Ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун Марказий банк бошқаруви 2025 йил 12 июнда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сўнгги ойлардаги иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби динамикалари ҳамда базавий инфляциянинг ўсиш тенденцияси иқтисодиётда инфляцион босимлар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда. Бу, ўз навбатида, умумий инфляциянинг май ойидаги бироз пасайишига қарамасдан инфляция прогнози траекториясидан юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур шароитда инфляцион жараёнларга энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирларини пасайтириш ва умумий инфляциянинг барқарор пасаювчи трендга ўтишини таъминлаш мақсадида асосий ставка жорий даражасида қолдирилди.
Йил бошидан ўсувчи трендда шаклланиб келган умумий инфляция даражаси май ойида ўтган йилги энергия тарифлари оширилишининг бирламчи таъсири чиқиб кетиши ҳисобига пасайиб, йиллик 8,7 фоизга тенг бўлди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари умумий инфляциядан юқори даражада шаклланмоқда.
Хизматлар инфляцияси тезлашиши ҳисобига базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси сақланиб қолди, у май ойида йиллик 8,5 фоизга етди.
Иқтисодиётда юқори ялпи талаб шароитида жорий энергия нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши кузатилмоқда, бу узоқроқ муддатли инфляцион босимни кўрсатади.
Жорий йилнинг январь-май ойларида юқори иқтисодий фаоллик ялпи талабни шакллантиришда асосий омиллардан бири бўлди. Бу савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ошиши, шунингдек банклараро операциялар ҳажми ва кўчмас мулк савдоси битимлари сонининг ўсишида намоён бўлмоқда.
Иқтисодиётга кредит ажратишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиши ва бюджет харажатларининг ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ушбу омиллар келгусида ялпи талабни қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётдаги нархлар даражасига босим ўтказиши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ва халқаро савдодаги кескинликлар натижасида кўп давлатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлиги узоқроқ муддатга сақланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойлардаги айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари ўсиши келгусида ички нархларга қўшимча босим яратиши мумкин.
Анъанавий экспорт товарларининг биржа нархларини юқори даражада сақлаб қолиши ва савдо ҳамкор давлатларида валюта курсининг мустаҳкамланиши экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари ўсишига ёрдам бермоқда. Бу, ўз навбатида, хорижий инвестициялар оқими билан бирга ички валюта бозорида таклифнинг барқарор шаклланишини таъминлаб, келгуси ойларда валюта курси томонидан инфляцияга босимнинг камайишига хизмат қилади.
Пул-кредит шароитларининг жорий қатъийлик даражасини сақлаб қолиш келгусида кредитлаш ҳажмининг мўътадил ўсишига ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишига ёрдам беради. Бу ялпи талабни мувозанатлаштириш ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Марказий банк ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришиш учун пул-кредит шароитларининг етарли қатъийлигини таъминлайди.
Агар иқтисодиётда ялпи талаб ва иккиламчи таъсирлар томонидан инфляцион босим яқин ойларда кутилганидан юқори бўлиши тўғрисида асослар ва эҳтимоллар юзага келса, пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси қайта кўриб чиқилиши мумкин.
* Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 июлга белгиланган.