2019 йил 1 март куни Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Сенат аъзолари томонидан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот эшитилди.
2018 йилда Омбудсман манзилига инсон шахсий ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш масаласи бўйича 3 923 та мурожаат, шу жумладан 3 489 та шикоят, 428 та ариза ва 6 та таклиф тушди. Омбудсман томонидан 754 та шикоят кўриб чиқилди, бу шикоятлар умумий сонининг 34,9%ини ташкил этади. Мурожаат этганлар манфаатлари йўлида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида 48 та қарор бекор қилинди, судлар қарорларига 14 та протест киритилди. Омбудсман мурожаатлари бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича судлар ҳукмлари юзасидан 7 та протест киритилди. Омбудсман ҳисоботи сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар адлия вазирининг 2018 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитдилар.
Қабул қилинган ҳужжатларни ижрочиларга электрон шаклда тезкор етказишни таъминлаш вазифаси айнан Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган. Бунинг учун янги тизим жорий этилиб, унинг доирасида 2018 йилда барча 1 644 та қонун ҳужжати давлат органларига, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тўлиқ юборилди. Ахборотни электрон алмашиш имконияти бўлмаган фуқаролар йиғинларига қонун ҳужжатлари матнлари, уларнинг қисқа изоҳлари бошқа ахборот ташувчилар ёрдамида етказиб берилмоқда.
Ички ишлар, маданият, халқ таълими вазирликлари ва Давлат статистика қўмитасининг 2018 йилдаги фаолияти адлия органлари томонидан таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Шундан сўнг сенаторлар Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 28,4 трлн сўмни ташкил этди ва аввалги йилга нисбатан ўсди. Бунда 14 196,5 млрд сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати 105,7%ни ташкил этди. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси $755,0 млн ни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126,4%ни, шу жумладан экспорт $265,9 млн ни (117,5%) ташкил этди. Хорижий сармоялар ҳисобидан 8 339,2 млрд сўмлик капитал маблағ ўзлаштирилди. Президентнинг 2018 йил январь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида 521 та лойиҳани амалга ошириш ва 9 мингдан зиёд иш ўрни яратиш учун 2,9 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган.
Сенаторлар парламент сўровларини юбориш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар:
- Бош вазирга – фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан;
- Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазирига – жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни солиққа тортишга доир қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан;
- Бош вазир ўринбосарига – умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан.
Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси давомида 23 та масала, шу жумладан 15 та қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан маъқулланган қонунлар жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунинг билан Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Олий Мажлис Сенатининг
Ахборот хизмати материаллари асосида.