2020 йил 1 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Депутатлар таклифига кўра, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 млрд сўм, «Эл-юрт умиди» фондига қўшимча 32,5 млрд сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 млрд сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом овқатланишини, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш харажатларига 63,4 млрд сўм, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 млрд сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Бундан ташқари, фермер хқжаликларида фаолият юритадиган бухгалтерга ҳар ойда иш ҳақи тўлаш учун 45,8 млрд сўм йўналтириладиган бўлди.
Депутатлар томонидан келгуси йилларда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан келадиган тушумларни алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи каби ҳудудларга республика аҳолисидаги улушига мувофиқ тақсимланиши юзасидан таклифлар билдирилди. Молия вазирлиги, ДСҚ ва ДБҚ томонидан амалдаги солиқ имтиёзлари тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши ҳам таклиф этилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ҳамда Сенатга юбориладиган бўлди.
Депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонун, Бюджет кодекси ва «Бухгалтерия хисоби тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.
Хусусан, МЖТКга бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга 2 БҲМ миқдорида жарима қўллаш назарда тутилмоқда. Вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида даврий молиявий ҳисоботларини, ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини ва капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда жойлаштириб борилиши белгиланди.
Бюджет кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари консолидациялашган бюджети таркибига киритилмоқда. Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим бўлган бюджет сўрови институти такомиллаштирилмоқда. Бошланган тадбирларни ва (ёки) параллел лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қуриш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича қўшимча чекловлар киритилмоқда.
Мажлисда депутатлар «2021 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини янада ошириш ва бюджетга солиқларнинг тўлиқ тушишини таъминлашга қаратилгандир.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси нормаларини тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида, қатъий белгиланган миқдорда ўрнатилган акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва ЖШДС ставкаларини ўрнатиш назарда тутилган.
ҚҚС (15%), фойда солиғи (15%, айрим тоифалар учун 20%), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12%), юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (2%), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95%), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар - 12% ва бюджет ташкилотлари - 25%), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4%) ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.
Депутатлар «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳасида давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайлик ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топган.
Қонун лойиҳаси билан давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ўтказиш муддатлари қиcқартирилмоқда. Хусусан, электрон бозор 1 иш куни, (амалдаги таҳрирда 48 соат), аукцион камида 5 кун (амалдаги таҳрирда камида 10 кун), танлаш камида 5 кун (амалдаги таҳрирда танлов камида 30 кун) ва тендер камида 15 кун (амалдаги таҳрирда тендер камида 30 кун) ўтказилиши белгиланмоқда. Давлат буюртмачилари томонидан режа-жадвалларни махсус ахборот порталида жойлаштиришнинг аниқ муддатлари белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.