Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Для кого налог за пользование водными ресурсами будет установлен в пятикратном размере - читать на buxgalter.uzНовая редакция НК: налог за пользование недрами существенно не изменится - читать на buxgalter.uzНовая редакция НК: ЕЗН объединяется с земельным налогом - читать на buxgalter.uz Система Вir.uz возобновила квалификационные экзамены - читать на buxgalter.uzПроект НК: какие нас ждут финансовые санкции - читать на buxgalter.uzТеперь можно обращаться за кредитом в любой банк, независимо от постоянного местонахождения - читать на buxgalter.uzЧто нового ждет налогоплательщиков в персональном кабинете - читать на buxgalter.uzНужно ли писать ответ на требование ГНИ, если вы с ним согласились - читать на buxgalter.uzЧто должен сделать бухгалтер, если выручка превысила 1 000 000 000 сумов - читать на buxgalter.uzДо 25 сентября надо сдать три отчета и уплатить налоги - читать на buxgalter.uz

Инвестициявий муҳит, барқарор ўсиш ва минтақавий савдо

04.01.2019

 

Йирик, юқори унумдор, рақобатдош корхоналарни кўпайтириш ҳамда илм-фан ютуқларига асосланган кичик бизнесни ривожлантириш – иқтисодиётни янгилашга ва инсон омилига йўналтирилган инвестицияларга боғлиқдир.

 

Инвестицияларнинг муаммоси молиявий ресурсларни жалб эта олишдадир, деган ҳукмрон фикр мавжуд. Аслида эса жаҳонда кўплаб ресурслар сафарбар этилмаган ва ишга туширилмаган ҳолда мавжуд. Уларни инвестицияларга йўналтириш учун – шаффоф инвестициявий муҳитдаги юқори самара келтира оладиган лойиҳалар талаб этилади. Лекин бундай муҳитни ҳамма мамлакатлар ҳам муҳайё этишга қодир бўлавермайди-да.

 

Ҳар қандай танилган иқтисодиёт мактаблари эътироф этишига кўра – сармояларнинг негизи бу жамғармалардир. Шунингдек, халқаро инвестицияларга мутлақ суяниб қолиш самарали эмас.

 

Ҳар қандай мамлакат, авваламбор ўз жамғармаларига эга бўлиши лозим. Мамлакатнинг ички манбаларидан қилинадиган сармояларгина халқаро молия бозорларидан «соғлом» инвестицияларни жалб этиши мумкин.

 

Бошқача айтганда, мамлакатнинг иқтисодиёти барқарор ва мустақил тараққий этиши учун халқаро молиявий бозорларнинг маблағларидан сармояларни жалб қилишга қодир бўлган “ишлаётган” ички жамғармалар зарурдир.

 

Иқтисодиёти шаффоф бўлмаган, ўз сармояларини рад этадиган мамлакатга хорижий инвестор келмайди – у ердан капиталлар «қочади». Ёки, мамлакат ҳукумати келган инвестицияларга мўмай даромадни кафолатласа ва бу кўп ҳолларда табиий ресурсларни талон-тарожига асосланган лойихалар бўлса, хорижий инвесторлар сўзсиз оқиб келади. Лекин бу ҳолда мамлакатга узоқ муддатли инвесторлар эмас, молиявий чайқовчилар ташриф буюрадилар. «Чайқовчи инвесторлар» фаолиятидан кўрилган “самарани” Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ва Россиядаги 1998 йилги инқироз мисолида кўрса бўлади.

 

Бундан ташқари, агар инвестицияларнинг катта қисми хорижий капитал ҳисобидан амалга ошириладиган бўлса, у ҳолда фойданинг ҳам катта қисми чет элга чиқиб кетади. Реципиент (инвестицияни жалб қилувчи) мамлакат эса, фойдани олиб қололмагани сабабли, жамғармаларини кўпайтира олмайди ва яна молиявий тутқунликда қолиб кетади.

 

Шундай экан, инвестициялар ва молиявий мустақилликни жиддий тарзда ошириш учун мамлакат ичидаги жамғармаларнинг бўлиши зарур.

 

Глобаллашув назариётчилари буни инкор этишади. Улар валюта тўлиқ конвертация қилинган тақдирда капиталнинг бир мамлакатдан бошқасига эркин оқиб ўтишига шароит бўлади ва мамлакатнинг ички жамғармаларига эҳтиёж йўқ деб таъкидлашади. Лекин бу хатарли “янглишишдир”.

 

Ички жамғармалар шаклланиши учун иқтисодиётда етарлича пул массаси бўлиши талаб этилади, иқтисодиётнинг бир тармоғида жамғарилган маблағлар – бошқа, инвестицияларга эҳтиёжи юқори бўлган ҳамда қўйилмалардан кўпроқ фойда келтирадиган, тармоқ ва корхоналарга тақсимлана оладиган бўлиши керак. Бу жараён эркин пул оқимларига асосланган холда амалга оширилиши мумкин. Бу жараёнлар банк тизими орқали кечиши мумкин, ёки Фонд бозори орқали портфелли сармоялар орқали амалга оширилиши мумкин. Иккала холда ҳам муомаладаги пул миқдори етарли бўлиши шарт.

 

Мамлакатимизда муомаладаги пул массаси билан боғлиқ ишлар қай даражада?

 

Одатда, муомаладаги пул миқдорирининг етарлилиги мутлақ рақамларда эмас, балки ЯИМга нисбатан ҳисобланади, яъни монетизация коэффициентини (пул билан таъминланганлик даражасини) англатади. Бизда мамлакатнинг монетизация даражаси (муомаладаги пул массасининг (миллий валютада) ЯИМ ҳажмига нисбати) МДҲда энг паст даражада бўлиб қолмоқда. Экспертларнинг баҳосига кўра, Россияда монетизация коэффициенти қарийб 50 фоизни ташкил этиб, уни 80-90 фоизга етказишмоқчи. Ўзбекистонда эса мазкур коэффициент – 30 фоиз атрофида деб бахоланади.

Монетизация коэффициентини кўтариш – мураккаб, лекин ўта муҳим жараён. Билъакс, пул массаси ошиши билан давом этиши мумкин бўлган жараён – инфляциядир. Шу туфайли унинг олдини олиш учун пул эмиссиясидан тийилиб турилади.

 

Муомалада пулнинг танқис бўлиши иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлади, иқтисодий трансакциялар муваффақият билан кечмайди, битимлар сустлашади, иқтисодиётнинг асосий қисми умумий бозор иқтисодиёти жараёнидан ортда қолади. (Пул танқислиги – натурал хўжалик – феодал жамоатларга хосдир).

 

Бунда Ҳукумат томонидан иқтисодиётни бошқариш самарадорлиги пасаяди. Кўп ҳолларда муомалада миллий валютанинг ўрнига легал-қонуний иқтисодиёт учун ҳалокатли оқибатлар келтирувчи хорижий валютадан фойдаланилади ва хуфия иқтисодиёт авж олади. Хуфия иқтисодиёт ва коррупция – бир танганинг икки тескари томонларидир. Бундай ҳолда миллий валюта ўзининг барча функцияларини бажармаганлиги сабабидан тўлақонли пул бирлиги бўла олмайди, балки “квази пуллар” – пулсифат воситага айланади.

 

Умуман олганда – бу миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигига путур етказади, уни халқаро молиявий элита манфаатларига бўйсундиради.

 

Бундан ташқари, пулнинг танқислиги аҳолининг харидорлик қобилиятини чеклаганлиги туфайли мамлакатда савдо-сотув ўсишида ноаниқликни келтириб чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни жиловлаб қўяди.

 

Бизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг, жумладан, кенг рағбатлантирилаётган кичик корхоналар маҳсулотлари сотилишини таъминлаш учун – товарларини экспорт қилишга йўналтирилган турли хил тадбирлар ташкиллаштирилмоқда. Лекин кичик корхоналарда маҳсулотнинг таннархи, йирик корпорацияларникига нисбатан ҳам қиммат ҳам сифати паст. Шунинг учун ривожланган мамлакатлар бозорларига уларнинг кириб бориши мураккаб. Бу маҳсулотларни қўшни мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш осонроқ бўлар эди. Лекин бу борада ҳам чекловлар бор – қўшни мамлакатлар билан хам фақат қатъий валютада савдо қилишга рухсат этилади. Бинобарин, қўшниларда ҳам валюта танқислиги ҳукм сураётгани сабабидан минтақавий савдо ҳар икки мамлакат учун манфаатли ишлаб чиқариш ўсиши ва ўзаро савдо рағбатлантирилаётгани йўқ.

 

Агар Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари, Афғонистоннинг шимолий минтақаси билан миллий валютада савдо қилишга рухсат этилса – ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни бир қадар ривожлантиришга туртки берган бўлар эди. Минтақада қайта экспортга (реэкспортга) йўл қўймаган ва муайян миқдорий чегара (лимит) ўрнатган ҳолда бундай савдога рухсат бериш яхши самарага эриштириши мумкин. Бу каби савдо ҳажмларига муайян лимитларни ўрнатиш ва минтақавий савдода миллий валютадан фойдаланиш – пул массасининг қадрини туширмаган ҳолда, унинг ортишига олиб келади.

 

Миллий валюта миқдорини оширишда тижорий банкларнинг депозит сиёсати такомиллаштирилиши ҳам унинг мустаҳкамлантира олади. Ўзбекистон Марказий банкининг маълумотларига кўра, сўнгги ойларда миллий валютадаги депозитлар хорижий валютадаги депозитларга нисбатан тезкор суръатларда ошиб бораяпти. Лекин, бу асосан жисмоний шахслар депозитларига хос.

 

Миллий валютани янада мустаҳкамлаш муҳитида мамлакат молия бозорини фаоллаштириш, муомаладаги пул миқдорини барқарор ўсишига шарт-шароитлар яратиш учун, юридик мижозларининг ҳисобварақларидаги эркин пул қолдиқларини кредит бериш мақсадларида тасарруф этиш бўйича тижорат банклари олдига босқичма-босқич тақиқ қўйилиши лозим. Бунда корпоратив мижозларнинг фақат муддатли депозитларидан фойдаланиш мумкин бўлади.

 

Бундай чора банкларни юридик шахсларнинг ҳисобварақларидаги эркин пул қолдиқларини кредит мақсадларида жалб этишга доир шартномалар тузишга кўп жиҳатдан рағбатлантирган бўлар эди. Шундай йўл тутиш юридик шахслар учун эркин пул захираларини қисқа муддатга, хатто-ки бир кечага (овернайт) жойлаштириб, молиявий даромад олиш имкониятини яратади. Юридик шахсларнинг рентабелик кўрсаткичи ўсиши ва жамғармалар ортишига хизмат қилади.

 

Тижорат банкларининг ликвидлиги танқис бўлиб турган шароитларда бу ўта мураккаб кечадиган жараёндир. Аммо мазкур дастакни тижорат банкларининг Марказий банкдаги мажбурий захираларини 15 фоиздан 1-2 фоизга қадар қисқартирган ҳолда аста-секин жорий этиб борса бўлади.

 

Ана шу чоралар орқали иқтисодиётнинг монетизация коэффициентини муттасил тарзда ошириб, унинг «долларлашиш» даражасини пасайтириб борса бўлади. Қолаверса, иқтисодиётнинг хуфиёна молиявий захираларини легаллаштириш Фонд биржасидаги иккиламчи бозорнинг фаоллашувини рағбатлантирган ва ўз-ўзидан, халқаро портфелли инвесторларни жалб этишга омил бўлган бўлар эди.

 

Булар қаторида, банклар маҳсулотларининг диверсификацияси мамлакат молиявий бозорининг фаоллашув жараёнига таъсир кўрсата олади. Масалан, «ислом» банкинги бунга мисол бўла олади. Ҳозирча фақат «Ипак Йўли» АИТ Банки “исломий” маҳсулларни ривожлантиришни бошлаган. Мамлакат тижорат банкларининг аксарият қисми ушбу маҳсулотларни муваффақият билан жорий этиши мумкин. Мазкур маҳсулотлар ноисломий бўлган кўплаб ғарб мамлакатларида яхшигина йўлга қўйиб юборилган – унинг воситасида молиявий ресурслар ҳам жалб этилади, инвестицияга ҳам сафарбар этилади.

 

Миллий валюта бирлигини мустаҳкамлаш, маҳаллий жамғармаларни рағбатлантирувчи мамлакат иқтисодиётини зарур молиявий маблағлар ва банк маҳсулотлари миқдори билан таъминлашга йўналтирилган самарали монетар сиёсатнинг шакллантирилиши нафақат инвестициявий муҳитнинг яхшиланишига, ва Марказий Осиёда минтақавий савдонинг ривожланишига, давлатимизда солиқлар ўз вақтида тўлаб борилишига ҳам хизмат қилиши эътиборлидир.

 

Мирёқуб Ҳайдаров, иқтисодчи.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_