва ресурсларида маълумотларни шакллантирадиган, сақлайдиган ва ишлов берадиган давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларнинг ноёб идентификаторларидан фойдаланишга ўтадилар:

  • жисмоний шахслар – шахсий идентификацион рақам (ЖШШИР);
  • юридик шахслар – солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР);
  • кўчмас мулк – кадастр рақами;
  • манзил – географик код;
  • транспорт воситалари – идентификацион рақам.

Олег Заманов.


 

Курс валют

2020-10-27
  • USD:10359.88 (+0.00) сум
  • EUR:12285.78 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум