Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzО чем говорит коэффициент разрыва по НДС Сколько инвентаризаций вы можете провести и сколько – обязаны Какой должен быть порядок проведения налогового контроля сделок при трансфертном ценообразовании Как компенсировать неиспользованные отпуска, если сотрудник не увольняется

2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун маъқулланди

16.12.2021

Читать на русском языке

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни муҳокама этилди.

 

Қонун билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари ҳамда 2023–2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда. Қонунда солиқ сиёсатига муҳим ўзгаришлар киритилган. Бунда ялпи ички маҳсулотда (ЯИМ) салмоқли улушга эга ишлаб чиқариш соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш назарда тутилган.

 

Жумладан, 2022 йилда мамлакатимиз ЯИМнинг ўсиш суръатлари 6,0%ни, шу жумладан, саноатда 7,0%ни, қурилиш соҳасида 8,1%ни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3%ни ташкил этиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3%и миқдорида белгиланмоқда.

 

Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида чет эл манбаларидан грант асосида ажратилган маблағларнинг биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилиши белгиланган миқдорларини ушбу Қонунга ўзгартириш киритмасдан кўпайтириш назарда тутилмоқда.

 

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 30,3%и даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8%и миқдорида белгиланмоқда.

 

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн сўм, харажатлари эса 58,7 трлн сўм миқдорида режалаштирилган. Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм йўналтириш белгиланмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

 

Хусусан, ҚҚСнинг яхлит занжирини таъминлаш ҳамда маҳсулот (хизматлар) таннархи ва фойда суммасини ҳисоблашда хатоликларнинг олдини олиш мақсадида бюджет ташкилотларидан ташқари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳам ҚҚС объекти сифатида белгиланмоқда.

 

Тадбиркорлик субъектларини асосий воситалар ва асбоб ускуналарни доимий янгилашга рағбатлантириш учун солиқ мақсадларида асосий воситаларни қайта тиклашга ҳисобланадиган амортизация ажратмалари нормалари миқдорларининг оширилиши белгиланмоқда.

 

Президентнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 13 июлдаги Фармони талабларидан келиб чиқиб, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган.

 

Шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, товар ва маҳсулот кузатишнинг тўлиқ тизимини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ҳисобварақ-фактура ёки назорат-касса техникаси чекларида хўжалик юритувчи субъект амалга оширадиган фаолият тури ва хусусияти ёки харид қилинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмайдиган идентификация кодларини акс эттириш ҳолатлари бўйича жарима белгиланмоқда.

 

Ялпи мажлисда “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси, “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш тизими жорий этилди. Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини шакллантириш ва уларни ижро этиш тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш тизими жорий этилмоқда.

 

Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, у Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича эса тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига хулоса тақдим этиши белгиланмоқда.

 

Мажлисда “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

 

Қонун трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарини олиш шартларини белгилаб беради.

 

Қонуннинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдиришга имкон яратади. Бундан ташқари, Қонун, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади.

 

Сенаторлар “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни ҳам муҳокама қилдилар.

 

Ушбу вазифа ва ваколатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида янги Қонун билан “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ҳамда “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

 

Махсус ваколатли давлат органи сифатида Ёшлар ишлари агентлигига ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этиш, ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф қилиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатлари берилмоқда.

 

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари махсус ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилиши қонунан мустаҳкамланмоқда.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш институти такомиллаштирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ялпи мажлисда кўриб чиқилди.

 

Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат бериш таклифи билдирилган эди.

 

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятларларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорлар манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.