Меҳнат вазирлиги бандлик масаласини ўрганиш, шунингдек ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш бўйича I яримйиллик учун ижтимоий тадқиқот якунларини эълон қилди.
2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1%ни ташкил этди, Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба иқтисодиётнинг расмий секторида банд кишилар сони 300 мингдан ортди.
Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 2018 йилнинг мос даври кўрсаткичига қараганда 0,2 фоизга камдир. Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида энг юқори ишсизлик даражаси қайд этилди – 9,4%, энг кам кўрсаткич эса - Тошкент шаҳрида (7,7%).
Бандлик тизимида иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ўсгани ва норасмий сектордаги бандликнинг камайганлиги кузатилмоқда. Хусусан, иқтисодиёт соҳаларида банд бўлганларнинг умумий сони 13 408,4 минг кишига етди, бу 2018 йилнинг январь-июнь ойларидаги кўрсаткичга қараганда 1,4%га кўпроқдир.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони эса аксинча, 137,7 мингга ёки 1,7%га камайиб, 7 814,8 мингни ташкил этди, бу бевосита норасмий тадбиркорлик фаолияти ва иш ўринларини легаллаштириш чора-тадбирлари натижасидир.
Тадқиқот натижалари республикадан ташқарига меҳнат миграциясига кетган шахслар сони 2018 йил мос даври билан қиёслаганда 1,9%га, 2 644,1 мингдан 2 594,1 мингга пасайганлигини кўрсатди.
Ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1 342,6 минг кишидан иборат. Ёшлар орасидаги (30 ёшгача) ишсизлик даражаси 15,1%ни, 15–25 ёшдагилар ўртасида – 16,8%ни, аёллар орасида эса 12,7%ни ташкил этди.
Меҳнат ресурслари сони 18 964 минг киши бўлиб, 2018 йилнинг январь-июнь ойлари кўрсаткичига нисбатан 1%га ортган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 2018 йил мос даври кўрсаткичларига қараганда 181,5 мингга ёки 1,2%га ўсган.
Иқтисодий нофаол аҳоли сони 4 213,0 кишини ташкил этди (0,1%га ортган). Ушбу кўрсаткичнинг ўсиши ҳомиладорлик таътили, туғиш таътили ёки 2 ёшгача бўлган болалар парваришидаги аёллар сонининг 4,4%га ошиши билан изоҳланади. Таъкидлаш жоизки, ўз хоҳишига кўра банд бўлмаганлар сони кескин камайиб, 805,6 мингдан 734 минг (8,9%)га тушган, бу эса аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигини билдиради.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича янги хизмат тури – Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан беғараз молиявий ёрдам кўринишидаги субсидия ва грантлар тақдим этиш жорий қилинди (бу ҳақда батафсил – бу ерда).
Грантлар қуйидагиларга берилади:
- касб-ҳунар таълими муассасаларига – банд бўлмаган шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга;
- касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштиришга.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан иш берувчи ва ишсиз фуқаролар мурожаати бўйича 2 141,8 млн сўмлик субсидиялар берилди, натижада 2 493 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Республиканинг 104 та шаҳар ва туманларида ижтимоий тадқиқот ўтказилди, фуқароларнинг 462 та ўзини ўзи бошқариш органлари, 4 880 та уй хўжалиги ва 25 925 нафар фуқаро қамраб олинди.