Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Даъво ишлари қандай юритилади. 1-қисм

24.05.2017

Ушбу шарҳда – ташкилот манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга даъво тақдим этиш бўйича муаллифлик тавсиялари берилган.

 

Даъвони тақдим қилиш ёки кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатларни олиш ва ўрганиш


Ташкилот раҳбари одатда юридик хизматга бошқа тараф (контрагент) билан у ёки бу низо бўйича даъво аризаси ёки даъво аризага фикрнома тайёрлашни топширади. Шундан сўнг юридик хизмат бошқа таркибий тузилмадан (агар ўзида мавжуд бўлмаса) даъвони тақдим қилиш ёки даъво аризаси юзасидан фикрнома тайёрлаш ва ўрганиш учун зарур бўлган ҳужжатларни (шу жумладан, шартномалар, юкхатлари, ҳисоб-фактуралар, ишончнома, талабнома ва бошқаларни) сўраб олади.

 

Юридик хизмат тегишли таркибий тузилмалар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо беради. Агар тақдим қилинган ҳужжатлар етарли бўлмаса ёки улар нотўғри расмийлаштирилган бўлса, юридик хизмат мазкур камчиликларни бартараф қилиш учун ёзма равишда муддат белгилаши лозим.

 

Таркибий тузилма зарур ҳужжатларни бермаган ҳолатларда ташкилот раҳбари ижрочига нисбатан интизомий чора кўриши мумкин. 

 

Даъво аризаси (суд буйруғини бериш тўғрисида аризани), шу жумладан қарши даъвони тайёрлаш

 

Юридик хизмат даъво аризасини ва зарур ҳужжатларни тайёрлашни, агар қонун ёки шартномада талабнома билдириш белгиланган бўлса, талабнома ва билдирилган талабномага жавобни ўрганишдан бошлайди.

 

Даъво ташкилот томонидан билдирилган талабнома тўлиқ ёки қисман асоссиз рад қилинган ёхуд жавобсиз қолдирилган тақдирда киритилади.

 

Юридик хизмат даъво аризаси матнини мустақил тайёрлайди, унга виза (имзо) қўяди ва тегишли таркибий тузилмалардан виза (имзо) йиғади, шунингдек уни ташкилот раҳбарига имзолаш учун тақдим қилади.

 

Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён - ХПК)нинг 112-моддасига  мувофиқ даъво аризаси иқтисодий судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

 

Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, уларнинг почта манзиллари;

3) агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;

5) даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

6) ундириладиган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;

7) даъвогарнинг қонун ҳужжатларини далил қилиб келтирган талаблари, даъво бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса - уларнинг ҳар бирига қўйилган талаблар;

8) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

9) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

 

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

 

Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар ҳам, шунингдек даъвогарда мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.

 

Даъвогар даъво тақдим этганда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган, бу шахсларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхаларини юбориши шарт.

 

Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини;

2) даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигини;

3) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни.

 

Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, унинг даъво тақдим этишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

 

Амалдаги хўжалик процессуал қонунчилиги пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олишни суд буйруғи олиш орқали янада соддароқ тартибини назарда тутади.

 

Суд буйруғи кредиторнинг аризаси бўйича чиқарилган ва ижро ҳужжати кучига эга бўлган, судья томонидан қабул қилинган ҳужжатдир. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Шунинг учун ҳам юридик хизмат даъво аризаси ўрнига суд буйруғини бериш тўғрисида ариза тайёрлаши мумкин.

 

Ариза иқтисодий судга ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланадиган аризага ишончнома илова қилинади.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ

ССП ҳузуридаги  Халқаро тижорат арбитраж суди  раиси,

М.В.Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиали доценти, ю.ф.н.

Курс валют

2017-11-21
  • USD:8085.11 (+15.82) сум
  • EUR:9487.07 (+83.93) сум
  • RUB:136.65 (+0.39) сум
Общество с ограниченной ответственностью ООО «Toprint» Мирабадского района г. Ташкента, (ИНН 206957405) ИЗВЕЩАЕТ об уменьшении уставного фонда с
2 110 000 000 сумов до 594 387 000 сумов.