Мазкур мақолада ота-оналарнинг биридан алиментдан ташқари алоҳида ҳолатларда (боланинг оғир шикастланиши, касаллиги) бола парвариши учун қўшимча ҳаражатларни ундириш тартиби кўриб чиқилади.
Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси ва ривожланиши учун жавобгардир. Улар балоғатга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз бўлган балоғатга етган боланинг саломатлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва тарбиявий камолоти ҳақида қайғуришлари шарт. Агар улардан бири турли сабабларга кўра болани моддий таъминотидан бўйин товласа, иккинчиси ундан алимент ундиришга ҳақли.
Шу билан бирга бола билан бирга яшамаётган ота-она томонидан алимент тўланиши – уни моддий таъминлашнинг ягона шакли эмас. Баъзан алимент тўлаш фарзанднинг барча реал эҳтиёжларини қопламайди. Ушбу ҳолатда уни парваришлаш учун қўшимча тўловларни талаб этиш мумкин. Оила кодексининг 103-моддасига мувофиқ ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Ушбу фавқулодда ҳолатлар болалар ва ота-онанинг иродасига боғлиқ эмас ва боланинг ҳаёти ва саломатлигига алоқадордир. Ушбу талабларни албатта асослаш шарт, яъни ҳаражатлар ҳақиқатан ҳам бола учун зарурлигини исботлаш керак. Масалан, агар унга қимматбаҳо даволаш курси зарур бўлса, шифокорнинг хулосаси, тиббий маълумотнома далил бўлиши мумкин ва ҳоказо.
Бу муҳим! Ота-она алимент тўлаган тақдирда ҳам қўшимча алиментларни ундириш мумкин. У асосий мажбуриятга «қўшимча» саналади. Бола парвариши учун алиментлар ва қўшимча ҳаражатларни ундириш ҳақида даъвони бирваракайига ёки навбатма-навбат топшириш мумкин. Ҳаттоки ота-она никоҳда бўлган ҳолатда ҳам (ажрашмаган бўлса), алимент ва қўшимча ҳаражатларни ундирилиши сўраб мурожаат этиш мумкин.
ҚЎшимча ҳаражатлар нафақат балоғатга етмаган бола учун (18 ёшдан кичик), балки балоғатга етган, аммо меҳнатга лаёқатли бўлмаган эҳтиёжлари мавжуд бўлган бола учун ҳам ундирилиши мумкин. Меҳнатга лаёқатсизлик ушбу ҳолатда тиббий комиссиянинг хулосаси билан тасдиқланади. Меҳнатга лаёқатсизлик ногиронлик белгиланишини назарда тутади.
Бола парвариши учун қўшимча ҳаражатларни ундириш масаласини ҳал этишда суд жараёнида қуйидагиларга аниқлик киритилади:
- қўшимча ҳаражатлар қандай мустасно ҳолатлар сабаб келиб чиққан;
- бола парвариши учун уларнинг зарурати.
Шундан кейин суд қўшимча ҳаражатларнинг компенсация қилиниш қийматига қатъий белгиланган маблағда ота-онанинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволидан келиб чиққан ҳолда аниқлик киритади. Қилинган ҳаражатлар билан бирга келгусида ҳаражат қилиниши режалаштирилган ҳаражатлар ҳам қопланиши керак. Масалан, даволаш муассасасига йўлланма олиш, протез қўйиш, операция ўтказиш учун зарур ҳаражатлар шулар жумласидан.
Алиментлардан фарқли ўлароқ қўшимча ҳаражатлар фақат қатъий белгиланган суммада ундирилади (алиментлар қиймати ота-онанинг ойлик маоши ёки бошқа даромадидан келиб чиқиб ҳисобланади).
Қуйидагилар учун ҳаражатлар қўшимча ҳаражатлар қаторига киради:
- даволаниш, хусусан, санатория-курортларда ҳамда протезлаштириш;
- қимматбаҳо дори-дармонлар;
- имкониятлари чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши учун воситалар;
- тиббий муассасага етказиш;
- диетик ва диабетик овқатланиш (агар у соғлиғи юзасидан зарур бўлса) ва бошқалар.
Масалан, ишларнинг бири якунига кўра суд жавобгардан болага ортопедик пойабзал учун 150 минг сўм ундирилиши ҳақида қарор чиқарди, чунки у тиббий кўрсатмаларга кўра унга муҳтож эди. Шу билан бирга суд хусусий клиникада пулли муолажалар (уқалаш, парафин) копланишини рад этди, чунки туман соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисининг кўрсатмаларига кўра, уларни яшаш жойи бўйича бепул олиш мумкин.
Баъзан амалиётда алоҳида яшаётган ота-онадан олийгоҳда таълим олиш учун қўшимча тўловлар сўраб мурожаат этиладиган ҳолатлар учрайди. Аммо 18 ёшга тўлган ўқувчилар фақат кундузги бўлимда тахсил олаётгани учунгина меҳнатга лаёқатсиз деб топилиши мумкин эмас.
ОКнинг 73-моддасига мувофиқ, ота-она фарзанд томонидан қонунчиликда белгиланган билим даражасига эришилишини таъминлаши шарт. «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ота-оналар ёки вояга етмаган болаларнинг қонуний вакиллари уларнинг тарбияланаши, улар томонидан мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимини олиши учун жавобгардир. Ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида олинади.
Шу тариқа, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзанд ота-онасидан олийгоҳда таълим олиш учун тўловни талаб этишга ҳақсиз. Бу ихтиёрий асосда бажарилади.
Бола учун қўшимча ҳаражатларни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга тегишли даъво аризаси билан (3 нусхада) мурожаат этиш даркор.
Мана, судга топширилиши керак бўлган тахминий ҳужжатлар жамланмаси:
- бола туғилганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
- даъвогарнинг паспорти нусхаси (имкониятга қараб жавобгарнинг ҳам);
- боланинг яшаш жойидан маълумотнома ёки қўшниларнинг боланинг даъвогар билан яшаётгани тўғрисидаги маҳалла қўмитаси томонидан тасдиқланган далолатномаси;
- даъвогар ва жавобгарнинг турар жойидан маълумотнома;
- фавқулодда ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (масалан, боланинг жиддий касаллиги мавжудлиги ҳақидаги тиббий хулосалар ва бошқа);
- даволаш ва парваришга кетган ҳаражатларни тасдиқловчи чеклар.
Агар энди ўтказиладиган даволаш учун қўшимча ҳаражатларни ундириш зарур бўлса, судга тиббий хулосаларнинг прайс-листи ҳамда уларнинг беморни даволаш ва реабилитация қилиш учун зарур бўлган ҳажми ҳақидаги шифокор хулосаси тақдим этилади.
Бола парвариши учун қўшимча ҳаражатларни ундириш учун даъво умумий қоидаларга кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади. Яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга даъволар унинг мол-мулки жойлашган жой ёки сўнгги маротаба истиқомат қилган жойи бўйича берилиши мумкин. Ўзбекистонда яшаш жойи мавжуд бўлмаган жавобгарга даъволар унинг мол-мулки бўлган жойга ёки мамлакатдаги сўнгги истиқомат қилган жойи бўйича берилиши мумкин.
Даъвони бераётиб, талабларнинг ҳисоб-китобини тақдим этиш зарур. Бунда қўшимча ҳаражатлар боланинг ҳам отаси, ҳам онасига бўлинишини инобатга олиш даркор, чунки болани боқиш ҳар иккала ота-онанинг зиммасига юклатилган. Аммо суд ушбу қоидадан чекланиши, ота ёки онанинг ҳиссасини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин.
Ҳар бир иш ўта индивидуал эканлиги сўзсиз. Суд аниқ вазиятдар келиб чиқиб хулоса қилади, аммо даъвогарнинг вазифаси – иш бўйича далиллар базасини тўплаш ҳада қўшимча ҳаражатларнинг зарурати ва оқилона эканлигини асослаб беришдан иборат.
Ленара Хикматова.