Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу соҳаларни тартибга соладиган ҳужжатларнинг лойиҳалари муҳокама қилинди.
Мажлисда депутатлар «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ҳужжатнинг мақсади автомобиль, ҳаво, сув ва темир йўл ва шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилашга қаратилган.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда депутатларнинг таклифлари инобатга олинди. Хусусан, «аралаш ташиш» тушунчаси Фуқаролик кодексига мувофиқлаштирилди. Лойиҳа транспорт ташкилотларининг жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаши шартлиги тўғрисидаги қисм билан тўлдирилди.
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида транспорт инфратузилмаси объектларининг ишлаши ва хавфсизлиги таъминланишига тўсқинлик қиладиган хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга оширишга, шунингдек транспорт хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмаслиги баён қилинди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
«Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳада қишлоқ хўжалиги кооперациясини ташкил этиш ҳамда фаолият юритишининг ҳуқуқий ва иқтисодий асослари белгилаб берилган. Қонун лойиҳасида йирик кооперацияларни ташкил этиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалалари ўз аксини топган.
Лойиҳада қишлоқ хўжалиги кооперациялари фаолияти шаклининг асосий тамойиллари мустаҳкамланмоқда, кооперативни ташкил этиш механизмлари белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг юртимиздаги асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шунингдек сиёсий бошпана бериш масалалари аниқ нормаларда акс эттирилмоқда.
Лойиҳада Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси ҳамда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ республика ҳудудига кириш (ундан чиқиш) ва унинг ҳудудида бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳаракатланиш ҳужжатлари тушунчалари киритилмоқда.
Ушбу ҳужжатда 16.12.1966 йилда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Халқаро пактнинг ва 14.04.1961 йилдаги «Дипломатик алоқалар тўғрисида»ги Вена Конвенциясининг қоидалари ҳисобга олинган.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг халқаро ҳужжатлар билан белгиланган асосий ҳуқуқ ва эркинликлари миллий қонунчиликда ўз ифодасини топиши натижасида, юртимизга хориждан юқори малакали мутахассисларнинг, инвесторларнинг ҳамда сайёҳларнинг оқими ортишига замин яратади.