Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Гульзира Рзаева: «director.uz ёрдамида тадбиркорликка ўқитаяпмиз»

28.12.2018

Читать на русском языке

Қорақалпоғистон давлат университетида direktor.uz тизими сертификатларини тақдим этиш одат тусига кириб қолди. Бу бўлажак ишбилармонларни тадбиркорлик иши асосларини ўрганишга жалб этишда ёрдам бермоқда.

 

– Аҳолига тадбиркорлик асосларини ўргатаяпмиз. Ёшлар, олий таълим муассасалари ва коллежлар талабаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Хусусан, айни пайтда Қорақалпоғистон давлат университети талабалари билан ишлаяпмиз. Бу ердан бир нечта қалдирғочни учирма қилдик.

 

Масофадан туриб шуғулланиш имконини берадиган direktor.uz тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш тизими машғулотларимизнинг таркибий қисмига айланди. Натижада тингловчиларимиз янада чуқур билим олмоқдалар. Энг асосийси – уларда кўргазмали намуна бор, унга қараб ўз ишларини очишлари мумкин, – дея қайд этди суҳбат аввалида Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш марказининг Қорақалпоғистондаги филиали директори Гульзира Рзаева.

 

– Қорақалпоғистон давлат университетида direktor.uz сертификатлари тақдим этилиши ҳақида гапириб берсангиз. Ушбу тизимни ишингизда қўллашга қарор қилишингизга нима сабаб бўлди?

 

– Тингловчиларимизга direktor.uz тизимини тавсия этишдан олдин ўзбек ва рус тилларида таълим олдим. Ушбу масофавий ресурс ўзига жалб этадиган, ўқишни давом эттиришга қизиқиш уйғотадиган қилиб ишлаб чиқилган. Ўқишни муваффақиятли якунлаганларга электрон сертификат берилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Direktor.uz таълим жараёнини янада қизиқарли ва мазмунли қилиши шубҳасиз, шу сабабли уни ўқув жараёнида қўллай бошладик.

 

Direktor.uz тизимидан фойдаланиб ўқитаётган дастлабки тингловчиларимиз Қорақалпоғистон давлат университети талабалари бўлдилар. Аудиториядаги машғулотларда direktor.uz тизимидан ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланамиз. Кўпчилик ёшлар машғулотдан ташқари вақтда ҳам тизимда шуғулланиш имконини қўлдан бой бермайдилар. Буни Telegram орқали куну тун, ҳатто кечқурун саволлар келиб тушишидан биламан.

 

Курсни муваффақиятли якунлаганларга берилган электрон сертификатларни қоғозга чиқариб, уларни машғулот пайтида бутун гуруҳ олдида тақдим этамиз. Бу одамлар оғзига тушиб, курсларимизга кўпроқ талабаларни жалб этиш имконини бермоқда. У самара бераётганини кўриб, буни одат тусига киритдик.

 

Ҳозир ёшлар орасида ўз ишини очмоқчи бўлганлар жуда кўп. Тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган ота-онаси ва дўстларига ёрдам бермоқчи бўлганлар ҳам талайгина. Улар бизга келишяпти, биз эса қандай қилиб тадбиркорликда кўпроқ муваффақиятга эришиш мумкинлигини ўргатиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатганимиздан мамнунмиз.

 

– Талабаларнинг тахминан неча фоизи тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш билдирмоқда?

 

– Бир ҳафталик курсларимизда ҳар бири 50 кишидан иборат олтита гуруҳ таълим олди. Охирги гуруҳда 82 киши бор эди. Кўпроқ одам олишимиз мумкин эди, бироқ аудиторияга ундан ортиқ киши сиғмаган бўларди.

 

Ишни иқтисодиёт факультети талабаларидан бошладик, сўнг техника факультети, автомобиль йўллари соҳасида ўқувчи талабалар курсларимизга қизиқиб қолдилар. Ҳозир январь ойига гуруҳ тўплаяпман – улар орасида ҳатто филология факультети, хусусан, инглиз тилини ўрганаётган талабалар ҳам бор.

 

Тўғрисини айтсам, бир неча ҳафта ичида минтақамиздаги барча олий таълим муассасаларини қамраб олишга улгурамиз деб ўйлаган эдим. Бизда яна Педагогика институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Аграр университет ва Педиатрия институти филиаллари бор. Бироқ ҳозирча, мана икки ойдирки, Қорақалпоғистон давлат университетидаги ишни якунлай олмаяпман. Таълим олмоқчи бўлганлар жуда кўп.

 

Бунда қамраб олинмаган факультетлар талабалари доим ҳузуримга келиб, қачон навбатлари келишини сўрашади. Аслида машғулотларимизга ихтиёрий равишда келиш мумкин.

 

– Ушбу ўқув ресурсини яхшилаш борасида қандай таклифлар киритган бўлардингиз?

 

– Баъзан Интернет панд беради, айниқса аудиторияда машғулот ўтказаётганимизда. Талабалар саҳифалар секин очилишидан шикоят қиладилар. Айримлари муаммони ҳал қилиш учун шахсий ноутбукларидан фойдалана бошлайдилар. Шу масала ҳал этилса, яхши бўларди.

 

Тадбиркорлар учун муҳим бўлган бошқа фанлар бўйича шунга ўхшаш ресурслар ишлаб чиқилишини ҳам истардим. Зеро direktor.uz фақат бир жиҳат – молиявий саводхонликка бағишланган.

 

Мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари учун ушбу масофали курсларнинг соддалаштирилган версиялари ишлаб чиқилса, нур устига аъло нур бўларди.

 

Олег Гаевой суҳбатлашди.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_