Молия вазирлиги Ўзбекистонда МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Малакали мутахассислар тайёрлаш учун у нималарни амалга ошираётганлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов гапириб беради.
- Президентнинг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4611-сон қарори МҲХСни профессионал даражада эгаллаган мутахассисларга бўлган талабни кучайтирди. Акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар штатида камида уч нафар сертификатланган мутахассисга эга бўлиши керак. Ушбу талабларни бажариш учун 2020-2021 йилларда бир неча минг нафар мутахассисларни тайёрлаш зарур. Мавжуд ўқув марказлари ва олий таълим муассасалари давлатнинг қўллаб-қувватлашисиз буни ўзлари уддалай олишмайди.
Ушбу чора-тадбирлар орасида – барча хоҳловчилар учун бепул онлайн-курслар ўтказишга тайёр бўлган ўқув марказларини молиялаштириш. Асосий мақсад – юқори миқдорда МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш. Бунинг учун Молия вазирлиги тендер чоғида иккита ўқув ташкилоти - «Норма» Профессионал ривожланиш маркази ва «Profi Training» бизнес-мактабини танлаб олди, улар барча хоҳловчиларни ўқитиш учун энг манфаатли шартларни тақдим этишган.
«Норма» ўзининг ifrs.academy таълим платформасида 14 ва 16 сентябрда “МҲХС асослари” бепул онлайн-курсини бошлайди. Курс ўзбек (кирилл ва лотин) ва рус тилларида ўтказилади.
Ўқитишнинг мақсади – молиявий ҳисобот тамойиллари ва МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузишнинг базавий билимларига эга мутахассисларни тайёрлаш. Ўқишдан муваффақиятли ўтган тингловчилар:
- халқаро молиявий ҳисоботнинг асосий тушунчаларини тушунишлари;
- МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг мақсади, таркиби ва мазмунини тушунишлари;
- молиявий дастаклар тўғрисидаги ахборотни эътироф этиш, таснифлаш, ўлчаш, тақдим этиш ва ошкор этишнинг асосий дастакларини тушунишлари;
- даромадлар ва харажатларни эътироф этиш, моддий ва номоддий активлар ҳисоби, пул маблағлари оқими тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлашни тартибга солувчи халқаро стандартлар талабларига мўлжал олишлари;
- халқаро стандартларга мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва трансформация қилишда қўлланиладиган базавий назарий билимларга эга бўлишлари;
- МҲХС ва БҲМС ўртасидаги фарқларни тушунишлари мумкин бўлади.
Курсни тугатгач, тингловчилар мустақил равишда ёки таълим муассасалари ёрдамида халқаро сертификатланган дастурлар (ДипИФР ва бошқалар) бўйича имтиҳонлар топширишга тайёрланишга қодир бўладилар;
Ўқитиш иккита - Live ва Record форматларида ўтказилади. Live – бу жонли, трансляция қилинадиган вебинарларда иштирок этишдир. Улар рус тилида – душанба ва чоршанба кунлари 11.00 дан 13.30 гача, ўзбек тилида – сешанба ва жума кунлари 15.30 дан 18.00 гача ўтказилади.
Агар сиз бу вақтда машғулотга ташриф буюра олмасангиз – ҳечқиси йўқ. Дарсни ёзувда, Record форматида кўрасиз.
Live форматида машғулотлар 2020 йилнинг декабрь ойи ўртасигача ўтказилади. Record форматида ifrs.academy таълим платформасига эркин кириш эса 2021 йилнинг якунига қадар очиқ бўлади.
Ким ушбу курсларда бепул ўқиши мумкин? Ҳар қандай хоҳловчи. Бироқ энг аввало биз талабалар ва магистрантлар, ўқитувчилар, давлат органлари ходимлари, акциядорлик жамиятлари, банклар, суғурта ташкилотлари, капиталида давлат улушига эга корхоналар ходимларини кутамиз.
Масофадан ўқитиш қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ўқув вебинарларини ўтказиш (60 академик соат);
- маслаҳат вебинарларини ўтказиш (10 академик соат);
- ўқув ва маслаҳат вебинарлари ёзувларига кириш;
- тақдимотлар, видеодарсларга кириш;
- тестдан ўтиш, масалаларни ечиш ва бошқа баҳолаш воситаларидан фойдаланиш;
- имтиҳонларда иштирок этиш.
Онлайн-курс ўқитувчилари - Кирилл Попадюк ва Шоҳиста Якубова – булар катта ўқитиш тажрибасига эга юқори малакали мутахассислардир.
Молия вазирлиги ишонадики, МҲХС бўйича бепул базавий билимлар олиш имкониятидан нуфузли иш ва юқори иш ҳақи олишни истаган бир неча минг киши фойдаланади. Ушбу мақсад сари илк қадамни қўйинг – ifrs.academy да масофадан ўқишдан ўтинг.