Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

22 мартдан ҳисобварақ-фактурада ИФУТни кўрсатамиз

24.03.2017

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 21.02.2017 йилдаги 16, 2017-07-сон қарори (АВ рўйхат рақами 2439-4, 2017 йил 14 март) билан солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартиришлар 2017 йил учун тақдим этиладиган солиқ ҳисоб-китобларига тааллуқли. 2016 йил учун солиқ ҳисоботи 2016 йилда амалда бўлган шакллар бўйича тақдим этилиши даркор.

 

Солиқ ҳисоботларидаги ўзгаришлар асосан Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон Қарорининг 15-банди билан боғлиқ. Чунки 2017 йилдан эътиборан алоҳида бўлинмаларга эга бўлган (мустақил солиқ тўловчи бўлмаган) юридик шахслар ушбу алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича улар учун солиқ тўлашлари даркор. Масалан, агар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган юридик шахс Самарқанд шаҳрида алоҳида бўлинмага эга бўлса, у мазкур бўлинма бўйича тегишли солиқларни Самарқанд шаҳри бюджетига тўлаши даркор. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги 105-сон Қарори билан махсус Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

 

Алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича қуйидаги солиқларни тўлаш назарда тутилган: фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ЖШДС, ҚҚС, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, ЯСТ.

 

Мазкур турдаги солиқларни тўлаш билан бирга юридик шахслар улар учун  алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича солиқ органларига солиқ ҳисоб-китобларини ҳам тақдим этишлари даркор. Шу муносабат билан ушбу турдаги солиқлар бўйича солиқ ҳисоботлари шаклларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

 

Шунингдек, 27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун асосида Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар муносабати билан солиқ ҳисоботларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.

 

Иқтисодий фаолият турларининг халқаро таснифлагичига ўтилиши муносабати билан (Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2016 йилдаги 275-сон Қарори асосида) солиқ ҳисоботи шаклларида юридик шахснинг асосий фаолият турида ХХТУТ коди ўрнига энди ИФУТ  коди акс эттирилиши даркор.

 

Хусусан, солиқ ҳисоботига солиқларнинг қуйидаги турлари бўйича ўзгартиришлар киритилди:

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китоби  

 

1) Алоҳида бўлинмаларга эга бўлган юридик шахслар Ҳисоб-китобда ҳисобот даври учун ҳисобланган солиқ суммасини солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича алоҳида ва алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича алоҳида акс эттиришлари керак.

 

Шу муносабат билан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича Ҳисоб-китоб қуйидаги мазмундаги 221- ва 222-сатрлар билан тўлдирилди:

 

солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича (220-сатр - 222-сатр)

221

алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича (Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммаларини ҳисоб-китобидан келиб чиқиб)

222

 

Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича Ҳисоб-китоб қуйидаги мазмундаги 291- ва 292-сатрлар билан тўлдирилди:

 

солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича (290-сатр - 292-сатр)

291

алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича (Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиги, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи сум- маларини ҳисоб-китобидан келиб чиқиб)

292

 

Алоҳида бўлинмаларга эга бўлган юридик шахс солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этишда алоҳида бўлинмага тўғри келадиган фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммалари Ҳисоб-китобининг кўчирма нусхасини Ҳисоб-китобга илова қилишлари даркор. Бу ҳақда 5-банд остида Ҳисоб-китобга қўшимча қайдлар киритилди.

 

2) Солиқ кодексининг 126-моддасига киритилган қўшимчалар нотижорат ташкилотларнинг СКнинг 132-моддасида кўрсатилган бошқа даромадларига тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар сифатида қаралмаслигига аниқлик киритган. Бироқ мол-мулкни оператив ва молиявий фойдаланишга беришдан тушган даромадлар ҳамда роялти кўринишидаги даромадлардан улар фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашлари шарт.

 

Шу муносабат билан, 8-илова «Нотижорат ташкилотларнинг бошқа даромадлари» роялти кўринишидаги даромадлар акс этадиган 150-сатр ва товарларни (ишлар хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган бошқа даромадлар акс этадиган 160-сатр билан тўлдирилди.

 

3) Солиқ кодексининг 155-моддасига киритилган ўзгартиришлар норезидентларнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган барча турдаги даромадларига солиқ солиш соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларини қўллашни кўзда тутади. Солиқ ставкасини тушириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун солиқ органларига мурожаат этиш талаб этилмайди. Ўзбекистон Республикаси билан халқаро битимга эга бўлган хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган резидентлик бўлишнинг ўзи  кифоя.

 

Шу мунорсабат билан «Норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий муассаса орқали фаолияти билан боғлиқ бўлмаган даромадини юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан (тўлиқ ёки қисман) озод қилиш тўғрисида ариза» ва «Норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий муассаса орқали фаолияти билан боғлиқ бўлмаган даромадидан Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасаси томонидан тўланган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини қайтариш тўғрисида ариза» фойда солиғи ҳисоботи шаклидан чиқариб ташланди.

 

Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби

 

1) Ҳисоб-китобда бюджетга тўланиши (камайтирилиши) лозим бўлган ҚҚС суммаси солиқ бўйича ҳисобга олиш жойига тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳамда алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича тўғри келадиган ҚҚС суммасига бўлинади. Шу муносабат билан Ҳисоб-китоб қуйидаги сатрлар билан тўлдирилди:

 

солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича (050-сатр - 0502-сатр)

0501

алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича (Алоҳида бўлинмага тўгри келадиган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоб-китобидан келиб чиқиб)*

0502

 

Шунингдек, қуйидаги мазмундаги изоҳ билан тўлдирилди:

«Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоб-китобининг кўчирма нусхалари ушбу Ҳисоб-китобга илова қилинади».

 

2) Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига ҳам узоқ кутилган ўзгаришлар киритилди. Энди ҳисобварақ-фактураларда юридик шахснинг асосий фаолият турида ХХТУТ кодлари ўрнига ИФУТ кодлари акс эттирилади. Ўзгартиришлар расман эълон қилинди ва 2017 йилнинг 22 мартидан кучга кирди. Шу санадан бошлаб, юридик шахслар ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда ҳам ўз ташкилотлари, ҳам харидор (буюртмачи) бўлган юридик шахснинг ИФУТ кодини мажбурий тартибда кўрсатишлари шарт.

 

Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби

 

Солиқ кодексининг 355-моддасига киритилган ўзгартиришлар асосида нафақат текин берилган товарлар, балки бажарилган ишлар ва хизматлар ҳам ЯСТ солинади, ЯСТ Ҳисоб-китобида (025-сатр) “Товарларни таннархидан паст нархларда реализация қилишдан ва текинга беришдан кўрилган зарарлар” деган сўзлар «(ишларни, хизматларни)» сўзлари билан тўлдирилди. Бунга мувофиқ тўлдиришлар ЯСТ Ҳисоб-китобидаги изоҳларга ҳам киритилди.

 

Алоҳида бўлинмаларга эга бўлган юридик шахслар ЯСТ суммасини солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича алоҳида ва алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича алоҳида акс эттиришлари керак бўлади.

 

Шу муносабат билан Ҳисоб-китоб қуйидаги мазмундаги 190- ва 200-сатрлар билан тўлдирилган:

 

Солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича ҳисобот даври учун тўланиши лозим бўлган ягона солиқ тўлови суммаси

(180-сатр — 200-сатр)

190

х

х

х

х

х

х


Алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича ҳисобот даври учун тўланиши лозим бўлган ягона солиқ тўлови суммаси (Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобидан келиб чиқиб)

200

х

х

х

х

х

х


 

ЖШДС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ҳисоботи шакллари.

 

Гарчи алоҳида бўлинмаларга эга бўлган юридик шахслар мазкур солиқлар суммасини солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича алоҳида ва алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича алоҳида акс эттиришлари керак экан, ушбу солиқ турлари бўйича ҳисоб-китобларда «Юридик шахснинг жойлашган ери» деган сўзлар «Юридик шахснинг жойлашган ери (алоҳида бўлинманинг жойлашган ери)» деган сўзлар билан алмаштирилди.

 

«(солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органи)» деган сўзлар эса «(солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги (алоҳида бўлинманинг жойлашган еридаги) давлат солиқ хизмати органи)» сўзларига алмаштирилди.

 

ЯИТ ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи шакллари.

 

Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ–2699-сон Қарорининг 28-бандига мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ташкилотлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам нормативларини аниқлаш тартиби ўз кучини йўқотди.

 

Шу муносабат билан чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ташкилотларида ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳақидаги Маълумотнома-ҳисоб-китоб солиқ ҳисоботи шаклларидан чиқарилди.

 

Энди ушбу фаолият соҳалари корхоналари белгиланган тартибда ходимларнинг амалдаги сони ва улар ишлаган кунлардан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган Ягона ижтимоий тўловнинг минимал миқдори Маълумотнома-ҳисоб-китобини (Ҳисоб-китобга 3-илова)  тақдим этишлари даркор (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга мувофиқ).

 

Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўйича Ҳисоб-китоб

 

Солиқ кодексининг 347-моддаси бешинчи қисми чиқариб ташланди ва 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлаш йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгаришидан қатъи назар йил бошига ўрнатилган ЭКИҲдан келиб чиқиб амалга оширилади Шу муносабат билан Ҳисоб-китобга изоҳларнинг 2-бандидаги «ва энг кам иш ҳақи миқдоридан» сўзлари чиқариб ташланди.

 

Музаффар Мирзағаниев, 

экспертимиз.

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_