Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2016 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Адлия органлари фаолияти тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган
Адлия органлари фаолияти тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган
31.01.2017
Адлия вазири М.Икромов бошқарган мажлисда адлия органлари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи кўплаб қонун ҳужжатларини тайёрлаш, амалда жорий этиш, бир хилда ва аниқ қўлланилишини таъминлаш борасида изчил фаолият олиб бораётгани таъкидланди. Тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг қонуний манфаатлари ҳимояси изчил таъминланмоқда. Фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи тузилмалар фаолиятини тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаётир.
2016 йилда 75 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 14 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2,5 мингдан ортиқ қонун ҳужжати лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 309 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатига олинди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга 6 мингдан ортиқ тақдимнома киритилиб, уларнинг мингдан зиёд ноқонуний қарори бекор қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Судларга киритилган 122 миллиард сўмга яқин даъво аризалари қаноатлантирилди. 2,2 мингдан зиёд фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланиб, уларда 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
Олиб борилган назорат ишлари натижасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган ноқонуний текширишлар 87 фоизга, текширишлар тартибини бузиш ҳолати 37 фоизга камайди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича Адлия вазирлигига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан “Ёшларга доир давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун қабул қилиниб, 2016 йил 15 сентябрда кучга кирди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида адлия органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шу жумладан, Президентнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Алам АКОБИРОВ,
Адлия вазирлиги Ахборот хизмати катта маслаҳатчиси
Мавзуга оид материаллар:
Адлия органларининг вазифаси – тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Хусусий бизнес сабабсиз текширилмайди
Тадбиркорлар ҳуқуқлари Адлия вазирлиги ҳимоясидадир