Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Корхонанинг юридик манзили қандай ўзгартирилади

27.04.2018

Юридик манзил нимага керак?

 

Юридик манзил – бу юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш учун зарурий шарт. Ҳар қандай фирма, компания, ташкилот ўз манзилига эга бўлиши зарур. Юридик манзилсиз юридик шахс ташкил этиб бўлмайди.

Солиқ органи ходимлари, муҳим мактублар айнан компаниянинг юридик манзили сифатида танланган жойга келади.

 

Баъзида компаниялар юридик манзилни ўзгартириш муаммоси билан юзма-юз келишади: бошқа бинога кўчиб ўтишади, ижара муддати тугайди, ўз шахсий биноларини харид қилишади ва ҳоказо. Бундай ҳолатларда кейинчалик муаммолар вужудга келишининг олдини олиш учун зарур ҳужжатларни ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш зарур.

 

Кўчишга ҳозирмисиз?

 

Одатда компания бошқа туманга кўчиб ўтаётган бўлса, манзилидан ташқари, унга хизмат кўрсатувчи солиқ инспекцияси ҳам ўзгаради. Масалан, ортиқча тўланган маблағларни қайтариш билан боғлиқ масалалар кўндаланг бўлмаслиги учун олдиндан бухгалтерия ҳисобини текшириб чиқиш ва солиштириш далолатномасини расмийлаштириб қўйиш керак.

 

Компаниянинг муассислари кўп бўлса, янги юридик манзилни рўйхатдан ўтказиш қарорини биргаликда қабул қилиш учун уларнинг барчасини йиғиб, мажлис ўтказилади. Муассис ягона бўлган тақдирда ва ЯТТлар учун ёзма қарорнинг ўзи етарли.

 

Манзил ўзгарса, қайта рўйхатдан ўтиш зарурми?

 

Юридик шахснинг манзили ўзгарган пайтдан бошлаб 10 кун ичида у қайта рўйхатдан ўтказилиши мажбурийлиги Вазирлар Маҳкамасининг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорга 1-илова Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандида белгилаб қўйилган.

 

Рўйхатдан ўтказиш маълумотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) шарт бўлган ўзгартиришлари ва қўшимчаларининг рўйхати (“Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”га 7-илова)нинг 5-бандида Жойлашган жойининг (почта манзилининг) ўзгариши деб келтирилган. Демак, манзил ўзгарса, уни албатта давлат рўйхатидан ўтказиш шарт. Ва, барча ўзгартириш ва қўшимчалар фақат давлат рўйхатидан ўтказилганидан (қайта рўйхатдан ўтказилганидан) кейингина кучга киради.

 

Ҳужжатлар

 

Манзилни ўзгартириш учун ҳужжатларни икки хил усулда тақдим этиш мумкин:

  • Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи марказга шахсан келган ҳолда.
  • Электрон шаклда – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими воситасида.

 

Шахсан борганда

 

Корхона раҳбари у жойлашган туман ёки шаҳар давлат хизматлари марказига мурожаат қилади.

 

Талаб этиладиган ҳужжатлар:

  • жисмоний шахслар учун – манзилни ўзгартириш бўйича қарор, юридик шахслар учун – баённома қарори;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат;
  • уставга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни.

 

Давлат хизматлари маркази мутахассиси тақдим этилган ҳужжатлар асосида fo.birdarcha.uz сайтида манзилни ўзгартириш бўйича аризани шакллантиради (аввал ариза талабгор томонидан олиб келиб топширилар эди).

 

Солиқ кодексининг 84-моддаси 1-қисмига кўра, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ушбу юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 10  кундан кечиктирмай тегишли юридик шахсларнинг давлат реестридан кўчирма топшириши шарт. Мазкур органлар давлат солиқ хизмати органига тегишли юридик шахсларга тааллуқли давлат реестрига киритилган ҳар қандай ўзгартишлар тўғрисида ҳам бундай ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт.


Ушбу ҳолатда рўйхатдан ўтказувчи органлар ва ваколатли ташкилотларнинг (солиқ, банк, статистика, кадастр ва бошқалар) ўзаро ҳамкорлиги интеграцияланган ягона Тизим воситасида амалга оширилади.

 

Корхонанинг эски манзили ва у кўчиб ўтган янги манзил киритилади. Ариза билан танишиб чиққан раҳбар унга имзо қўяди ва Давлат хизматлари маркази ходими қайта рўйхатдан ўтказишни амалга оширади.

 

Марказ ходимига бу ишларни бажариш учун кўпи билан 16 соат вақт берилган.

 

Электрон ариза топшириш учун:

  • Электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида порталда рўйхатдан ўтиш ва шахсий “Тадбиркорлик субъекти кабинети”га кириб, “Бизнесни қайта рўйхатдан ўтказиш” хизмати танланади (“Ягона дарча” марказининг сайти орқали – fo.birdarcha.uz);
  • Сўнгра электрон ариза тўлдирилади;
  • Аризага уставга киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни давлат тилида pdf шаклда илова қилинади;
  • Давлат божи тўланади.

 

Бунда давлат божини ҳам банк орқали тўлаш ҳам мобиль телефон ёрдамида пластик карточка ёрдамида тўловни амалга ошириш мумкин.

 

Бу - муҳим! Давлат божи марказга шахсан келиб тўланган тақдирда ЭКИҲнинг 50%ини, электрон шаклда ариза топширганда эса ЭКИҲнинг атиги 25%ини ташкил этади.

 

Шу тариқа корхона янги манзилга автоматик равишда кўчириб ўтказилади. Ягона дарча хизматларининг интернет тизими Солиқ ва статистика органлари билан интеграция қилингани боис дастурдаги субъектнинг эски жойдан рўйхатдан чиқарилганлиги ва янги жойда рўйхатдан ўтганлиги ушбу органларда ҳам дарҳол акс этади. Яъни уларни хабардор қилиш шарт эмас (аввал манзил ўзгартирилгани ҳақида 10 кун ичида хабардор қилиши зарур эди).

 

Янги манзил бўйича автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни қабул қилиб олган марказ вакили гувоҳнома тайёрлаб, уни корхона эгасига топширади.

 

Бу - муҳим! Электрон шаклда аризани тўлдиришда саволлар юзага келганда fo.birdarcha.uz сайтида келтирилган ягона дарча хизматларининг бўлимларига қўнғироқ қилиб, исталган маълумотни олиш мумкин.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-10-16
  • USD:8208.04 (+26.96) сум
  • EUR:9490.14 (+63.08) сум
  • RUB:123.85 (+1.12) сум