Президентнинг 13.02.2018 йилдаги Ф–5214-сон фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги солиқ юкини камайтириш, ҚҚС ставкасини пасайтириш, қатор солиқлар ва мажбурий тўловларни бирхиллаштириш ҳамда бекор қилиш, шунингдек солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни назарда тутувчи Солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича концепция лойиҳасини тайёрлади.
Сўнгги йилларда республикамизда солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир қатор чора-тадбирлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигининг ҳозирги аҳволи ҳали эркин бозор иқтисодиёти принципларига жавоб бермайди, бизнес зиммасида катта солиқ юки сақланиб қолаётгани, кўп сонли солиқлар ва уларни маъмурийлаштириш таомилларининг мураккаблиги сабабли иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.
Солиқ юкининг юқори даражаси капиталнинг хуфия оборотга олиб чиқилишига сабабчи бўлмоқда. Кичик ва йирик бизнес субъектлари ўртасида солиқ юки даражасидаги салмоқли тафовут (ўрта ҳисобда 3-4 баравар) ишлаб чиқаришнинг кенгайтирилишига ва тадбиркорлик субъектларининг йириклашишига тўсқинлик қилмоқда.
ҚҚСнинг юқори ставкаси ва ундириш тизимининг мураккаблиги солиқ тўловчиларнинг оборот маблағлари тортилишига, оралиқ ва пировард истеъмол маҳсулотлари қиймати қимматлашишига, йирик ва кичик бизнес ўртасида самарали кооперация мавжуд бўлмаслигига олиб келмоқда.
Юридик шахслар мол-мулкига солиқ солишнинг амалдаги тизими ишлаб чиқариш капитал иншоотлари ва инфратузилмасига инвестицияларга ғов бўлмоқда, салмоқли капитал талаб этадиган тармоқларга харажатлар оширилишига олиб келмоқда.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромадларга солиқ солиш тизимининг такомиллашмаганлиги меҳнатга ҳақ тўлаш фонди пасайтирилишига ва, охир-оқибат, хуфия маош тўлаш схемалари қўлланилишига олиб келади.
Самарасиз солиқ маъмуриятчилиги умуман Давлат бюджети даромадлари даражасига салбий таъсир кўрсатади.
Амалдаги тизимнинг шу ва бошқа кўплаб камчиликлари республикамизнинг инвестицион жозибадорлигига жиддий путур етказади, боиси аксарият инвесторлар назарида Ўзбекистон солиқ қонунчилиги нормалари тушунарли бўлишини, соғлом рақобатни, солиқ маъмуриятчилиги очиқ-ошкоралигини, солиқ юкининг мақбул даражасини ва инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояланиши кафолатларини таъминламаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги жорий йил 29 мартда «Ўзэкспомарказ» МКМ АЖда Концепция лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этмоқда. Тадбир соат 10:00 да бошланади.
Солиқ солиш соҳасидаги экспертлар, бизнес-ҳамжамиятлар, ОАВ, халқаро молия институтлари, дипломатик корпус вакиллари ва бошқа манфаатдор шахслар таклиф этилади.