Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 май куни товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланишича, биржа савдоларининг 85%ини 45 турдаги юқори ликвидли товарлар ташкил этмоқда. Тўқимачилик, ипак, чарм ва кабель маҳсулотлари, ҳудудлардан Сирдарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг биржа савдоларидаги иштироки паст бўлиб турибди.
Шу боис давлатимиз раҳбари маҳаллий маҳсулотларни биржага қўйишда туманларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мисол учун, 1 июлдан 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиш йўлга қўйилади. Йиғилишда бу жараённи ташкил этиш, фермер ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиб, уларга қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Фермерлар буғдойни биржага қўйганда, улардан гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.
Бугунги кунда 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналаридан бор-йўғи 3,6 мингтаси биржага ўз маҳсулотини чиқармоқда. Шу боис, маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштирилади.
1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда, бир вақтнинг ўзида, биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади.
Яна бир қулайлиги – маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади. Солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотган ёки харид қилган товарлари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилмайди.