Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:ГНК разъяснил как платить НДС при резких скачках оборотов по реализации Для штрафов при выставлении ЭСФ за прошедший период – нет оснований Что изменилось в купле-продаже валюты с начала года Обязательна ли доверенность в электронном виде Как заполнить обновленные приложения №5 и №6 к Расчету НДФЛ и соцналога (пошаговая инструкция)

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва деҳқонлар учун қоидалар

31.12.2020

Читать на русском языке

2020 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

 

Депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

 

Қонун лойиҳаси Президентнинг 18.02.2020 йилдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Қонун лойиҳаси билан айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни – уйда ҳайвонларни сақлаш, жумладан уйларда ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш каби ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун баённома расмийлаштириш орқали жазо чораларини кўриш профилактика инспекторларига берилмоқда. Ҳужжат биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

 

«Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини қонуности ҳужжатлари асосида юритиб келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси мазкур хизмат фаолиятини ташкил этиш учун шаффоф ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Қонун лойиҳасида қўриқланиши белгиланган шахсларнинг тоифаси, Президент давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ўз аксини топган. Шунингдек, лойиҳада ушбу хизматнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

 

Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган набатдаги мажлисида «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

 

Қонун лойиҳасида шахсий томорқа ер участкаси, шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ифодаланмоқда. Чунончи, ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриш, сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш акс эттирилган. Уй-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қуриш тақиқланади.

 

Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг шахсий томорқа ер участкаларида томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги вазифалари ва иштироки очиб берилмоқда.

 

Лойиҳада камида 4 сотих бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида 50 та парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзоларидан бири йилига БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлаши мумкинлиги белгиланмоқда. Солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир йил деб ҳисобга олинади. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Қонун лойиҳасида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилиши ва ундан ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланиши кераклиги белгиланмоқда. Ердан деҳқон хўжалигининг ихтисослашувида назарда тутилмаган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкинлиги назарда тутиляпти.

 

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бино ва иншоотлар, шу жумладан ерости иншоотларини қуриш тақиқланмоқда. Бундан енгил конструкцияли иссиқхона ва бошқа шу каби қурилмалар, шунингдек, суғориш иншоотларини қуриш мустасно. Деҳқон хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ихтисослашувга кўра амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғи уч баравар миқдорда ундирилади.

 

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз реализация қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солинмайди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

 

Депутатлар «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда, бобма-боб муҳокама қилдилар.

 

Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унинг қатор моддаларига, жумладан унинг номланишига ўзгартиш киритилди. Қонун лойиҳасидан ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.

 

Қонун лойиҳаси фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан қабул қилинди.

 

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Экологик аудит тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

 

Дунёнинг аксарият давлатларида атроф муҳит муҳофазаси ва табиатдан оқилона фойдаланишни назоратга олиш мақсадида барча хўжалик юритувчи субъектларга экологик назорат институтининг нодавлат, мустақил махсус тури – экологик аудит қўлланилади. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Италия, Швеция, Нидерландия каби давлатларда экологик аудиторлик фаолияти алоҳида қонун хужжати билан тартибга солинган.

 

Лойиҳа Президентнинг 3.10.2018 йилдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3956-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

Қонун лойиҳасининг амалиётга кенг татбиқ этилиши мамлакатимизда экологик аудит соҳасидаги янги хизматлар бозорини ривожлантиришга, хўжалик юритувчи субъектларининг фаолиятини давлат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган текширишларни фақат қонун доирасида ўтказишга ва шу боис текширишлар сони кескин камайишига, пировард натижада эса атроф муҳитни муҳофаза қилишга ҳамда фуқароларга қулай ва хавфсиз атроф муҳит яратилишига хизмат қилади.