Адлия вазирлигининг сайтида малакали ва тажрибали юристлар томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳуқуқий мавзулардаги машғулотлар ўтказилиши ҳақида хабар берилди.
«Журналистика: ҳуқуқий амалиёт ва кўникмалар» деб номланган икки кунлик ўқув курслари қуйидаги модуллар асосида олиб борилади:
- ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари;
- журналистнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- ахборот олиш ва тарқатиш кафолатлари, ахборот тарқатишда инсон шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, жавобгарлик масалалари;
- қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, муҳокама қилиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш. Қонунчиликни шарҳлаш;
- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар, уларни нашрларда ёритиш;
- мурожаатлар билан ишлаш. Давлат хизматлари кўрсатиш масалалари;
- ҳуқуқий материалларни тайёрлашда журналистнинг юридик лексикадан фойдаланишига доир қоидалар;
- қонун ҳужжатлари электрон базалари билан ишлаш;
- журналист этикаси ва ахлоқий чегаралар;
- коррупцияга қарши курашишда таҳририят ходимларининг иштироки.
Дастлабки ўқув курслари февраль ойида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Кейинчалик курслар мунтазам олиб борилади.
Ушбу курсларда таҳсил олиш бепул. Хоҳловчилар қуйидаги манзилга мурожаат этишлари мумкин: targibot@minjust.gov.uz.
Курсларни тамомлаган тингловчиларга тегишли сертификатлар берилади.