Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Бизнесда қай бири афзал: ёлғизликми ёки шерикчилик

22.02.2018

Эндигини ўз ишини бошлаётган тадбиркорлар танлов имкониятга эга: ишни бир ўзи ташкил этиши ёки ҳамкор топиб, бизнесни бирга юритиши мумкин. Ҳамкорликда бизнесни  бошлаш эҳтиёткорликни талаб этади. Агар ҳамкорингиз ноҳалол чиқиб қолса, не машаққат билан йўлга қўйган ишингиз таназзул томон юз тутиши мумкин. Буни бизнес шериги сабаб инқирозга юз тутган кўплаб фирмалар, йирик компаниялар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳатто тадбиркорлар орасида ҳазиломуз бир ибора ҳам бор: тадбиркорликда шерик танлаш хотин танлашдан ҳам муҳим.

Ўз бизнесингизни бошлаётганингизда унинг ҳуқуқий тузилмасини танлаш муҳим роль ўйнайди. Бу бизнесни қонунийлаштириш билан бирга солиқ солиш ва лицензиялашда ҳам зарурий шартдир. Корхонанинг тури, жалб этилган одамларнинг сонига боғлиқ равишда бизнесни якка тадбиркор, ширкат, масъулияти чекланган жамият, қўшимча масъулиятли жамият, акциядорлик жамияти, кичик корхона, оилавий тадбиркорлик бўлиши мумкин.

 

Биз қуйида якка асосда ва шерикчилик асосида иш юритиш усулларининг афзалликлари ва камчиликлари солиштириб кўриб чиқамиз.

 

Ёлғизлик асосига қурилган бизнес

 

“Ёлғиз” тадбиркорлар қонунчилик билан белгиланган тартибда юридик шахс ташкил этмасдан ҳам тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бизнес жисмоний шахснинг мулки бўлиб, ташкилот билан боғлиқ барча даромадлар ва қарзлар унинг зиммасида бўлади. Айтиш керакки, бу рўйхатдан ўтишнинг энг арзон шакли бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини юритишнинг мутлақ ҳокимияти жисмоний шахсга тегишли бўлади. Бундан ташқари, ёлғиз тадбиркорлар  юридик шахс ташкил этиб ҳам фаолият юритиши мумкин. Шуниси қизиқки, дунёдаги аксарият корхоналар “ёлғиз тадбиркор” томонидан рўйхатдан ўтказилади.

 

Афзалликлари:

  • энг афзал жиҳати шундан иборатки, корхонани рўйхатдан ўтказиш учун жуда кам вақт ва маблағ талаб этилади.
  • ёлғиз тадбиркорликда барча даромад ва харажатларни бир одам назорат қилади. Ривожлантириш стратегиясини ҳам ўзи белгилайди.
  • бизнесни тугатиш масаласи кўндаланг турганида ҳам, юридик жиҳатдан ушбу масала жуда осон ҳал этилади.

 

Камчиликлари:

  • тадбиркор юзага келиши мумкин бўлган барча қарзлар ўзи учун фақат бир ўзигина масъулдир. Тадбиркорнинг хусусий мулки ана шу қарзларни қоплаш ҳисобига ундириб олиниши мумкин.
  • бизнесни бошлаш учун дастлабки капитални тадбиркорнинг ўзи топиши даркор. Бошланғич капиталдан ташқари бизнесни кенгайтириш учун маблағларни излаб топиш ҳам тадбиркорнинг ўз зиммасига тушади.
  • тадбиркор кўрган даромадидан ўзигина баҳра олиши билан бирга барча танбеҳларни ҳам ўзи якка эшитади. Барча қарорларни фақат ўзи қабул қилгани боис ҳам, ишлар чаппасига кетган тақдирда, айб фақат унда бўлади.

 

ШЕРИКЧИЛИК

Бизнесда шерикчилик бу икки ёки ундан кўп шахс томонидан ташкил этилган тижорат ташкилоти бўлиб, унинг бошқарувида барча шериклар шерикликни бошқариш тўғрисидаги келишувда белгиланган ҳажм ва чегарада иштирок этади. Бизнес иштирокчиларининг ҳар бири ўз маблағлари, меҳнат ва малакасини умумий ишга қўшади ва корхонанинг даромади ва харажатларини ўртада бўлишади. Икки ёки ундан ортиқ киши томонидан бошқарилувчи компания – бу шериклик асосига қурилган компания.

 

Афзалликлари:

  • бошланғич капитал бизнес эгалари ўртасида тақсимланади. Бизнесга янги киримлар киритиш талаб этилган тақдирда етарли маблағларни тўплаш анча осонлик туғдиради.
  • қарорларни қабул қилиш учун масъуляит бир киши зиммасига юклатилмаган. Демак, муаммоли вазият юзага келган тақдирда фақат бир киши жавоб бермайди.
  • бизнес бошида бир нечта кишининг туриши муаммонинг ечими бўйича таклифлар турфалигини таъминлайди. Ҳамкорлик асосига қурилган бизнес вазифаларни тақсимлаш имконини беради.

 

Камчиликлари:

  • шерикликнинг энг катта камчиликларидан бири – унинг эгалари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқиши. Сиз муайян таклифга рози бўлмайдиган вазият юзага келади ёки сиз таклиф этган усул бошқаларга маъқул келмайди. Бу тақдирда сиз кўпчидик томонидан қабул қилинган қарорлар учун юридик жиҳатдан жавобгар бўлиб қоласиз. Ҳаттоки унга қўшилмаган тақдирингизда ҳам.
  • фойда ўртадан бўлинади, бу эса баъзида ҳамкорлар ўртасида мунозаралар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, сиз бирон лойиҳа учун тиришиб ҳаракат қилган бўлсангизу, шеригингиз унга эътибор ҳам қаратмаган бўлса-да, олинган фойдани ўртадан бўлишга ҳар доим тайёр туришингиз зарур бўлади.
  • ҳамкорликнинг амал қилиш муддати чегараланган. Агар шериклардан бири бирон сабабга кўра бизнесни тарк этишга қарор қилган бўлса, барча мураккабликлар ва ноаниқликлар бизнесда қолган шерикнинг зиммасига тушади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳамма нарсанинг ўз камчиликлари ва шу билан бирга афзал жиҳатлари мавжуд. Иш бошлашдан олдин ҳар ким ўз имкониятларини баҳолаб ва муайян шерик билан келажакни кўра олишидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу шаклни танлаши мумкин.

 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

 

Курс валют

2018-05-22
  • USD:7997.95 (--27.88) сум
  • EUR:9396.79 (--200.50) сум
  • RUB:128.37 (--1.26) сум