Президентнинг 2.05.2017 йилдаги “2017 йил 6 май шанба дам олиш кунини 2017 йил 8 май душанба кунига кўчириш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.
ЎзАда жойлаштирилган ҳужжат матнига кўра, 6 май шанба дам олиш куни душанбага кўчирилди. Натижада 6 май шанба иш куни, 8 май душанба эса дам олиш куни бўлди.
Шарҳ:
Қайд қиламизки, мазкур Қарор корхона, ташкилот ва муассасаларнинг (кейинги ўринларда – корхона) локал ҳужжатларига (масалан, ички меҳнат тартиботи қоидалари, жамоа шартномаси ва ҳ.к.) мувофиқ 5-кунлик иш ҳафтаси ўрнатилган ҳамда шанба дам олиш куни ҳисобланадиган корхоналарга қўлланилади.
Меҳнат вазирлиги олдинги шунга ўхшаш иш кунини кўчиришга биноан тушунтиришича, 5-кунлик иш ҳафтасида банд бўлган ҳамда шанба ва якшанба дам олиш куни ҳисобланадиган ходимлар учун ўрнатилган иш вақти меъёри1 1 соатга ошади. Бу шу билан асосланадики, шанба бевосита байрам арафаси ҳисобланмайди ва тегишинча Меҳнат кодекси 121-моддасининг амал қилиш соҳасига тушмайди. Бинобарин, шанба куни иш вақти 1 (бир) соатга қисқармайди.
Ҳафтада 6 кун ишлайдиган юридик шахслар иш жадвалида битта дам олиш куни – якшанба билан ҳеч нарса ўзгармайди. Бу шуни англатадики, ушбу корхоналар ходимлари жадвал бўйича ишга ҳам шанба куни, ҳам душанба куни чиқишлари керак ҳамда ўрнатилган иш вақти меъёри уларда ўзгармайди.
Сабохат Султанова.
1 Жорий ойда, чоракда, йилда