Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzМожно ли затраты на ремонт арендуемого помещения «растянуть» на несколько лет Кто и когда выставляет односторонние ЭСФ на расходы и прочие доходы Как определить место реализации услуг, если они оказаны в электронной форме Как определить дату получения дохода в натуральной форме для исчисления НДФЛ

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ қандай таъминланади

21.11.2022

Читать на русском языке

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Мажлисда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан мерос ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган. Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорини фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилишини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилган.

 

Қонунга асосан мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки баробарга камайтирилган. Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланган.

 

Автомототранспорт воситаларини бошқаришга ва тасарруф қилишга оид ишончномалар, шунингдек, автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун қариндошлиги бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори камайтирилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шунингдек, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ ишларни маъмурий суд ваколатидан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига берилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Мажлисда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.  Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида,  жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш фаолияти гендерга оид аудит сифатида белгиланмоқда.

 

Қонунда гендерга оид аудит уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.  Гендерга оид аудитнинг натижаларига доир ахборот ва таклифлар Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига юборилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар “Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

 

Қонун билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Уларда кузатув кенгашининг мустақил аъзоларини киритиш талаби, мустақил аъзоликка номзодларни кўрсатиш тартиби, мустақил аъзоларга қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг реестрини юритиш ва уни ошкор этиб бориш билан боғлиқ нормалар ўз аксини топмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан сўнг, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга ва Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг умумий меҳнат стажига ишланган ҳамда ижтимоий солиқ тўланган даврни қўшиб ҳисоблашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Қонун билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш стажига ишланган ва ижтимоий солиқ тўланган даврни қўшиб ҳисобланиши, шунингдек, маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазо турларининг қўлланилишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

 

Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгилаш мезонлари, маҳкумларни рағбатлантириш масалалари, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриш ҳуқуқи аниқ белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳам кўриб чиқилди.

 

Мазкур Қонун билан “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектлари устидан амалга оширилган айрим назорат функциялари бекор қилинмоқда. Хусусан, ҳудудда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни таъминлаш, коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш, тиббий ёрдам сифатининг клиник-статистик стандартларига риоя этилишини назорат қилиш ва бошқа назорат қилиш функцияси бекор қилинди.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини электрон тарзда юритилишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги рўйхати асосида шакллантириладиган мажбурий талабларнинг электрон реестрини юритиш каби ваколатлари берилди.

 

“Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, аудиторларни сертификатлашни тартибга солишда Ҳукумат ва Молия вазирлигининг назорат қилиш роли янада қисқартирилмоқда ҳамда мазкур соҳани бевосита касбий ҳамжамият томонидан ривожлантириш учун вазифалар аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ўтказилмоқда.