Нанкинг политехника институтининг (Nanjing Polytechnic Institute) делегацияси, вице-президент Чжан Сяожун бошчилигида Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистонда олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати шу ҳақда хабар берди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш Республика маркази билан музокаралар ўтказилди. Улар Нанкинг политехника институтида менежмент, рақамли бизнес, электрон тижорат йўналишларида ўқитишга қизиқиш билдирдилар.
Маълумот учун: Нанкинг политехника институтига 1958 йилда асос солинган, у Хитойдаги илғор олий ўқув юртлари орасида 83-ўринни эгаллайди. Унда 10 000 дан зиёд талаба таҳсил олади, институт қошида 12 та коллеж фаолият юритади, уларда 40 дан ортиқ мутахассислик бўйича таълим берилади. Олий ўқув юрти дунёдаги 17 та мамлакат, 40 дан ортиқ коллеж ва таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек институтда 500 нафар хорижий талабалар таҳсил олиб келмоқда, шундан 33 нафарини ўзбек йигит-қизлари ташкил қилади.