Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги – вақт талаби!

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги – вақт талаби!

20.04.2017

Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни талабларини бажариш, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Хукуматнинг 2015 йил 6 ноябрда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари (кейинги ўринларда - ДҲВБО) фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши шакллантирилиб, кенгаш томонидан ДҲВБО фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси, ДҲВБО фаолиятининг очиқлигини таъминлаш регламенти ишлаб чиқилди.

 

Ушбу ҳужжатлар асосида Жамоатчилик кенгаши томонидан ДҲВБО фаолияти очиқлиги мониторинги бўйича ишлар бошланди.

 

Шу боис, 2017 йилнинг 14 апрель куни бўлиб ўтган Жамоатчилик кенгаши тадбирида дҳвбонинг “Очиқлик индекси” бўйича 2017 йил 1 январь ҳолатига рейтинг тақдимоти ўтказилди.

 

Давлат органларининг “очиқлик индекси” рейтинги кўрсаткичлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, умумий ҳисобда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонун талабларини амалиётга татбиқ қилиш, фуқаролар учун ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш учун зарур шароитлар яратилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастуридаги вазифалар доирасида давлат органлари ўз фаолиятларида очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.  

 

Танқидий таҳлиллар рейтинг кўрсаткичлари бир қатор давлат органларида ушбу масалаларга етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги, баъзан  фуқароларнинг қонуний талабларини инкор қилган ҳолда уларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини бузиш ҳоллари ҳам учраётганлигини кўрсатмоқда.

 

“Очиқлик индекси” мезонлари бўйича ДҲВБОнинг олган баллари бу шунчаки баҳо ёки кўрсаткич эмас. Бу кўрсаткичлар, аввало, очиқлик талаблари бўйича паст баҳо олган, зарур даражада очиқликни таъминламаган давлат органларининг келгусидаги фаолиятлари давомида вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қилишларига ундашдир.

 

Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик кенгаши томонидан “очиқлик индекси” мониторинги бўйича олиб борилаётган чораларга жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали институти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган ноёб механизм сифатида қаралмоқда. Мониторинг якунлари ДҲВБОга жамоатчилик билан алоқаларини янада кучайтириш, самарали корпоратив ахборот сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

Бундан буён Жамоатчилик кенгаши томонидан экспертлар иштирокида ДҲВБО фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари давом эттирилади ва якуни бўйича кенгашнинг www.ochiqlik.uz расмий сайтида доимий равишда - ҳар йили икки маротаба (1 январь ва 1 июль ҳолатига кўра) “Очиқлик индекси” рейтинги эълон қилиб борилади. 

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ