Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

BIR.UZ тизими бўйича биринчи имтиҳон сессияси қандай ўтди

29.12.2017

16-17 декабрь кунлари «Норма» профессионал ривожланиш марказида BIR.UZ бухгалтерлар малакасини баҳолаш тизими бўйича илк имтиҳонлар бўлиб ўтди. Уларнинг қандай ўтгани, бунда муаммолар юзага келгани ёки йўқлиги хусусида ПРМ директори Мўмин Хуррамович Ашуров билан суҳбатлашдик.

 

Мўмин Хуррамович, муҳим ҳодиса – Bir.uz бухгалтерларни баҳолаш тизимининг дастлабки имтиҳон сессияси муносабати билан табрикларимизни қабул қилинг. Унинг арафасида ҳаяжонланган бўлсангиз керак?

 

- Албатта, ҳаяжонландим, аммо ҳаммаси яхши ўтди. Биз ушбу ҳодисага анча вақтдан бери пухта тайёргарлик кўраётган эдик. Тизимни бир неча маротаба синаб кўрдик, хусусан, "жанговар" шароитларда ҳам. Август ойида мамлакатимизнинг йирик компанияларидан бирида бухгалтерлар аттестациясини ташкил этдик. Ноябрь ойида эса – Бухгалтер ва аудиторлар республика танловининг иккинчи босқичини ўтказдик. Кичик техник муаммоларни аниқладик, улар келгусида келиб чиқмаслиги учун барча чораларни кўрдик.

 

Кўнглим тўлиб шуни таъкидлашим мумкинки, имтиҳон биз кутган даражада ўтди. Талабгорлар уч босқичнинг (тест саволларига жавоб бериш, муайян вазиятлардаги вазифаларни ечиш, ҳисобот шаклларини тўлдириш) ҳар бирида диққатларини максимал даражада жамлашлари учун барча шароитлар яратилди.

 

Биринчи имтиҳонда иштирокчилар сони қанча бўлди?

 

- 28 киши рўйхатдан ўтди. Уларнинг икки нафари юзма-юз имтиҳонга ўхшаш бўлган «синов имтиҳони» сервисидан фойдаланиб кўрганидан кейин сессиядан олиб ташлашимизни сўрашди. Улар ҳали тайёр эмасликларини ва bir.uz Аттестатини «осонгина» олишнинг имкони йўқлигини тушунишди. Уларнинг илтимосини қаноатлантирдик. 2018 йилнинг 20-21 январь кунлари ўтказиладиган кейинги сессиягача тайёргарлик кўриш учун уларнинг вақтлари бўлади.

 

Имтиҳонларга тайёргарлик кўриш кераклиги ва омадга умид боғлаб уларни топшириш ярамаслигини биринчи имтиҳон сессияси натижалари ҳам тасдиқлади

 

Рустамжон, имтиҳон иштирокчиси (1-босқичда  59% балл тўплади): "Имтиҳоннинг мураккаблик даражасини нормал дейишим мумкин. Фақатгина яхши тайёргарлик кўриш, кўпроқ тестларни ечиш ва таълим берувчи тестларга илова қилинадиган материалларни ўқиш зарур. Лозим даражада тайёрланган одам имтиҳондан осон ўтиб, Аттестатни қўлга кирита олишига ишончим комил".

 

Ирина, имтиҳон иштирокчиси (1-босқичда  46% балл тўплади): "Саволлар, айниқса, молиявий ва бошқарув ҳисоби бўйича имтиҳон топширганлар учун мураккаб эмас. Очиғини айтсам, мен жуда кам тайёргарлик кўрдим – вақт етмади ва шу боис топшира олмадим".

 

Евгения, имтиҳон иштирокчиси (1-босқичда  50% балл тўплади): "Ўз билимимга таяндим, аммо тайёргарлик кўриш керак экан. Умуман олганда, қандайдир мураккабликлар бўлмади, шунчаки тайёрланмагандим ".

 

Bir.uz Аттестатини неча киши қўлга киритди?

 

- 26 кишидан фақат икки нафари. Тўрт нафар талабгор муваффақият қучишга жуда яқин келишди. Дастлабки иккита босқичдан ўтганларидан кейин сўнггиси — шаклларни тўлдиришда қоқилишди. Ундан ўтиш шартлари етарлича мураккаб эди – ҳужжатлар шаклларини ҳеч қандай хатога йўл қўймасдан 100% тўлдириш керак эди. Биз бир ёки иккита хатога йўл қўйилган ҳисоботлар бўлмаслигидан келиб чиқдик. Улар аниқ бўлиши даркор.

 

«Бош бухгалтер» ихтисослиги бўйича имтиҳон қандай ўтди?

 

- 23 нафар талабгордан фақат 8 нафари ўтди. Ўта олмаганлар - 50-55 баллдан тўплашга муваффақ бўлишди. Яъни уларда асосий билимлар бор, аммо кейинги босқичга ўтиш учун етарли эмас.

 

Вазиятларга оид вазифаларни ечишда иштирокчиларнинг аксарияти 70-73% балл тўплашди. Уларнинг билими дуруст бўлиб, арзимаган баллар етишмади.

 

Учинчи босқичга Тизим фақат икки нафар иштирокчини ўтказди ─ улар илк Бош бухгалтер аттестати соҳибларига айланишди. Бунда «2-тоифали бош бухгалтер» ихтисослиги бўйича талабгор эътиборсизлиги боис ЯСТ бўйича ҳисобот шаклини тўлдиришда ноаниқликка йўл қўйди. У ҳисобот сифатига таъсир кўрсатмади, аммо тизим бу натижани инобатга олмади. Талабгор апелляция берди ва апелляция комиссияси уни қаноатлантирди.

 

Дастлабки имтиҳон сессияси натижалари бўйича қандай хулоса қилиш мумкин?

 

- Биринчидан, bir.uz тизимида ўтказиладиган имтиҳон ҳақиқатан ҳам бухгалтер малакаси даражасини баҳолашга имкон беради. Унинг уч босқичи — тестлаш, вазият билан боғлиқ масалани ечиш, шаклларни тўлдиришда талабгорнинг нафақат билими, балки кўникмалари ҳам текширилади.

 

- Иккинчидан, имтиҳондан ўтиш учун унга тайёргарлик кўриш зарур, ҳатто талабгорда олий ўқув юрти дипломи, CAP/CIPA сертификати ва амалий тажрибаси бўлган тақдирда ҳам. Bir.uz тизими бунда ёрдам беради. «Синов имтиҳони» ёрдамида машқ қилиб кўриш мумкин. Ёки «таълим берувчи тестлаш» сервисидан фойдаланиш мумкин. Унинг ижобий жиҳати – билимлардаги етишмовчиликларни аниқлаш, уларни мураккаблик туғдирган саволлар бўйича ўқув материалларини ўқиш орқали тўлдириш мумкин.

 

- Учинчидан,  юкламани тўғри тақсимлаш мақсадида ташкилотчилар имтиҳон босқичлари орасига унча катта бўлмаган ўзгартиришлар киритишлари зарур бўлади. Энди бош бухгалтерлар учун вазиятларга оид масалаларни ечиш кўп меҳнат талаб этиши маълум бўлди. Биз уларнинг мураккаблигини сақлаб қолган ҳолда буни тузатамиз. Бунда вазифаларнинг бир қисмини сўнгги босқичга ўтказамиз, ундан ўтиш учун 100% эмас, балки 95% аниқликни таъминлаш керак бўлади.

 

Аъзам, имтиҳон иштирокчиси (1-босқичда 76% балл тўплаган). «Ҳозирда барча ҳужжат айланмаси электрон тарзда амалга оширилмоқда. Шу боис ҳисобот шаклларини тўлдиришда ўта аниқ бўлиш шарт эмас, тизим хатоликларга йўл қўйилган ҳошияларни автоматик равишда кўрсатиб туради».

 

Кейин нима бўлади?

 

- Энди – иккинчи имтиҳон сессияси. У 20-21 январь кунлари ўтказилади. Бир уринишда барча босқичлардан ўта олмаганлар учун яна бир имконият яратилади. Уларнинг сафи ўз малакаси тўғрисида нуфузли ҳужжатга эга бўлишни истаган бухгалтерлар билан тўлишига умид билдириб қоламан.

 

Нима сабабли bir.uz тизими Аттестатларини нуфузли ҳужжат деб ҳисоблайсиз?

 

- Уларни фақатгина bir.uz Тизими нуфузли тузилмалар – Савдо-саноат палатаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва «Норма» ПРМ томонидан ташкил этилганлиги учун нуфузли деб ҳисобламайман. Асосийси – имтиҳонлар шундай лойиҳалаштирилганки, билими бўлмаган одам улардан ўтолмайди. Дастлабки имтиҳон сессияси иштирокчилари бунга амин бўлишди. Яқин орада минглаб бухгалтерлар ва уларнинг иш берувчилари бунга ишонч ҳосил қилишларига ишонаман.  

 

- Ҳозир эса ўз билимига ишонган бухгалтерларни 2018 йилнинг 20-21 январь кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи имтиҳон сессиясига таклиф этаман.

 

Имтиҳонга бу ерда ёзилиш мумкин.