Президент томонидан 17 февраль куни ўтказилган йиғилиш тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман таркибида махсус Ишчи гуруҳ тузилган. Йиғилишда Шавкат Мирзиёев унинг ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди.
Инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда. Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни. Айрим лицензия шартлари тегишли соҳаларда рақобатни чекламоқда. Хусусан, кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш билан ягона кредит бюроси шуғулланиб, бозорга бошқа тадбиркорлар киришига деярли имкон йўқ. Кредит бюросини очиш учун камида 10 та тижорат банкининг розилигини олиш талаб этилади.
Йиғилишда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини кенг жорий этиш лозимлиги қайд этилди. Хорижий тажрибада лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш, мажбуриятни суғурталаш, ўзини-ўзи бошқариш, техник тартибга солиш каби муқобил усуллар мавжуд. Мисол учун, турар жой объектларини нотурар сифатида қайд этиш учун тадбиркор алоҳида рухсатнома олиши керак. Ваҳоланки, бунинг учун давлат идоралари хабардор қилинса кифоя бўлиши мумкин.
Икки ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини жорий қилиш, бир ой муддатда лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби ва муддатларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу жараёнларга замонавий технологияларни тўлиқ жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Лицензияларнинг 79%и, рухсат берувчи ҳужжатларнинг 80%и ҳанузгача қоғоз шаклида берилмоқда. 1 августга қадар лицензия бериш билан боғлиқ барча жараёнларни тўлиқ автоматлашган ягона электрон тизимини ишга туширишлари лозим.