Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда келгуси беш йилда ҳосилдорликни камида 2 баробар кўтариш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини $7 млрд га етказиш мақсад қилингани таъкидланди.
Кластерлар тизими қисқа вақтда катта ўзгаришларга замин яратди. Масалан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100%га етказилди. Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириш ва кластерларга имкониятларни кенгайтириш кераклигини таъкидлади.
– Энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби, – деди Президент. – У соҳани ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаяпти. Пахта-тўқимачилик кластерлари кредит муддатларини узайтириш ва миқдорини кўпайтиришни сўраяпти. Бу эски тизим энди тўлиқ ўзгаради.
Энди пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.
Кластер олган кредитини, хом ашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 трлн сўм йўналтирилади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча $100 млн ажратилади.
Кластерлар томонидан ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси икки йилда ҳозирги 50%дан 70%га етказиш мўлжалланган. Шундан келиб чиқиб, уларга молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилиши маълум қилинди. Масалан, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна $150 млн маблағ ажратилади.
Келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хом ашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.
Йиғилишда кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Келгуси йилдан мева-сабзавот ҳосилини иқлим хавфидан суғурталаш бўйича суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50%и давлат томонидан қоплаб берилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мева-сабзавотчилик кластерлари ва қайта ишлаш корхоналарини инфратузилма билан таъминлаш, ДХШ асосида агрологистика марказлари барпо этиш бўйича топшириқлар берилди.
Фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, келгуси йилдан бошлаб, техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10%дан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади.
Бундан ташқари, лазерли текислаш, ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун ҳам имтиёзлар берилади.