Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Маслаҳатчилар ёрдам беради

16.03.2018

Ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, сотиш бозорларини кенгайтириш – миллий бизнес олдида ана шундай мақсадлар турибди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан амалга оширилаётган «Кичик бизнес учун маслаҳатлар» дастури уларга эришишда ёрдам бера олади.

 

Дастур Марказий Осиё, Болқон ярим ороли, Кавказ, Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги 30 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилмоқда. Унинг амал қилиш зонаси мунтазам кенгайиб бормоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида тегишли битим имзолангандан кейин дастур 2017 йил ноябридан бошлаб Ўзбекистондаги ўз фаолиятини тиклади, – дея маълум қилди дастур етакчи менежери Шерзод Акбаров.

 

– Шерзод, дастур мақсади ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

 

– Ушбу дастур кўмагида муваффақиятга эришган 30 дан ортиқ мамлакатдаги аниқ тадбиркорлик субъектлари ҳақида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Улар янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштирдилар, янги сотиш бозорларига чиқдилар, муайян стандартларга мувофиқлик сертификациясидан муваффақиятли ўтдилар, энергия ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этдилар. Яқин орада ушбу рўйхатдан Ўзбекистон вакиллари ҳам жой олишига ишончимиз комил.

 

Дастур маслаҳат бериш воситасида бизнеснинг ноу-хаудан кенгроқ фойдаланишини кўзлайди. Ҳар қандай ишни бошлаётган тадбиркор шу соҳада билими йўқлиги ёки камлиги сабабли қийинчиликларга тўқнаш келиши мумкин. Булар стратегия, маркетинг, ташкилий тузилма, операцион фаолият, технологиялар, техник ечимлар, сифат бошқаруви, молия бошқаруви, энергиядан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни такомиллаштириш зарурати билан боғлиқ масалалар бўлиши мумкин. Бунда консалтинг компаниялари хизматларидан фойдаланиб, уларни осон ва самарали ҳал этиш имкони бор. Мутахассислар вазифа ечимининг бизнес-режасини ишлаб чиқиш, техник-иқтисодий асосланма тузиш, корхонани халқаро стандартлар жорий этилишига тайёрлаш ва натижада инвесторлар учун корхонанинг жозибадорлигини оширишда ёрдам берадилар.  

 

Ўзбекистонда консалтинг хизматлари бозори анча ёш бўлиб, унинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш лойиҳанинг вазифаси саналади.

 

Консалтинг хизматларининг 90%гача қийматини қоплаш учун компанияларга грантлар ажратамиз. Дастур доирасида бенефициарнинг муайян лойиҳасига 60 минг еврогача ажратилиши мумкин. Лойиҳа маҳаллий маслаҳатчиларни ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки рўйхатидаги хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Уларнинг барчаси малака борасида танловдан ўтган, бу юқори сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш имконини беради. Маслаҳатчиларни танлашда лойиҳаларимиз иштирокчиларини чекламаймиз. Улар рўйхатларимизга киритиш ва лойиҳаларида қатнашиш учун ўз номзодларини таклиф эта оладилар.

 

– Қандай маҳаллий компаниялар дастур доирасида грант олиши мумкин?

 

– Булар Ўзбекистон резидентларига тегишли бўлган, ўсиш ва янада юксак марраларни қозонишга интилувчи, келгуси ривожланиш йўли ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган корхона ва компаниялардир. Бунда ходимларининг сони 250 кишидан ошмаслиги лозим. Ушбу компаниялар 50 миллион евродан ортиқ бўлмаган йиллик тушумга эга бўлиши ёки умумий баланси 43 миллион евродан (эквивалентда) ошмаслиги керак. Муайян ҳолларда ходимлари сони 500 кишигача бўлишига йўл қўйилади. Бизнеси тамаки маҳсулотларини, ўткир алкоголли ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотиш, қимор бизнеси ва салбий ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тадбиркорликнинг бошқа турлари билан боғлиқ бўлган тадбиркорлар бундан мустасно.    

 

Республиканинг барча минтақалари вакиллари дастурда иштирок этишларини кўзлаяпмиз. Бунинг учун ўқув семинарлари ўтказамиз. Улар Фарғона водийси, Бухоро ва Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ишбилармон доиралари учун ўтказилди. Баҳорда республиканинг жанубий минтақалари учун семинар ўтказмоқчимиз.  

 

– Ўзбекистонда дастурни амалга ошириш натижасида нималарга эришилди?

 

– Ўзбекистонда дастурнинг амалга оширилиши тикланганига тўрт ой бўлди, ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Маҳаллий компаниялар иштирокида бир қатор пилот лойиҳалар иш бошлади. Бироқ лойиҳани амалга ошириш доирасида эришилган аниқ натижалар ҳақида ҳозирча гапиришга эрта, ҳаммаси энди бошланаяпти. Ушбу учрашувимиз охиргиси эмас деб умид қиламан. Келаси сафар муваффақиятли мисоллар ҳақида кўпроқ гапириб бераман.

 

2017 йил якунига келиб Ўзбекистонда «Кичик бизнес учун маслаҳатлар» дастури доирасида саккизта лойиҳа амалга оширилди. Учта компания олдидаги вазифаларни ҳал қилиш учун хорижий маслаҳатчиларни жалб этдик. Хорижий мутахассислар бенефициарлар билан 12 ойдан 18 ойгача ишлайдилар. Натижада корхоналарга янада юксак натижаларга эришишларида ёрдам берувчи энг илғор жаҳон амалиётлари жорий этилиши лозим.

 

Бошқа бешта лойиҳа маҳаллий консалтинг компаниялари экспертлари иштирокида амалга оширилмоқда. Илк босқичда лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий консалтинг компанияларининг ресурслари етарли бўлмаслигидан ташвишланган эдик. Бироқ амалда Тошкентда таклифлар етарли эканлигининг гувоҳи бўлдик.

 

Маҳаллий консалтинг компанияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг хорижий маслаҳатчиларини жалб этган ҳолда беш кунлик семинар-тренинглар ташкил этдик. Улар ўзбек консалтинг компаниялари мутахассислари орасида катта қизиқиш уйғотди. Уларда 48 нафар мутахассис иштирок этди.

 

Истиқболда консалтинг хизматлари бозорининг ҳолати тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун уни тадқиқ қилмоқчимиз. Ҳозирча бундай таҳлил ўтказилмаган. Ушбу материаллар Ўзбекистондаги консалтинг хизматлари бозорини аниқ мақсадли ривожлантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар қабул қилиниши учун асос бўлади. 

 

Олег Гаевой.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-06-19
  • USD:7883.99 (--25.38) сум
  • EUR:9150.95 (--155.21) сум
  • RUB:124.89 (--1.83) сум