Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Автога «чиройли» рақам: 5 та муаммоли вазиятда ундан айрилиб қолмаслик усуллари

22.02.2018

 

Машинага ўзи истаган давлат рўйхатидан ўтказиш рақамини (кейинги ўринларда – рақам) олиш учун фуқаролар махсус онлайн-аукционда рекорд даражадаги суммаларни сарфлашмоқда. Бундай инвестициялар ҳуқуқий нуқтаи назардан хавфсиз ёки йўқлигига аниқлик киритамиз.

 

Эслатиб ўтамиз, рақамлар турига қараб 3 усулда берилади:

  • «содда» («оддий») рақамлар – қатъий тартиб бўйича (рақамларнинг ўсиб бориш тартибига мувофиқ);
  • махсус рўйхатга киритилган «чиройли» рақамлар – махсус онлайн-аукцион орқали (бошланғич нархи ЭКИҲнинг 35 дан 130 бараваригача);
  • «ўзингга тузиб ол» туридаги рақамлар (яъни «чиройли» рақамлар рўйхатига киритилмаган ҳарф ва рақамларнинг исталган комбинацияси билан) – ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмаларига ариза бўйича оширилган ставка бўйича тўлов билан (ЭКИҲнинг 150 баравари).

 

Рақамларни олиш тартиби сайтимизда илгари ёритилган эди. Шу сабабли юқорида айтилганидек, рақам эгалари ундан айрилиб қолиш хавфи вужудга келиши мумкин бўлган вазиятларни муҳокама этамиз.

 

Бу - муҳим!  Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 27-бандида ҳар қандай рақам автотранспорт воситаси эгасининг мулки ҳисобланмасдан, улардан қатъиян мақсадли фойдаланилиши учун унга тақдим этилади, деб аниқ ва тушунарли ёзиб қўйилганини инобатга олинг. Яъни, катта пул сарфлаб ҳам ҳеч ким рақамни ўз мол-мулкидек эркин тасарруф қилишга ҳақли эмас.

 

Бироқ давлат рақам сақланишининг қатор кафолатларни тақдим этган.

 

Машина сотилганда (ҳадя қилинганда, алмаштирилганда)

 

Агар автомобиль сотилган бўлса, унинг олдинги ва янги эгаси «чиройли» рақам ёки «ўзингга тузиб ол» туридаги рақам қай бирларида қолишини ҳал этиб олишлари керак бўлади. «Содда» рақамлар машина билан бирга янги эгасига ўтади ёки йўқ қилинади.

 

«Чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамининг олдинги эгаси устуворликка эга, яъни ДЙҲХХга мазкур рақамни ўзида сақлаб қолиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиши мумкин. Рақамнинг олдинги эгаси уни бошқа автога ўрнатгунига қадар  ДЙҲХХ уни ўзида бепул сақлайди. Аммо рақам 12 ой ичида талаб қилиб олинмаган тақдирда олдинги эгасининг ҳуқуқлари бекор қилинади.

 

Рақам автонинг олдинги эгаси учун сақланмаган тақдирда унинг янги эгаси рақамни олиши мумкин бўлади. Бунинг учун ҳам ариза топшириш талаб этилади.

 

Бу - муҳим!

 

Ушбу материал чоп этилганидан кейин биз билан ДЙҲХХ вакиллари боғланган. Улар таъқидлашича, Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомниг 30-бандида назарда тутилмаган ҳолатларда «чиройли» ва «ўзингга тузиб ол» рақамлари автотранспортнинг янги эгаларига ўтмайди. Шунинг учун муаллифнинг юқорида кўрсатилган хулосалари ва қуйида келтирилган айрим фикрлари мунозаралидир. Улардан тўғридан-тўғри фойдаланиш тавсия этилмайди.

 

Авто бошқа ҳудудга сотилган тақдирда, агар унинг олдинги эгаси рақамни ўзида сақлаб қолиш тўғрисида ариза топширмаган бўлса, рақам янги рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича шунчаки йўқ қилинади. Ушбу рақам янги савдолар учун қайтадан тайёрланиши мумкин.

 

Рақам эгаси уни бошқа шахсга сотиш (ҳадя қилиш)ни хоҳлаган тақдирда

 

«Чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» туридаги рақамни автомобилдан алоҳида сотиш мумкин эмас, чунки у ҳар доим давлат мулкида қолади. Бироқ техник жиҳатдан рақамнинг ўзини яқин қариндошларга алоҳида бериш мумкин. Бунинг учун:

1) автомобилни сотиш (ҳадя қилиш, алмаштириш);

2) ДЙҲХХга рақамни олдинги эгасида сақлаб қолиш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш;

3) рақамни яқин қариндошга (ота-она, туғишган ва тутинган ака-ука, опа-сингил, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан, асраб олинган, бува, буви, набира, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва тутинган ака-ука ва опа-сингиллари) ёки биргаликдаги мулк ҳуқуқига эга шахсга (одатда, эр ёки хотин) бериш илтимоси билан ДЙҲХХга ариза билан мурожаат этиш зарур. Бунда мазкур рақам қайси автомобилга ўрнатилишини кўрсатиб ўтиш талаб этилади.

 

Изоҳ: юридик шахсдан «чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамлари фақат қуйидагиларга рўйхатдан ўтказиладиган (ўтказилган) автотранспорт воситасига берилиши мумкин:

  • ўша юридик шахснинг  номига – автотранспорт воситасининг олдинги эгаси томонидан;
  • унинг ҳуқуқий вориси номига (номини ўзгартириш, бирлаштириш, қўшиб юбориш, бўлиш, ажратиб чиқариш ёки юридик шахсни қайта тузиш);
  • бошқа юридик шахс номига – автонинг олдинги эгасининг иштирокчиси (муассиси, аъзоси) томонидан;
  • машинанинг олдинги эгаси иштирокчи (муассис, аъзо) бўлган бошқа юридик шахс номига.

 

Авто билан бирга «сотиш» варианти: Рақам сотувчиси арзонроқ нархдаги автомобилни сотиб олади, ДЙҲХХга тегишли аризани топшириш йўли билан унга «чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамини ўрнатади. Шундан кейин арзон автомобиль қимматбаҳо рақам билан бирга сотилади (ҳадя қилинади ва ҳ.к). Автомобилни ДЙҲХХда расмийлаштирганда транспорт воситасининг янги эгаси рақамни ўзида сақлаб қолиш тўғрисида ариза топширади. Сўнгра, расмийлаштирилгандан кейин рақамни бошқа автога қайта ўрнатиш тўғрисида навбатдаги ариза топширилади. Югур-югур ва сарф-харажатлар кўп, аммо бу йўл мақсадга элтади.

 

Бу - муҳим! Рақамни бериш машина билан боғлиқ расмий битимлардан «тушириб қолдирилиши» боис, тарафлар ўртасида олдинги эгаси муайян сумма эвазига рақамга бўлган ҳуқуқдан воз кечиши тўғрисида алоҳида келишув (ёки тилхат) тузишни тавсия қиламиз. Бу ернинг ўзида пул автонинг олдинги эгасига топширилганлиги ва у қабул қилиб олганини кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳар иккала тарафни мажбуриятлар бузилиши хавфидан сақлайди.

 

Рақамга зиён етганда

 

«Чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамига зарар етган тақдирда ДЙҲХХ ҳудудий органлари автотранспорт воситасининг рўйхатга олиш маълумотлари асосида унинг дубликати берилишини таъминлайди. Дубликатлар ДЙҲХХ ҳудудий органи буюртмасига биноан тайёрланади. Дубликатлар олингунга қадар даврда илгари фойдаланилган яроқли рақамлар тегишли ҳақ ундирилмасдан берилиши мумкин.

 

Дубликат берилганлиги учун «содда» рақам учун тўловнинг ярим ставкасини тўлашга тўғри келади. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгартиришларга биноан ушбу таомил 8 кунгача бўлган муддатни ўз ичига олади. 

 

Рақам ўғирланганда ёки йўқотиб қўйилганда

 

Йўқотилган ёки ўғирланган ҳар қандай, шу жумладан, «чиройли» ва «ўзингга тузиб ол» рақамлари учун уларнинг дубликатларини беришга йўл қўйилмайди. Фақатгина уларни топиб олишларига умид қилиш мумкин. Топилганида – унинг эгаси аризасига кўра қайтаришади.

 

Машина ўғирланганда ёки олиб қочилганда ҳам шундай тартиб қўлланилади.

 

Эгаси вафот этганда

 

Автомобиль эгасининг ворислари меросга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни (қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, васиятнома) тақдим этган тақдирда мерос қолдирувчининг «чиройли» ёки «ўзингга тузиб ол» рақамини олишга ҳақли бўладилар.

 

Самир Латипов.

 

Курс валют

2018-09-25
  • USD:8079.28 (+40.28) сум
  • EUR:9492.35 (+144.60) сум
  • RUB:121.46 (+3.41) сум