Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Как открыть вторичный расчетный счет В командировку – по турпутевке Как применить нулевую ставку налога на прибыль и отразить ее в налоговой отчетности Если контрагент не подписывает исправленный счет-фактуру
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш: ислоҳотларнинг янги босқичи

Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш: ислоҳотларнинг янги босқичи

02.06.2021

Читать на русском языке

Давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш, хусусийлаштириш, шунингдек иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш таркибий тузилмаларни қайта ташкил этишнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси қандай амалга оширилаётганлиги ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон ОРТИҚОВ сўзлаб берди.

 

– Мамлакат иқтисодиётида давлат улушининг юқорилиги нималарга олиб келиши мумкин?

 

– Аввало, иқтисодиётда давлат иштирокининг юқорилиги соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Хусусийлаштириш жараёнини очиқ-ошкора амалга оширмасак, маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончини қозона олмаймиз. Давлат корхоналарини трансформация қилиш чора-тадбирлари амалга оширилмаса, уларнинг жозибадорлигини ошириб бўлмайди.

 

Ҳозирги пайтда деярли ҳар бир давлат органи ва маҳаллий ҳокимият органлари корхоналарнинг муассислари ҳисобланишини мисол тариқасида  таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналар сони икки ярим мингдан ортиқни (2 541) ташкил этади, уларнинг ярми (1 210) унитар корхона шаклида тузилган. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўпчилиги фаолияти самарали бўлмаяпти, бу эса давлат яхши менежер бўла олмаслигининг яна бир тасдиғидир.

 

Республика иқтисодиётида давлатнинг иштироки илгаригидек юқорилигича қолмоқда ва 55%ни ташкил этади. Масалан, Жанубий Кореяда ушбу кўрсаткич 22%ни, Германияда – 18%ни, АҚШда – 11%ни ва Японияда – 5%ни ташкил этади.

 

Шу муносабат билан «2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси» ишлаб чиқилган ва Ҳукумат томонидан жорий йилнинг 29 мартида тасдиқланган.

 

– Стратегия доирасида қандай чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда?

 

Биринчидан, хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш назарда тутилган. Давлат иштирокидаги корхоналарни сақлаб қолишга асос мавжуд бўлмаган тақдирда,  уларни тугатиш, қайта ташкил этиш ёки сотиш жараёни «сот ёки тушунтир» тамойили асосида амалга оширилади.

 

Иккинчидан, янги таҳрирдаги «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги ва «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилишнинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилади. «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун 1991 йилда қабул қилинган ҳамда замонавий талаблар ва реал ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қайтадан пухта ишлаб чиқилиши тақозо этилади.

 

Ҳозирда ушбу лойиҳалар халқаро молия институтларини (Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, ОТБ) ва халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилган. Жорий йил якунига қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ушбу лойиҳаларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади.

 

Учинчидан, давлат томонидан лозим даражадаги асослар бўлмаганда янги давлат корхоналари ташкил этилмайди. Бунда фаолият юритаётган барча унитар корхоналар босқичма-босқич қайта ташкил этилади ёки тугатилади. Шуни таъкидламоқчиманки, яқин кунларда 600 та давлат корхонасини босқичма-босқич қайта ташкил этиш ва тугатиш қисмида Стратегия амалга оширилишининг дастлабки натижаларини кўрамиз.

 

Тўртинчидан, эксклюзив имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш амалиётини ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция ва бошқа лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат кафолатларини тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.

 

Бешинчидан, корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилади ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи («Олтин акция») бекор қилинади.

 

Олтинчидан, бошқарув органлари фаолияти ва давлат иштирокидаги корхоналар назорати корпоратив бошқарув амалиётига мувофиқ ташкил этилади.

 

– Корпоратив бошқарув принциплари қандай жорий этилади?

 

– Кейинги йилдан бошлаб Кузатув кенгашларига номзодларни танлов асосида сайлаш амалиётга жорий этилади. Бундан ташқари, Кузатув кенгаши мустақил аъзоларининг улуши 2025 йилга келиб 30%гача бўлган миқдорга етказилади.

 

Шунингдек ижро этувчи орган уч йилгача ваколат муддати билан танлов асосида шакллантирилади. Бунда Кузатув кенгаши ва ижро этувчи орган аъзоларининг фаолиятини баҳолаш корпоратив бошқарув кўрсаткичлари ҳамда самарадорлик бўйича асосий кўрсаткичлар билан боғлиқ бўлади.

 

– Стратегияни амалга оширишдан қандай натижалар кутилмоқда?

 

– 2025 йилга қадар босқичма-босқич давлат корхоналари сонининг 75%и қисқартирилади. Молия вазирлиги билан биргаликда 20 та давлат корхонасининг («Ўзметкомбинат» АЖ, «АКМК» АЖ, «Ўзмиллийбанк» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Халқ банки» АК, «Ўзагросуғурта» АЖ, «НКМК» АЖ, «Ўзавтосаноат» АЖ ва бошқалар) акциялари бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиш орқали сотиш учун жойлаштирилиши таъминланади.

 

Бундан ташқари, давлат корхоналарининг бошқарув органларига 100 нафар хорижий менежерлар жалб этилади.

 

– Нималарга эришилди ва яқин кунларда давлат активлари қандай тартибда сотилади?

 

–  2020 йил октябрда қабул қилинган Президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан илк марта трансформация қилинадиган давлат корхоналари рўйхати белгиланди. Шунингдек давлат объектларини «ноль» харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилинди, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат корхоналари ва кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланди.

 

Президентнинг жорий йил 11 февралдаги Фармони билан хусусийлаштиришнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш бошланди. Хусусан, ушбу жараёнга профессионал ташкилотлар жалб этила бошланди, бошланғич нарх сифатида давлат активларини баҳолаш қийматини мажбурий тартибда белгилаш талаби бекор қилинди. Бунда баҳолаш қиймати сотиш учун мўлжал қилиб олинади.

 

Жорий йилнинг биринчи ярми охирига келиб 550 тадан ортиқ давлат активлари, шу жумладан «Poytakht» бизнес маркази, «Ичан қалъа» меҳмонхонаси, Тошкент шаҳридаги маъмурий биноси каби йирик мулкий комплексларнинг сотилиши режалаштирилмоқда.

 

«Coca-Cola Ичимлиги» компаниясида давлат улушини сотишнинг якуний босқичи ҳақида сўз юритадиган бўлсак, йил охирига қадар «Ўзагроэкспортбанк» ва «Пойтахт банк», «Фарғона НПЗ», «Кварц», «Трест-12» корхоналари, «Кафолат» суғурта компанияси, вино-ароқ ва ёғ-мой корхоналаридаги давлат улушини ҳам сотиш режалаштирилмоқда.

 

Давлат активларининг бозор қийматини аниқлаш учун халқаро миқёсда эътироф этилган баҳоловчи компаниялар (KPMG, Deloitte, PriceWaterhouseCoopers, Grant Thornton) жалб этилган, улар баҳолаш жараёнини амалга оширадилар. Шунингдек хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш жараёни халқаро миқёсда эътироф этилган консалтинг компаниялари томонидан амалга оширилади.

 

Лола Абдуазимова.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_