Цехни инвентарлаш жараёнида ҳисобга олинмаган асосий воситалар аниқланди. Ушбу вазиятни бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттиришни ва солиқ оқибатларини buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:
- Ҳар йили ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тузишдан олдин инвентарлашни ўтказадилар, унда моддий қимматликларнинг камомади каби ортиқча чиққани ҳам аниқланиши мумкин.
Асосий воситаларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бутлигини назорат қилиш мақсадида 2 йилда камида бир марта уларни инвентарлаш ўтказилади, кутубхона фондлари эса – 5 йилда бир марта инвентарланади. Уни ўтказиш тартиби ва муддатлари корхонанинг бухгалтерия ҳисоби сиёсатида акс эттирилган бўлиши керак.
Ҳисобга қабул қилинмаган объектлар, шунингдек, ҳисоб регистрларида уларни тавсифлайдиган маълумотлар бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар кўрсатилган объектлар аниқланган тақдирда инвентарлаш комиссияси баённома тузган ҳолда инвентарлаш рўйхатига ана шу объектлар бўйича етишмайдиган ёки тўғри маълумотларни ва техник кўрсаткичларни киритиши керак.
Инвентарлаш комиссиясининг хулосаси (инвентарлаш рўйхати, солиштириш қайдномаси, баённома) асосида бухгалтерия ҳисобга олинмаган асосий восита бўйича ҳужжатни – кирим юкхатини расмийлаштиради.
Шунингдек, инвентарлаш комиссияси айбдор шахслар ва АВ объекти корхонанинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмаганлиги сабабларини аниқлаши керак.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.