1 сентябрга келиб корхона ва ташкилотларнинг кадрлар бўйича хизматлари амалдаги меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказишни якунладилар. Ушбу тажрибадан келгусида кўп фойда кўриш мумкин.
Мисол учун, сизнинг СТИРни олайлик. Унинг реквизитларига лозим даражада эътибор қаратилмаса, у энг ноқулай пайтда нафақат сиз учун, балки иш берувчингиз учун ҳам бош оғриғига айланиши мумкин. Бу ҳақда батафсил – buxgalter.uz шарҳида.
«Норма» компаниясининг кадрлар бўйича катта инспектори, кадрлар ишини юритиш соҳаси эксперти Валерия ЛЯНДРЕС шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди:
– Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиб бўлдим. Икки марта, бу эса мен рўйхатдан ўтказган шартномалар умумий миқдорининг тахминан 1%ини ташкил этади, паспорт маълумотлари ва ЖШШИРни киритиш чоғида дастур «КОД: 108. Фойдаланувчи «soliq.uz» тизимида топилмади» деб жавоб берди. Бунинг сабабини суриштириб, шуни аниқладим: ушбу хато ходимнинг СТИР реквизитларида эски паспорт маълумотлари ёки олдинги прописка қилинган жойи қайд этилганини англатар экан. Ушбу муаммони ҳал қилмай туриб ходимнинг меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказишнинг иложи йўқ.
Биринчи ҳолатда Мирзо Улуғбек туман ДСИ билан боғландик. У ердагилар муаммоимизни тез англаб, уни ҳал қилишда ёрдам бердилар. Солиқ органлари ходими фақатгина ходимнинг паспорти ва СТИРи фотосуратини Телеграм-канал орқали жўнатишни сўради. Унинг ўзи ахборотни текшириб, янги паспорт маълумотларига кўра ходим ДСИда қайд этилмаганини билдирди. Эҳтимол паспортини «туман ИИБ»даги эмас, балки «шаҳар ИИБ»даги прописка қилинган жойидан олмагандир.
Солиқ органи ходимлари 20 дақиқа ичида СТИР реквизитларига керакли ўзгартиришларни киритдилар. Шундан сўнг ходимнинг меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказдик.
Иккинчи ҳолатда ходима прописка қилинган жойдаги Юнусобод туман ДСИга мурожаат қилдик. У ердагилар у ДСИга шахсан келишини талаб қилдилар. ДСИга келганда ходима 2004 йилда СТИРни олган пайтдан буён яшаш жойини ўзгартиргани ва икки марта паспортини алмаштирганини текширдилар. Солиқ органлари ходимлари бошқа жойга кўчганда манзили ўзгаргани ҳақида солиқ органларини хабардор қилиши керак бўлганини айтиб, унга танбеҳ бердилар. Юнусобод ДСИ номувофиқлик сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш учун бу ходимани СТИР расмийлаштирилган жойдаги Ангрен ДСИга йўллади.
Ходима солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Ангрен ДСИга вазиятни баён этган ҳолда сўровнома юборди, у ердан мазкур масалалар фақат ҳақиқатда прописка қилинган жойда ҳал қилинади, деган расмий жавобни олди. Бундай ҳолатдан чиқиш учун ДСҚга ёрдам сўраб мурожаат қилмагунимизча масала ҳал этилмади.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.