Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Автомобилни харидини охиригача расмийлаштир

01.04.2016

Юридик шахсдан автотранспорт воситасини харид қилиб, харидор барча зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни пайсалга солди, оқибатда сотувчи кўрган зарарларни қоплайдиган бўлди.

 

Адвокат амалиётидан: 2014 йилда МЧЖ жисмоний шахсга нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан юк машинасини сотди. Бироқ ҳозирги вақтгача харидор  автомобилни ДЙҲХХ органларида ҳисобдан чиқармаган ҳамда юк машинаси ҳамон МЧЖ балансида асосий восита сифатида ҳисобда туради.

 

Айтингчи, ушбу вазиятда қандай йўл тутайлик? МЧЖ 2 йил ўтгандан кейин автомобилни ҳисобдан чиқаришга ҳақлими?

 

Қайд қилиш жоизки, амалдаги қонунчиликда1 автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган, юк машинаси шулар жумласига киради. Шунинг учун уни сотиш тўғрисидаги шартнома шакли  қонун (“Автомобиль транспорти тўғрисида” 29.08.1998 йилдаги 674-I-сон Қонуннинг 6-моддаси) талабларига жавоб бериши керак. Бундан ташқари, битимни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги талабга риоя этмаслик  унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди2.

 

Демак, Вазирлар Маҳкамасининг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарорига мувофиқ юк машинаси шартнома нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича мудофаа ишлари ва ДЙҲХХ органларида ҳисобдан чиқарилиши лозим эди. Кейин мазкур транспорт харидор номига рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг яшаш жойидаги мудофаа ишлари ва ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши лозим бўлган3.

 

Бунда  ДЙҲХХ органларига мурожаат қилиш мажбурияти харидор (сотиб олувчи) зиммасига юклатилади4.

 

Юқорида таърифланган вазиятда нима қилиш зарур? Юк автомобили харидори ҳақиқатан ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганини эътиборга олиб ҳамда даъво муддати ҳали ўтмаганлигини ҳисобга олган ҳолда МЧЖ харидорнинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво билан мурожаат қилишини тавсия қиламиз. Даъвода нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномасини харидор номига рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб кўрсатилсин. Бу ҳолатда юк автомобилини мудофаа ишлари ва ДЙҲХХ органларида ҳисобдан чиқариш ҳамда уни қайта рўйхатдан ўтказиш суд қарори асосида амалга оширилади.

 

Бундан ташқари, шартномани давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз равишда бўйин товлаш юк машинасини ҳисобдан чиқариш ва қайта рўйхатдан ўтказишни кечиктириш сабабли юзага келган сотувчи зарарларини қоплаш бўйича харидор мажбуриятларига сабаб бўлади. Зарарлар таркибига, хусусан, ҳақиқий зарарларни (ижарага олинган гаражда  сақлаш бўйича, техник хизмат кўрсатиш харажатлари, эҳтиёт қисмларни таъмирлаш ва алмаштириш ва б.) ва бой берилган фойдани, айнан: бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадларини (ФКнинг 14-моддаси иккинчи қисми) киритиш мумкин. Шу муносабат билан олди-сотди шартномасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда зарарларни қоплаш тўғрисидаги қўшимча талабни ҳам баён қилиш мумкин, улар ҳужжат билан тасдиқланиши ва асосланиши керак.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат. 

 

__________________

1 Фуқаролик кодексининг 386-моддаси тўртинчи қисми ва Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори.

 

2 ФКнинг 112-моддаси биринчи қисми.

 

3 Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш ишларини тартибга солиш ҳақида” 26.05.1997 йилдаги 256-сон қарорига мувофиқ.

 

4 Вазирлар Маҳкамасининг 26.05.1997 йилдаги 256-сон қарорининг 5-бандига асосан.