Марказий банк Бошқаруви 2026 йил 29 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Умумий инфляция пасайишда давом этмоқда. Прогнозларга кўра, йил охирига келиб унинг 6,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ташқи омиллар таъсирининг кучайиши фонида инфляциянинг пасайиши секинлашди.
Иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши, ялпи талабнинг ошиши ва ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқлик сақланиб қолаётган шароитда инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш зарур деб топилди.
2026 йил март ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 7,1 фоизгача пасайди ва прогноз қийматлари доирасида бўлди. Ушбу пасайиш асосан айрим товарлар бўйича ўтган йилги юқори база таъсирининг тугашини акс эттиради. Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди.
Март ойида инфляцион кутилмаларнинг пасайиши давом этаётганига қарамай, улар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланмоқда.
Сўнгги ойларда инфляциянинг кенг қамровли пасайиши секинлашди, бу эса жорий инфляцион тенденциялар билан бир қаторда иқтисодиётда инфляцион босим сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якуни бўйича умумий инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг I чорагида иқтисодий фаоллик жадаллашди, ялпи ички маҳсулот 8,7 фоизга ўсди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва савдо соҳаларининг фаоллашуви иқтисодиётда ялпи талаб омилларининг устунлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатга инвестициялар оқими, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг барқарор ўсиши келгуси чоракларда ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, 2026 йилга мўлжалланган иқтисодий ўсиш прогнозлари 7-7,5 фоизгача оширилди.
Ташқи иқтисодий муҳитда геосиёсий кескинликнинг кучайиши фонида нефть ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари ошиши хавфи кучаймоқда. Бу логистика ва транспорт харажатларининг ошиши билан биргаликда импорт нархлари канали орқали ички инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг мустаҳкамланиши, олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолиши, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватламоқда.
Иқтисодиётдаги ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватлайди ва кредитлашнинг мўътадил суръатларига кўмаклашади.
Кўрсатиб ўтилган омилларни ҳисобга олган ҳолда, жорий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолиши инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайишини ва инфляцион кутилмаларнинг жиловланишини таъминлайди.
Марказий банк инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатишда давом этади. Умумий инфляцияни оширувчи омилларнинг кучайиши ва инфляцион кутилмаларнинг ўсиши натижасида 5 фоизлик таргетга эришиш муддатларининг четга чиқиши хавфи юзага келганда пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишга қаратилган бўлиб қолади.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнга белгиланган.





