Бизнесда МЧЖ муассиси улушини (улушининг бир қисмини) бошқа муассис ёки ўзга шахсга олди-сотдиси етарлича тез-тез содир бўлади. Гарчи бу битим одатий ҳолатга айланган бўлсада, кўпинча муассислар улушнинг сотиш нархи ва унинг солиқ оқибатларига боғлиқ саволларни беришади. Ушбу материал тез-тез бериладиган саволлар асосида тайёрланди.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- МЧЖда улуш: сотиш учун нарх
МЧЖда улуш: сотиш учун нарх
29.07.2016
Нархни аниқлаш вариантлари
Модомики амалдаги қонунчиликда улушни муайян нархда сотиш бўйича ҳеч қандай талаб йўқ экан, Фуқаролик кодексининг (ФК) 354-моддаси (шартнома тузиш эркинлиги) сабабли мулкдор улушни сотишда унга ўзи нарх қўйишга ҳақли.
Ҳозирги қонунчиликни инобатга олган ҳолда улушни сотиш учун унинг нархини белгилашнинг уч вариантини ажратиш мумкин:
номинал қиймати;
ҳақиқий қиймати;
шартнома қиймати.
Улуш тушунчаси, уни аниқлаш, номинал ва ҳақиқий қиймати ўртасидаги фарқ масаласи бизнинг “МЧЖда улуш: номинал ва ҳақиқий қиймати” материалимизда кўриб чиқилди. Бу энг муҳим тушунчалар ва уларга эътиборсиз бўлиш мумкин эмас, чунки улушнинг сотиш нархини аниқлашнинг ҳар қандай танланган вариантида улар ўзига хос ориентир бўлиб хизмат қилади.
Бошқа шахслар учун нархнинг асосланганлиги
Муайян ҳолатларда улушнинг сотиш нархининг асосланганлиги қарор қабул қилишда солиққа оид харажатларга нисбатан анча муҳим фактор бўлиши мумкин. Битим нархининг шаклланишини, эҳтимол, тушунтириб беришга тўғри келадиган бошқа шахсларнинг доираси етарлича кенг: улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқига эга ҳаммуассислар, муассиснинг (сотувчи) хотини (эри), шунингдек собиқ хотини (эри), солиқ хизмати, нотариус, суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари (аниқ вазиятга боғлиқ ҳолда). Шубҳасиз, ҳаммасидан кўра кўпроқ битим тарафлари солиқ хизмати билан учрашадилар. Шунинг учун битим баҳосини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишда муассис қуйидаги жиҳатларни инобатга олиши лозим.
Улушнинг номинал қиймати жамиятнинг таъсис ҳужжатларида аниқ кўрсатилган ва саволлар туғдирмайди, ниҳоятда кам ҳолларда ҳамда ушбу ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асосида ўзгаради. Бўлғуси низолар нуқтаи назаридан қараганда энг тинч вариант – устав кўрсатилса кифоя. Бироқ, олдинги материалимизда кўриб чиққанимиздек, номинал қиймат одатда улушнинг ҳақиқий қиймати миқдорига мос келмайди.
Бу эса вазиятга боғлиқ ҳолда турли эҳтимолий солиқ харажатларини билдиради.
Улушнинг ҳақиқий қиймати қонун билан белгиланган у ёки бошқа воқеа бўлишидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади. (мазкур ҳолатда – ўхшашлиги асосида олди-сотди битимини амалга оширишдан олдинги давр).
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг1. 14-моддаси тўртинчи қисмига асосан жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади. Шундай қилиб, бухгалтерлик баланси асосида ҳар қандай бошқа шахсга бу нархни асослаб бериш мумкин.
Бироқ ҳамма муассис ҳам улушнинг ҳақиқий қиймати миқдорида аниқланадиган сотиш нархига рози бўлмайди. Далил шундай иборатки, балансда жамият активлари ҳақиқий бозор қийматида эмас, балки қолдиқ қиймати бўйича аниқланади, бу эса деярли доим паст бўлади.
Улушнинг шартнома қиймати улушни олди-сотди шартномасини тузишда активларнинг бозор қиймати, ишланган мижоз базаси, асосий фаолият тури спецификаси, фойда келтиришлик ва ҳ.к.дан келиб чиқиб тарафлар келишувига кўра аниқланиши мумкин. Лекин бундай нархни асослаш осон бўлмайди, чунки қийматни аниқлаш методикаси ва улушнинг ўртача бозор нархи мавжуд эмас. Шунинг учун бу вариант муайян ҳолларда ишончли эмас, бошқа шахслар билан тушунмовчиликка ва низоларга олиб келиши мумкин, ва эҳтимол, юқорида айтиб ўтилган икки вариантга мурожаат қилган мақсадга мувофиқ бўлади.
Солиқ солиш учун бошланиш нуқтаси
Амалиётда бу масала етарлича мураккаб, чунки бевосита қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ва бу турли тарзда талқин қилинишига йўл қўяди.
Модомики улушнинг ҳақиқий қиймати охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг соф активлари ҳолатини акс эттирар экан, айнан ушбу нарх жамият бухгалтерлик баланси асосида улушнинг ҳақиқий жорий қийматини акс эттиради. Шунинг учун, солиқ харажатларини аниқлашда айнан улушнинг ҳақиқий қийматига таяниш лозим.
Айрим муассислар солиқ оқибатларини улушнинг номинал қийматидан келиб чиқиб аниқлаш керак деб ҳисоблашади. Бироқ номинал қиймат МЧЖнинг жорий молиявий аҳволини акс эттирмайди, чунки жамиятнинг динамикаси ва хўжалик фаолияти самарадорлигини инобатга олмайди (олдинги материалга қаралсин).
Мисол. 2010 йилда МЧЖни ташкил этишда устав фонди 10 млн сўм (100% улушнинг номинал қиймати) миқдорида белгиланган. Муваффиқиятли фаолият амалга оширилганда 2016 йилга келиб МЧЖ 100 млн сўм соф активга эга бўлади (100% улушнинг ҳақиқий қиймати). Мутлақо аниқки, номинал қиймат улушнинг жорий ҳақиқий қийматига мос келмайди. Ҳақиқий қиймат эса улуш бугунги кунда қанча туришини кўрсатмоқда. Шунинг учун солиқ оқибатларини аниқлаш учун улушнинг ҳақиқий қийматини қўллаш лозим.
Солиқ харажатларини аниқлашга умумий ёндашув
Аввало сотувчи киму харидор кимлигини – жисмоний шахс ёки юридик шахс эканлигини аниқлаб олиш лозим. Шундан келиб чиқиб битимнинг ҳар бир тарафига солиқ солиш аниқланади. Тарафларда солиқ имтиёзлари мавжуд/мавжуд эмаслиги аниқланади.
Тегишинча, улушни олди-сотди битимини амалга оширишдан даромад олинган тақдирда у ёки бу тарафда солиқ солиш миқдори (ставкаси) қандай бўлиши аниқ бўлади.
Сўнгра улушнинг номинал ва ҳақиқий қийматини аниқлаш ва улар ўртасидани фарқни аниқлаш зарур.
У ёки бошқа қийматда солиқнинг аниқ суммасини ҳисоблаган ҳолда номинал қийматда сотиш нечоғли фойдалилигини ёки ҳар ҳолда ҳақиқий қиймат (ёки хоҳиш бўлса шартномавий қиймат) бўйича сотиш кераклигини аниқлаб олиш мумкин2.
Ҳар бир аниқ ҳолатда муайян индивидуал нозик жиҳатлар мавжуд, булар ҳақида битта материал доирасида сўз юритишнинг имкони йўқ. Шунинг учун бундай битимга тайёрланишда амалиётчи юристга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.
Мавзу бўйича материаллар:
МЧЖда улуш: номинал ва ҳақиқий қиймати
Иштирокчи келди, иштирокчи кетди...
1 6.12.2001 йилдаги.
2 Бунда бошқа шахслар учун нархнинг асосланганлигини чамалаб кўрган ҳолда.