Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

"E-SUD" тизими такомиллаштирилмоқда

21.11.2017

Ҳозирги вақтда  "E-SUD" – миллий электрон судлов ахборот тизими судларга интернет орқали мурожаат қилиш, суд жараёнларининг бориши ҳақида хабардор бўлиб туриш ҳамда чиқарилган суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиб олиш имкониятини яратган.
 

 

Бу қулайликдан келгусида мажбурий ижро ва адвокатура тизими ходимлари ҳам унумли фойдаланиши, уларнинг судлар билан электрон муносабатларини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Зеро, бу тизим иш унумдорлигининг ошиши, ортиқча қоғоз сарфига чек қўйиш, турли ҳисоботларни тайёрлаш жараёнларининг автоматлашишига йўл очади.

 

Пойтахтимизда «Е-SUD» миллий электрон ахборот судлов тизимидан фойдаланиш тартиби ва уни янада кенгайтириш истиқболларига бағишлаб ўтказилган семинар-тренингда шу ҳақда сўз юритилди. 

 

Ахборот тизимлари судлар тизимида хавфсиз электрон ҳужжат айланишини таъминлаш, ишларни кўриш самарадорлигининг ошишига хизмат қилмоқда. Бу тизим мурожаат қилувчиларга қулайлик яратиш билан бирга, суд ходимлари томонидан ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам беришда ҳам муҳим омил бўлаётир.

«E-SUD» тизимига фуқаролик ишлари бўйича 75 суднинг барчаси уланган. Тизим тарафларнинг оворагарчилиги, турли сансоларликлар, ортиқча қоғозбозлик ва бошқа сарф-харажатларга чек қўймоқда. 

Интерфаол шаклда ўтказилган тренингда миллий электрон судлов ахборот тизимининг мақсад ва вазифалари, ундан фойдаланиш тартиб-қоидалари ҳақида маълумот берилди. Эришилган натижалар муҳокама қилиниши билан бирга, тизим доирасида янги модул ва хизмат турларини жорий этиш, уни бошқа ахборот тизимлари ва манбалари билан интеграция қилиш масалалари ҳам таҳлилий кўриб чиқилди.

Жорий  йил январь ойидан бери судларга 265 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалар электрон шаклда келиб тушган. Айни пайтда уларнинг 60%и қаноатлантирилган.

Замонавий тизимлар кенг жорий этилиши юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

 

 

Алижон НАЗАРОВ,

«Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик»

 лойиҳасининг "Электрон ҳукумат" бўйича мутахассиси.

 

 

 

Курс валют

2018-07-10
  • USD:7813.42 (--32.85) сум
  • EUR:9176.86 (+10.06) сум
  • RUB:124.19 (--0.87) сум