Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

2018 йилда ЯИМ 290,6 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда

21.12.2017

 

2017 йил 20 декабрь куни очилган Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди.

 

Жумладан, келаси йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 290,6 трлн сўм миқдорида бўлиши, ЯИМ дефлятори 14,1%ни ташкил этиши, истеъмол нархлари индекси 12-13% бўлиши кутилмоқда. Давлат бюджетининг параметрлари ЯИМга нисбатан 0,02% профицит билан бажарилиши кутилмоқда.

 

Терминология

 

ЯИМмамлакат ҳудудида иқтисодиётнинг барча тармоқларида бир йил мобайнида ишлаб чиқарилган барча пировард товарлар ва хизматларнинг бозор қийматини акс эттирадиган макроиқтисодий кўрсаткич.

 

ЯИМ дефляториЯИМ динамикаси ва инфляция суръатини тавсифловчи нарх индекси. У муайян даврда хизматлар ва товарлар учун нархларнинг умумий даражасини ўлчаш учун мўлжалланган.

 

Истеъмол нархлари индекси – иқтисодиётда инфляция даражаси кўрсаткичи, ўтган даврга нисбатан товарлар ва хизматлар учун нархларнинг динамикасини акс эттиради.

 

Давлат бюджети профицити –муайян давр учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларининг унинг харажатларидан ортиқлиги.

 

2018 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари солиқ юки янада камайтирилишини, бир хил солиққа тортиш базасига эга солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорининг қисқартирилишини, маҳаллий бюджетларнинг даромад базаси мустаҳкамланишини ва уларнинг мустақиллиги оширилишини, ресурслардан оқилона фойдаланилишини ҳамда бюджетга тушумларнинг тўлиқ тушиши таъминланишини кўзда тутади.

 

Бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Хусусан, келгуси йил бюджетига қуйидаги харажатлар киритилди:

  • ижтимоий соҳага – 34,7 трлн сўм;
  • қабул қилинган давлат дастурларини амалга оширишга – 8,5 трлн сўмдан ортиқ;
  • мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлашга – 815 млрд сўм (деярли 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар кўпроқ);
  • 48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини яхшилашга – 559,1 млрд сўм (2017 йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп);
  • 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига – 803,6 млрд сўм;
  • уй-жой-коммунал ишларини бажаришга  –230,3 млрд сўм, шу жумладан кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга – 47,2 млрд сўм, кўп қаватли турар жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштиришга – 22,4 млрд сўм;
  • соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга – 915,4 млрд сўм (2017 йилдагига нисбатан 2,5 баробар кўп).

 

Сенаторлар муҳокама якунлари бўйича 2018 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат Бюджетини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

 

Олий Мажлис Сенати материаллари асосида.

 

Курс валют

2018-01-16
  • USD:8146.38 (+7.38) сум
  • EUR:9965.47 (+177.51) сум
  • RUB:143.97 (+0.92) сум