Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди

27.04.2021

Читать на русском языке

Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Мазкур қарор инфляция даражасини пасайтириш ва иқтисодиётнинг тикланиб бориши шароитида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, шунингдек ташқи бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши бўйича хатарлар фонида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи динамикасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди.

 

Товар-хом ашё биржасидаги операциялар ҳажми, банклараро транзакциялар, савдо ва пуллик хизмат кўрсатишдан тушумлар ўзгаришлари асосида ҳисоблаб чиқиладиган иқтисодий фаоллик индикаторининг барча компонентлари март ойида сезиларли даражада тикланди.  


2021 йил I чорагида ЯИМ ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 3%га ўсди. Шу жумладан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 3,8%га, қишлоқ хўжалиги – 3,1%га, хизматлар – 5,8%га ва қурилиш ишлари – 0,5%га ошди. Шунингдек ушбу даврда чакана савдо айланмасида 2,8%лик ўсиш кузатилди.


Февраль ойидаги бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари иш ҳақи ҳамда стипендияларининг оширилиши, марказлашмаган манбалар ҳисобидан инвестициялар ва кредитлар ҳажмининг ўсиши иқтисодиётда ялпи талабни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди. 


Хусусан, I давомида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 35,6 трлн сўмни ташкил этди. Бунда марказлашмаган манбалар ҳисобидан инвестициялар ҳажми 31,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,6%га ўсди.


2021 йилнинг январь-март ойларида тижорат банклари томонидан иқтисодиётга 32,9 трлн сўмлик, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11% кўп кредитлар ажратилди.

 

Ташқи иқтисодий шароитлар

   

Жаҳонда иқтисодий фаолликнинг тикланиб бориши асосий биржа товарлари нархларини ўзгаришида ҳам ўз аксини топмоқда. Хом ашё маҳсулотлари нархларидаги ўсиш динамикаси жорий йилнинг I чорагида товарлар экспорти ҳажмининг (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25%га  ўсишига хизмат қилди. Бунда рангли металлар экспорти 58%га, текстил маҳсулотлари – 38%га ва кимё маҳсулотлари – 21%га ошди.

   

Жорий йилнинг дастлабки уч ойида трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31%га ўсиб, 1,4 млрд долларни ташкил этди.

   

Ушбу тенденциялар ички валюта бозорининг барқарорлигига хизмат қилди ва 2021 йил 1 апрель ҳолатига миллий валюта алмашув курсининг йил бошидан девальвацияси 0,2%ни ташкил этди.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмалар 

 

Жорий йилнинг март ойида йиллик инфляция даражаси 10,9%ни ташкил этиб, январь ойидаги кўрсаткичдан 0,7 фоиз бандга пасайди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 13,9%ни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича (5,8 фоиз банд) сақланиб қолмоқда.


Бирламчи аҳамиятга эга бўлган асосий истеъмол товарлари нархларининг юқори суръатларда ошиши ички бозорлардаги рақобат шароитлари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг чекланганлиги каби омиллар билан изоҳланади.


Ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиши мос равишда 8,8% ва 8,4%ни ташкил этиб, ушбу гуруҳлар умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатмоқда.


Жорий йил март ойи якунлари бўйича базавий инфляция (умумий инфляциядан мавсумий ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташланган) 11,6%ни ташкил этди ва умумий инфляциядан бироз юқори бўлди. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётда инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат беради.


Йил бошидан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилаётган бўлсада, жорий инфляция кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори шаклланмоқда. Хусусан, март ойида келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,5%ни, тадбиркорлик субъектлариники эса 15,9%ни ташкил этди.


Умуман олганда, инфляцион кутилмалар даражасининг босқичма-босқич пасайиб, 2020 йилнинг бошидаги кўрсаткичларга яқинлашаётганлиги, кутилмаларда ўтган йилги пандемия билан боғлиқ оширувчи таъсирлар ролини камаяётганлигини билдиради. Ўз навбатида, ўсимлик ёғи ва шакар нархларида кузатилаётган жорий тенденциялар инфляцион кутилмаларни оширувчи омил бўлиши мумкин.

 

Пул-кредит шароитлари 

 

2021 йилнинг январь-март ойларида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари шаклланди. Пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 14,4% ёки реал ҳисобда 3%лик ижобий даражада бўлди. Uzonia индекси ҳам I чорак давомида тўлиқ асосий ставка фоиз коридори доирасида шаклланди. 


Муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларнинг 2020 йил декабрь ойидаги 14,8%дан 2021 йил март ойида 17,8%гача ўсиши, I чоракда муддатли депозитлар ҳажмининг 10,5%га, жумладан жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларини 13,8%га ошишига хизмат қилди.  


Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 21,4%ни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 фоиз бандга пасайган ҳолда 2020 йил декабрь ойи кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланди.

 

Прогноз ва хатарлар 

 

2021 йилда ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган 4,5-5,5% доирасида бўлиши кутилмоқда. Бунда I чорак якунларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ўсиш суръатлари ушбу прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин бўлиши кўрсатилмоқда.


Қуйидагилар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омиллардан бўлади:

  • иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши;
  • пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз қолиши;
  • тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишининг жадаллашиши.

 

Тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилиши кўзда тутилаётган кредитлар ҳудудларда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурлари доирасида йўналтириладиган маблағлар қурилиш соҳасини ва унга туташ тармоқларни рағбатлантирувчи омил бўлади.

 

Иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши молиявий барқарорлик кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмайди.  


Марказий банк 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг 9-10% даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.


Озиқ-овқат нархлари динамикаси бўйича хатарларнинг ошиб бориши шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш бўйича ягона давлат стратегияси, импорт бозорларини диверсификация қилиш, импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш ва транспорт харажатларини камайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини беради.


Мева, сабзавот ва озуқа-ем маҳсулотлари ҳажмларини ошириш ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонларини ҳамда сув ресурслари ажратилиши келгусида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мувозанатлашишига хизмат қилади.


Умуман олганда, ички ва ташқи омиллар таъсирида инфляцияни оширувчи хатарларнинг кутилганидан узоқроқ муддат сақланиб қолиши жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда.


Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2021 йил 10 июнга белгиланган. 


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_