Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

МБ: Аҳоли бир ҳафтада банкларга 200 миллион АҚШ доллари топширди

14.09.2017

 

Марказий банкда Президентнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан учрашув ўтказилди.

 

Журналистлар ва Марказий банкнинг мутасадди ходимлари ўртасида ўтказилган учрашувда мутахассислар мамлакатимизда валютани либераллаштириш бўйича энди илк қадамлар қўйилаётгани, ягона фикрга келиб, бу поғонага ўтиш учун бир йил тайёргарлик кўрилганини билдиришди.

 

- Валюта айирбошлаш шохобчалари очилганидан кейин ОАВда ҳам салбий, ҳам ижобий  шарҳлар берилди,дейди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов. Аммо бир ҳафта ичида аҳоли ушбу шохобчаларга ҳаммаси бўлиб 200 миллион АҚШ долларини топширгани, яна 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ юридик шахсларга конвертация қилиб берилгани эътиборга лойиқ.

 

Долларнинг нархи энди тушадими?

 

Валюталарнинг баҳоси савдо-сотиқ билан боғлиқ равишда бутун жаҳонда доим ўзгариб туради. Унинг курсини прогноз қилиш қийин масала. Ички ва ташқи омиллар унинг баҳосини белгилайди. Ички омилларга пул-кредит муносабатлари кирса, ташқи омиллар сирасига  жаҳон мамлакатлари билан савдо-сотиқ муносабатларининг аҳволи киради. Яъни, валютанинг мамлакатга кириш оқими қанча кўп бўлса, унинг баҳоси шунча тушади.

 

Мобиль операторлари учун эски қиймат ҳақиқийми?

 

Аслида мобиль операторларининг ўз хизматлари учун тўловни хорижий валютада белгилаши учун ҳеч қандай асос бўлмаган. Харажатларининг аксарият қисми миллий валютада, фақат онда-сонда чет элдан асбоб-ускуналар олиб келиши мумкин. Валюта қиймати икки карра ошиши билан уларнинг харажатлари кўпаймайди.

 

Қолаверса, барчамизнинг мақсадимиз бир — миллий валюта қадрини тиклаш. Барча ташкилотлар валютани либераллаштириш бўйича таклифни яхши қабул қилишди. Аввал, ҳатто норматив ҳужжатларда ҳам миллий валютамиз камситиб келингани сир эмас, энди бундай бўлмайди.  Авиачипталар, автомобиллар кабиларнинг нархи ҳам энди фақат миллий валютада белгиланади.

 

Банклар аҳолига нақд валюта бермайдими?

 

Президентнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони валюта бозоридаги мавжуд муаммоларнинг деярли 90 фоизини ҳал этди. Фармон биз кутганимиздан ҳам олдин чиқди. Юқорида айтганимдек, бугун биринчи қадамларни қўймоқдамиз.

 

Банклар фалон санадан бошлаб нақд АҚШ долларини бера бошлайди, деб айта олмайман. Аммо бир неча ой ичида бу албатта бўлади...

 

Аввал банклар томонидан аҳолига нақд пул бериш муддати ўрнатилмаган эдими? Айнан фармон чиқишини кутиб, кейин икки баравар қиммат нархда конверсион картага маблағ тушириб берган банклар ҳам бўлди.

 

Бу масалага бир томонлама ёндашиб бўлмайди. Банк нақд валютани беришда доим ўзида мавжуд захиралардан келиб чиқади. Ҳеч ким банкка олиб келиб валюта топширмасди, талаб эса катта бўлган. Шу боис одамлар навбатга туришига тўғри келган, уни бериш бўйича банкларга ҳеч қандай муддат қўйилмаган.

 

Давлат фуқароларга енгиллик яратиш, жумладан импорт қилинаётган маҳсулотлар, истеъмол моллари, айниқса, хорижий валютада юртимизга келтириладиган ижтимоий аҳамиятли дори-дармонлар нархини арзонлаштириш, улар қийматига валюта курсининг икки баравар ошиши  таъсир кўрсатмаслиги учун саъй-ҳаракатлар олиб бораётгани таъкидланди. Субсидиялар ажратилаётгани, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилаётгани шулар жумласидандир. Куни кеча эълон қилинган импорт қилинадиган шакарни божхона божи ва акциз солиғидан озод қилиш масаласига доир қарор сўзимизнинг яққол далилидир.

 

Мутасаддилар журналистлар истаган саволларини беришлари мумкинлиги, вақт бўйича ҳам ҳеч қандай чекловлар йўқлигини билдирди. МБ раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов, МБ раисининг ўринбосари Ботир Зоҳидов ва Монетар сиёсат департаменти бошлиғи Илҳом Норқулов саволларга атрофлича  жавоб қайтаришга ҳаракат қилишди. Шунингдек, энди ОАВ вакиллари билан шундай учрашувлар тез-тез ўтказилиши ва анъанага айланишини таъкидлашди.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

Курс валют

2018-05-22
  • USD:7997.95 (--27.88) сум
  • EUR:9396.79 (--200.50) сум
  • RUB:128.37 (--1.26) сум