Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси карантинни 1 июнга қадар узайтирди.
Республикада коронавирус билан боғлиқ санитар-эпидемиологик вазиятни баҳолашдан келиб чиқиб, ҳудудларни «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратиш жорий этилган.
15 майдан бошлаб «қизил» тоифадаги ҳудудда қуйидагиларга рухсат берилади:
- ҳунармандчилик;
- автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;
- маиший техника ва электроникани таъмирлаш;
- ижара ва лизинг хизматлари;
- бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш.
«Сариқ» тоифадаги ҳудудда қўшимча қуйидагиларга рухсат берилади:
- риэлторлик фаолияти;
- реклама ва маркетинг фаолияти;
- хусусий бандлик агентликлари фаолияти;
- меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;
- парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти. Парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда 09:00 дан 20:00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади;
«Яшил» тоифадаги ҳудудда юқорида келтирилган фаолият турларига қўшимча равишда қуйидагиларга рухсат берилади:
- очиқ сунъий қопламали спорт ўйингохлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
- компьютер ва полиграфия хизматлари;
- музейлар фаолияти;
- ветеринария хизматлари;
- биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.
18 май кунидан бошлаб мамлакатимиз ичида авиа ва темир йўл қатнови қисман қайта йўлга қўйилади.
«Яшил» тоифадаги ҳудудда шахсий автотранспорт воситаларидан чекловларсиз, «сариқ» ҳудудда 6:00 дан 22:00 гача, «қизил» ҳудудда – 7:00 дан 10.00 гача ва 17:00 дан 20.00 гача фойдаланиш мумкин бўлади.