10 сентябрдан телекоммуникация тармоқларини 9 хонали телефон рақамлари тизимига ўтказиш бошланди, бу жараён 2018 йилнинг охирида якунига етади, дея хабар берди Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги.
Биринчи навбатда бу Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида амалга оширилади. Ишлар бу ерда 10 сентябрдан 30 сентябрга қадар давом этади.
Бу - муҳим! 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги телефон рақамлари учун фақат 9 хонали телефон рақамларини териш керак бўлади. Бу ўринда тезкор хизматларни чақириш тартиби, 4 хонали қисқа рақамларни, шунингдек халқаро форматдаги рақамларни (+998-ххххххххх) териш тартиби ўзгармади!!!
Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида 9 хонали рақамли тизимга ўтиш алоҳида жадвал бўйича амалга оширилади ва бу ҳақда қўшимча маълум қилинади.
Рақамлар нотўғри терилганда бу ҳақда огоҳлантирувчи овоз «Ҳурматли абонент, 9 хонали телефон рақамли тизимга ўтиш муносабати билан абонент рақамини оператор коди билан теришингизни сўраймиз» деб хабар беради. Бундан ташқари, 1192 қисқа рақами орқали абонентларни туну кун техник қўллаб-қувватлаш хизмати фаолият кўрсатади.
Телефон рақами қайси операторга ёки минтақага тегишли эканлигини www.rtmc.uz сайтида «Интерактив хизматлар» бўлимидан, шунингдек @uztbmbot телеграмм боти ёрдамида аниқлаш мумкин.