Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие льготы по НДФЛ доступны по ипотечным кредитам Как получить доступ к базам данных госорганов Как трактовать бонусы за привлечение клиентов Как не получить штраф за отсутствие цифровой маркировки Как рассчитать НДФЛ и ИНПС за сентябрь 2022 года

Давлат мулкини бошқариш соҳасида маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўрнатилди

14.06.2022

Читать на русском языке

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Дастлаб сенаторлар “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

 

Қонун билан давлат мулкини бошқаришнинг принциплари, давлат мулкига эгалик қилишнинг мезонлари белгиланмоқда ва давлат мулки республика ҳамда муниципал мулк турларига ажратилмоқда.  Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муниципал мулкларни белгиланган мезонлар доирасида сотиш, ижарага ва ишончли бошқарувга бериш ваколати белгилаб берилмоқда.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этишда давлат мулкини бошқариш субъектларининг - Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, давлат органлари ва ҳокимликларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўрнатилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонунда трансплантация соҳасида қонунчилик нормаларини бузганлик учун Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, шунингдек, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

 

Жумладан, инсон аъзолари ва тўқималарини олиш, трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ҳамда тартибини бузганлик, шунингдек, вафот этган одамнинг аъзоларини ёки тўқималарини у тириклигида унинг розилигини олмай туриб, илмий ёки таълим мақсадларида бузилмайдиган ҳолда сақлаш учун олганлик, инсон аъзоларининг ва тўқималарининг олди-сотдиси билан шуғуллаганлик, инсоннинг трансплантация қилинадиган аъзоларини ва тўқималарини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиққанлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.

 

Кўпчиликни хавотирга солаётган инсон аъзолари ва тўқималарини олиш мақсадида одам ўғирлаганлик ёки одам савдоси билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

 

Ҳужжат билан Сайлов кодексига, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми  тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

 

Хусусан, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунда сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолиниши белгиланмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунига киритилаётган ўзгартиришлар орқали референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, чет давлатларда турган фуқароларни овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига киритиш, референдум ўтказувчи комиссия аъзолари бўла олмайдиган шахслар доираси белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

 

Қонун билан дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик, шу билан бирга, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш каби ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик бекор бўлмоқда.

 

Қонун ҳужжатларига нодавлат суд экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини  назарда тутувчи янги нормалар киритилмоқда.

 

Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик, эълон қилиш муддатларига ва тартибига риоя этмаганлик ёки маълумотларни бузиб кўрсатганлик учун мансабдор шахслар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда маъмурий жаримага тортилиши назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан сўнг сенаторлар “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди.

 

Сенат аъзолари Қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмаганлиги боис Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қонунчилик палатаси томонидан кўрсатилган камчиликлар кўриб чиқилгач, ҳужжат Қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига қайта киритилади.