Марказий банкнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш департаменти Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш хизмати этиб қайта ташкил этилади.
МБнинг маълум қилишича, Президентнинг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сон «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Хизматнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
- банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш;
- молиявий очиқликни ошириш;
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлик даражасини ошириш.
Шунингдек Жамоатчилик қабулхонаси ташкил қилинади, у ерга истеъмолчилар турли маслаҳатлар ва тушунтиришлар олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Истеъмолчилар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш учун энг қуйи талабларни белгилаш режалаштирилмоқда. Мижозларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, инновацион хизматларни кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Марказий банк истеъмолчиларга кредит ташкилотлари хизматлари ҳақида ишончли ва тўлиқ ахборот тақдим қилишдаги тўсиқларни бартараф этишни назарда тутади.
Хизматга (0371) 200-00-44 телефон рақами орқали ёки Тошкент ш., И.Каримов кўчаси, 6-уй манзили бўйича мурожаат қилиш мумкин.