Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzДва мнения о порядке выплаты компенсации за задержку выплаты дохода работникам Как уведомления по итогам автокамерала отличать от «неавтокамеральных» Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за апрель 2024 года Как работать с резервом по сомнительным долгам

Адвокатурадаги ислоҳот: долзарб масалаларни муҳокама қиламиз

23.05.2018

Читать на русском языке

Президентнинг 12.05.2018 йилдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сон Фармони (бундан кейин – Фармон) адвокатлар ўртасида жуда қизғин мунозараларни келтириб чиқарди.


Адвокатларнинг алоҳида лицензиялар асосида юридик ёрдам кўрсатишлари ҳақидаги шарт энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлди. Эслатиб ўтамиз, Фармонга биноан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатлар қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштиришлари мумкин.  



Шу муносабат билан қуйидаги саволлар юзага келади.

 

Адвокатлар мутахассислиги доирасида қандай йўналишлар жорий этилади?


Гап шундаки, ҳуқуқий ёрдам шартли равишда жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ёрдамга бўлинади. Адвокатлар билан ишонч билдирувчилар (ҳимоя остидагилар) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишувларни рўйхатдан ўтказиш китобида ҳатто «Ишнинг тури (жиноий, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий ёки бошқа)» устуни бор. Бу ерда у муайян шахсга қандай иш бўйича юридик ёрдам кўрсатгани тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.


«Бошқа» сўзига эътибор беринг. Адвокат амалиётида жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий (хўжалик) ишларидан ташқари «бошқа» ишлар ҳам бўлади. Адвокат ордерида бу ҳам кўрсатилган бўлади. Унда ордер маъмурий, жиноий, фуқаролик, хўжалик ёки бошқа иш бўйича (кераклисининг тагига чизилади) юридик ёрдам кўрсатиш учун берилганлиги акс эттирилади.   


Бошқа ишлар нима ўзи? Масалан, Мажбурий ижро бюросида ижро ишини юритиш доирасида адвокат ундирувчи ёки қарздорга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. ФҲДЁ, нотариал органлар, кадастр ёки солиқ хизмати, ҳокимлик ва бошқаларда юридик ёрдам кўрсатиши мумкин.


«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, адвокат судда, шунингдек бошқа давлат органларида вакилликни амалга ошириши мумкин. Шунингдек кўрсатилишича, адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир.

 

Мисол. Фуқаро квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома олиш учун манзил-маълумотнома бюроси ёки «Тошкент шаҳридаги турар жойларга доир давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» ДУКга сўровнома беришини сўраб адвокатга мурожаат қилди. Бундай юридик ёрдам «бошқа» ишларга киради.   



Шу сабабли айни пайтда кўп адвокатлар саросимага тушиб қолганлар: бу ишлар билан қандай шуғулланиш керак? Айнан қандай мутахассислик «бошқа» ишлар бўйича юридик ёрдам кўрсатиш имконини беради?


Айрим ҳолларда қандай: маъмурий ёки жиноий иш бўлиши олдиндан маълум бўлмайди. Масалан, икки киши муштлашган – терговгача текширув олиб борилмоқда, ҳали иш қўзғатилмаган. Иш жиноий ёки маъмурий тусда бўлиши кўп жиҳатдан суд-тиббий экспертиза натижаларига боғлиқ бўлади. Шунда қийинчилик юзага келиши мумкин.    

 

Масалан, «маъмурий ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича лицензияга эга бўлган адвокат билан шартнома тузилган, бироқ кейинчалик ишонч билдирувчига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳолда адвокат ишни юрита олмай, уни «ташлашга» мажбур бўладими? Шу сабабли, фикримизча, ушбу мутахассисликларни битта: «жиноий ва маъмурий ҳуқуқ»га бирлаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.  

 

Ташкилотларга юридик хизмат кўрсатиш сингари адвокатлик фаолиятининг тури янги қоидаларда қандай тартибга солинади?

 

Гап шундаки, кўп адвокатлар ҳар хил юридик ёрдам турлари билан шуғулланиб, ташкилотларга юридик хизмат ҳам кўрсатадилар. Бу ҳолда қандай йўл тутиш лозим?

 

Фикримизча, ҳар қандай адвокат юридик хизмат кўрсатиш билан, шунингдек барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда унга мурожаат қилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этган ҳолда «бошқа» ишлар билан шуғулланиши мумкин. Бундай адвокатлар битта лицензия асосида (масалан, фуқаролик ёки жиноий ишлар бўйича) юридик хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғуллана оладиларми? Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ. 

 

Битта мутахассислик бўйича лицензия олган адвокат кейинчалик бошқа турдаги юридик ёрдамга лицензияларни ҳам олиши мумкинми?

 

Бу энг асосий масала. Зеро айни пайтда аксарият адвокатлар бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги ишлар билан шуғулланадилар. Агар уларнинг фақат бир турдаги юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи қолдирилса, бу моддий ва маънавий аҳволларига жиддий таъсир кўрсатади.


Эслатиб ўтамиз, кўп адвокатлар икки марта имтиҳон топшириб, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензияларни олганлар. Бунда иккала ҳолда ҳам муддатсиз лицензиялар берилган. 2009 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида фаолият юритаётган адвокатлар малака имтиҳонларини қайта топширдилар ҳамда янги лицензия ва гувоҳномалар олдилар, ўша пайтда фаолият юритувчи адвокатлик тузилмалари эса қайта рўйхатдан ўтдилар.  


Ҳозир амалиёт юритувчи адвокатлар Адвокатлар палатаси Адлия вазирлиги билан биргаликда уларни қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда улар танлаган барча мутахассисликлар бўйича лицензияларини қайта расмийлаштиришларига умид боғламоқдалар. Яъни адвокат ҳам фуқаролик, ҳам жиноий, ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий ишлар билан шуғулланишини кўрсатса, тегишинча, унга адвокатлик амалиётининг ушбу барча турлари билан шуғулланишига рухсат берадилар. Акс ҳолда ҳеч учрамаган ҳолат юзага келади. Масалан, адвокат кўп йиллардан бери турли ишларни олиб келган, унга эса айнан биронтасини танлаш вазифасини қўядилар. 


1 июлдан кейин адвокат мақомини ва битта мутахассислик бўйича лицензияни оладиган шахсларга аттестациядан ўтиш ва бошқа мутахассисликлар бўйича лицензиялар олишга рухсат берсалар, оқилона йўл тутилган бўлади. Адвокат ҳар хил тоифадаги ишлар билан шуғулланишни истаса, асосийси, бунинг уддасидан чиқса, барча йўналишлар бўйича ишлайверсин. Зеро у олий таълим муассасасида ҳуқуқнинг барча соҳаларини ўрганади, бу ҳақда тегишли диплом олади. Адвокат ҳам, ҳар қандай фуқаро сингари, ўз малакасини ошириш ва мутахассислиги доирасини кенгайтиришга ҳақли.  

Моҳиятан олганда, принципи таклиф этилмоқда, сабаби ўзгача ёндашув («битта адвокат – битта мутахассислик») амалдаги қонунчиликка ҳам, шаклланган амалиётга ҳам зид келади. Чунончи, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун юридик ёрдам сўраб ўзи хоҳлаган ҳар қандай адвокатга мурожаат қилишга ҳақлидир. Яъни «битта адвокат – битта мутахассислик» принципининг жорий этилиши адвокатлик фаолиятининг амалдаги кафолатларига зид бўлиб, адвокатларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини чеклаб қўяди.


    
Таҳририятдан: яқинда Адлия вазирлиги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией» фейсбук-гуруҳида мурожаат эълон қилди. Унда қайд этилишича, «…адвокатлик лицензияси битта бўлиб, унда турли мутахассисликлар кўрсатилади, фаолият юритаётган адвокатлар эса мутахассисликнинг барча турлари бўйича ўз фаолиятларини давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар». Айни пайтда Фармонга биноан фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар.

 

Яқин орада барча низоли масалалар ҳал этилиб, бир тўхтамга келишларига умид билдириб қоламиз.

 

Ленара Хикматова.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах