Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzВ каких единицах измерения отмерять корма для собак и кошек Почему система ЭСФ не должна требовать коды цифровой маркировки на б/у технику Как исправить ошибку в чеке ККТ Как выставлять счета-фактуры при лизинге

Меҳнат шартномасини тузишда 5 та хато

16.05.2018

 

Нима учун меҳнат шартномасини тўғри тўлдириш, ходим лавозимининг номи ва унинг функционал вазифаларини иложи борича аниқ белгилаш учун «иш жойи» ва «иш ўрни» тушунчаларини чалкаштирмаслик муҳим? Ушбу шарҳда иш берувчи меҳнат шартномасини расмийлаштиришда кўп йўл қўядиган қоидабузарликлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Қуйидаги кўп учрайдиган хатолар рўйхати билан танишиб чиқинг, ташкилотингизда улардан бирортаси учрайдиган бўлса, уни эътиборингизга олиб, бундан буён бунга йўл қўйманг. Ёдингизда бўлсин, давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори аниқлаган қоидабузарликлар иш берувчининг жавобгарлиги ҳақида тақдимнома киритиш ва уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.  

 

1-хато. Меҳнат шартномаларида мажбурий шартлар қайд этилмайди ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланганига нисбатан кафолатлаш даражасини пасайтирувчи шартлар кўрсатилади.

 

Ишга қабул қилиш ёзма меҳнат шартномаси билан расмийлаштирилади. Унинг шакли намунавий меҳнат шартномасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Бу ташкилотингизда қўлланилаётган шаблон тасдиқланган намунадан айнан олинган нусха бўлиши кераклигини англатмайди. Ишлаб чиқаришнинг ўзига хос жиҳатлари, фаолият хусусиятини инобатга олган ҳолда турли ташкилотларнинг меҳнат шартномалари мазмуни фарқланиши мумкин. Асосийси – белгиланган меҳнат шартлари қонун ҳужжатларида белгиланган шартларга қараганда ходимларнинг аҳволини ёмонлаштирмасин.  

 

Мисол. Шифохоналардан бирида ўрта тиббиёт ходимларининг меҳнат шартномаларига қуйидаги банд киритилган эди: «ходим зарур бўлган ҳолларда раҳбарнинг буйруғига биноан қўшимча меҳнат вазифаларини уларнинг тури, ҳажми, иш вақтидан қатъи назар бепул бажаришга мажбур». Бу ҳолда ҳозир бўлмаган ходимнинг ўрнига навбатдан ташқари навбатчиликка жалб этиш назарда тутилган.   

 

Бу билан Меҳнат кодексининг (бундан кейин – МК) иккита нормаси бузилган:

  • МКнинг 5-моддаси, унда меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмаслиги белгиланган;
  • МКнинг 16-моддаси, унда айтилишича, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

 

Юқори турувчи ваколатли орган аралашувидан сўнг мазкур шарт чиқариб ташланиб, меҳнат шартномалари эса қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди.

 

Бундан ташқари, меҳнат шартномасида қайд этилиши зарур бўлган мажбурий шартлар мавжуд. Булар – иш жойи, ходимнинг меҳнат вазифаси, ишни бошлаш куни, муддатли шартноманинг амал қилиш муддати, тўланадиган ҳақ миқдори.  

 

Юқорида кўрсатилган камчиликлар сизда мавжуд бўлса, нима қилиш керак? Бирорта мажбурий шарт қайд этилмаган бўлса, меҳнат шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланадиган томонларнинг қўшимча келишуви расмийлаштирилади. Унда шартномага яна битта банд қўшилишини кўрсатиб, унинг мазмунини баён этиш зарур. 

 

Қонун ҳужжатларига зид келувчи шарт ҳам, келишувда: «шартноманинг ____-банди ҳақиқий эмас деб ҳисоблансин» деб кўрсатган ҳолда меҳнат шартномасидан худди шундай тарзда чиқариб ташланади.

 

2-хато. Иш берувчи «иш жойи» мажбурий шарти ва «иш ўрни» қўшимча шартини чалкаштиради.  

 

Меҳнат шартномасида иш берувчи ташкилот ёки унинг таркибий бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) номи иш жойи сифатида кўрсатилади.

 

Мисол: «Ходим «Гранд» МЧЖга (Тошкент ш.) ишга қабул қилинди».

 

Агар ходим ташкилотнинг бошқа жойда жойлашган алоҳида бўлинмасидаги ишга қабул қилинаётган бўлса, иш берувчининг номи, таркибий бўлинма ва унинг манзилини кўрсатиш лозим.  

 

Мисол: «Ходимнинг иш жойи Тошкент вилояти, Қибрай ш., _____ кўчаси, ___-уй манзилида жойлашган «Гранд» МЧЖ филиали ҳисобланади».

 

Иш ўрни – ходим меҳнат фаолияти жараёнида доимий ёки вақтинча бўладиган жой. Яъни ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариш чоғида аниқ жойда бўлиши. Масалан, завод участкаси ёки цехи, кабинет ёки хона, ёхуд муайян ускуна жойлашган жой. Бу меҳнат шартномасининг мажбурий шарти эмас, бироқ айрим корхоналарда ишлаб чиқариш ва ходимларнинг меҳнат фаолияти хусусияти сабабли бу ҳолатни ҳужжатда қайд этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Нима учун? Шартномада аниқ иш ўрнини кўрсатмаслик оқибатида иш берувчи ходим ишда бўлмаганда уни прогул учун ишдан бўшатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.  

 

Мисол. Завод диспетчери ўзига ишониб топширилган автомашиналарни бошқариш пульти олдида узоқ вақт бўлмади, бу кўп сонли юк транспорти туриб қолишига олиб келди. Ишга қабул қилиш чоғида диспетчерлик ускунаси жойлашган хона ҳақида оғзаки келишувга эришилган, бироқ ҳужжатларда иш ўрни сифатида белгиланмаган эди. Ходим бу вақтда ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли дам олиш хонасида бўлганлигини айтди. Бундан келиб чиқишича, диспетчер ўз иш ўрнини тарк этмаган, чунки мазкур ҳолда унинг иш ўрни бутун завод ҳудуди ҳисобланган.

 

Бинобарин, бундай ходимни прогул сабабли ишдан бўшатиш учун у корхона ҳудудида белгиланган иш вақтида умуман бўлмаслиги керак.

 

Бунда қуйидаги жиҳатга эътибор қаратишни маслаҳат берамиз. Агар меҳнат шартномасида муайян иш ўрни белгиланган бўлса, уни фақат ходимнинг розилиги билан, қўшимча келишувни расмийлаштириш орқали ўзгартириш мумкин.

 

3-хато. Иш берувчи меҳнат шартномасини расмийлаштириш чоғида шахснинг муайян тоифадаги ходимларга мансублигини ҳисобга олмайди.

 

Ходимлар орасида қонун ҳужжатлари билан узайтирилган таътиллар, қисқартирилган иш вақти давомийлиги ва бошқа кўринишдаги қўшимча имтиёз ва кафолатлар белгиланадиган тоифалар мавжуд. Булар – ногиронлиги бўлган, вояга етмаган шахслар, тиббиёт ходимлари, педагоглар, ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган шахслар ва ҳ.к.

 

Масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 30 календарь кунидан кам бўлмаган йиллик асосий узайтирилган таътил белгиланади. Бу меҳнат таътилининг энг кам муддати 15 иш кунидан иборат бошқа ходимлардан фарқ қилади. Шу сабабли бундай ходимларни ишга қабул қилиш чоғида меҳнат шартномаларида уларга кафолатланган таътил муддатини, яъни 30 календарь кунини албатта кўрсатиш зарур.         

 

Эътибор беринг! Кўпинча иш берувчилар таътилларни ҳисоблашда иш ўрнини аттестациялаш натижаларига кўра ногирон ходимга берилиши мумкин бўлган қўшимча таътилларни инобатга олмайдилар. Раҳбарлар мазкур ходимларга узайтирилган асосий йиллик таътил белгиланган бўлса, уларга қўшимча таътил бермаслик мумкин деб ҳисоблайдилар. Бу хато фикр. Иш ўринларини аттестациялаш якунларига кўра мазкур шахснинг меҳнат шароитлари ноқулай деб тан олиниб, бунинг оқибатида унга, масалан, 6 иш кунидан иборат қўшимча таътил белгиланса, унинг йиллик таътили умумий давомийлиги: 30 календарь куни + қўшимча 6 иш кунини ташкил этади.

 

4-хато. Ходимнинг лавозим мажбуриятлари аниқлаштирилмайди.

 

МКнинг 176-моддасига мувофиқ ходим ўз меҳнат вазифаларини виждонан бажариши шарт. Бошқа томондан, МКнинг 177-моддасида иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни талаб этишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Амалиётда ходим билан иш берувчи ўртасида ушбу масала юзасидан кўп ихтилофлар чиқади.  

 

Мисол. Давлат ташкилотига юқори турувчи идоравий органдан мурожаатнома-сўров келиб тушди. Ҳужжат кўриб чиқиш ва жавоб тайёрлаш учун раҳбарнинг ёзма кўрсатмасига биноан тегишли масалалар билан шуғулланувчи бўлимга юборилди ва мазкур бўлим ходимларидан бири бўлган ижрочи тайинланди. Бироқ мурожаатларни кўриб чиқиш учун белгиланган муддатлар ўтганда ҳам жавоб хати тайёрланмаган. Шу муносабат билан раҳбар ўз буйруғи билан ходимга нисбатан ҳайфсан тарзида интизомий жазо қўллади.  

 

Бироқ, судга мурожаат қилгандан сўнг, жазо бекор қилинди, меҳнат шартномасида, шунингдек лавозим йўриқномасида сўровга жавоб тайёрлаш мазкур ходимнинг функционал вазифалари рўйхатига киритилмаганлиги сабабли иш берувчи бу унинг вазифасига киришини исботлай олмади. Ташкилотнинг ички низомига мувофиқ эса келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш билан бошқа бўлим шуғулланади.   

 

У ёки бу ходим айнан нималар билан шуғулланиши кераклигини қандай усул билан ва қаерда акс эттириш мумкин? МКнинг 176-моддасига мувофиқ ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда – жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда, меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади.

 

1) Агар вазифалар рўйхати катта бўлмаса, ходимнинг иш доираси анча чекланган бўлса, меҳнат шартномасида барча вазифаларни санаб ўтиш билан чекланиш мумкин.

 

2) Меҳнат шартномасида умумлаштирилган меҳнат вазифаларини бир нечта жумла билан қисқача қайд этиш мумкин, меҳнатга оид хатти-ҳаракатларнинг батафсил рўйхатини эса алоҳида локал норматив ҳужжат сифатида расмийлаштирилган лавозим йўриқномасида бериш мумкин. Бунда ходим лавозим йўриқномаси билан тилхат олиб таништирилиши керак.

 

5-хато. Ходим лавозимининг номи амалдаги Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ва имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи рўйхатларга мувофиқ келмайди.

 

Бундай хатолар ходимларга жиддий таъсир кўрсатади. Масалан, лавозим номининг нотўғри кўрсатилиши «имтиёзли рўйхатлар» (Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) асосида муддатдан аввал пенсияни расмийлаштиришга тўсқинлик қилиши мумкин.

 

1-мисол. Фуқаролик авиациясида узоқ вақт бортпроводник бўлиб ишлаган аёл имтиёзли пенсияни расмийлаштиришда қийинчиликларга тўқнаш келди, сабаби меҳнат дафтарчаси ва ишлаш жараёнида расмийлаштириладиган бошқа ҳужжатларда унинг лавозими «стюардесса» деб кўрсатилган. Классификатор ва умумбелгиланган ёшдан 10 йил олдин имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга шахслар рўйхатида айнан «бортпроводник» кўрсатилган.   

 

2-мисол. Ходимни поездларни таъмирловчи чилангар сифатида метрополитенга ишга қабул қилиш чоғида унинг лавозимини «чилангар» деб ёзиб қўйганлар. Гарчи амалдаги классификацияга мувофиқ ушбу касб фақат тегишли ихтисослик билан: чилангар-сантехник, чилангар-алоқачи ва ҳ.к. деб кўрсатилади. Бундан ташқари, имтиёзли рўйхатга кўра, метрополитен ҳаракатланувчи таркибини таъмирловчи чилангарлар 10 йил олдин пенсияга чиқишлари мумкин, бунда улар бажарадиган ишлар хусусияти – этил суюқлиги солинадиган цистерналарни таъмирлаш, шунингдек цистерналарни таъмирлаш, тўлдириш ва клапанларини алмаштириш билан шуғулланганликлари ҳам аниқлаштирилади.

 

Шу сабабли келгусида ходимлар пенсияни расмийлаштираётганда муаммоларга тўқнаш келмасликлари учун иш берувчиларга ходимнинг лавозими, касби ва мутахассислигини иложи борича аниқ ва тўғри қайд этишни маслаҳат берамиз.

Ленара Хикматова.