Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Минфин и ГНК привели свои разъяснения по НДС в соответствие с законодательством – читайте на buxgalter.uzПочему НДС создает дополнительные хлопоты посредникам – читайте на buxgalter.uzЧто должен сделать бухгалтер до 25 июля – читайте на buxgalter.uzПереход на НДС: кому требуется помощь – читайте на buxgalter.uz

НКМга хизмат кўрсатиш соҳасида қандай қилиб рақобатни таъминлаш мумкин

27.02.2019

Читать на русском языке

Назорат-касса машиналарига хизмат кўрсатиш бозорида янги компания – «Солиқ-сервис» ДУК пайдо бўлди. Унинг илк одимлари кўрсатилган соҳада рақобат камайишига олиб келиши мумкин. Юзага келаётган вазиятни таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

 

Бизнесни ким эгаллаган

 

Назорат-касса машиналарига хизмат кўрсатиш билан хусусий компаниялар шуғулланади, улар талайгина. Ҳар бир минтақада камида битта ихтисослаштирилган компания ишлайди. Улар орасида касса аппаратларини реализация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи «Комкассинтех» уюшмаси аъзолари ҳам бор. Ўтган йил охирида ушбу бозорда янги иштирокчи – минтақаларда бўлинмалар очган «Солиқ-сервис» ДУК пайдо бўлди.

 

Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорига мувофиқ, қуйидагилар мазкур ташкилотнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш;
  • давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш;
  • давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлаш;
  • «call-марказ» махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш;
  • солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш;
  • ахборотни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш;
  • давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш.

 

Кўриб турганимиздек, қарорда улар назорат-касса машиналарига хизмат кўрсатиш билан шуғулланишлари тўғридан-тўғри кўрсатилмаган. Шу билан бирга ҳужжатда корхона учун фаолият соҳасини кенгайтиришни тақиқловчи чекловлар белгиланмаган. «Солиқ-сервис» ДУК раҳбарияти корхона назорат-касса машиналарига хизмат кўрсатишни ўзлаштиради деган қарорга келди, демак, шундай бўлади.  

 

Бир қарашда бозорда яна битта иштирокчи пайдо бўлгани яхшидек кўринади. Мамлакатимизда рақобатни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Аввало бу замонавий ресурс тежовчи технологиялар жорий этилишига, товарлар ва хизматлар сифати ошишига, уларнинг таннархи пасайишига замин яратиши кутилмоқда. Бироқ, НКМга хизмат кўрсатиш бозорида «Солиқ-сервис» ДУКнинг пайдо бўлиши, қанчалик ғалати эшитилмасин, рақобат камайишига олиб келиши мумкин. Бозор таҳлили бунинг сабабини англашда ёрдам беради.

 

Нархлар етакчиси

 

Нархлар етакчиси – бозорда тутган ўрни ўртача нархлардан юқори ёки қуйи нархларни белгилаш имконини берувчи компания. Одатда бундай компания рақибларининг имкониятларидан анча катта ресурсларга эга бўлиб, бозорнинг салмоқли қисмини назорат қилади. Аксарият ҳолларда рақиблар нарх сиёсатида етакчига эргашишга мажбур бўладилар.  

 

«Солиқ-сервис» ДУК Ўзбекистонда НКМга хизмат кўрсатиш хизматлари бозорида ана шундай нархлар етакчисига айланиши мумкин. 27.12.2018 йилдаги прейскуранти ва хизматлар ҳақи тўғрисидаги низоми ана шундай имкониятга эгалигидан дарак бермоқда.

 

Бошқалар қатори алоҳида эътиборга молик иккита хизмат мавжуд:

  • назорат-касса машиналарини ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ бўлган, 180 минг сўмга баҳоланадиган тартиб-таомиллар;
  • НКМни ишлатишга тайёрлаш, шу жумладан фискал маълумотларни созлаш, иш параметрларини дастурлаштириш, НКМни тест режимида ишга тушириш ва бошқа тартиб-таомиллар. Тариф – 390 минг сўм.

 

Бунда низомнинг 6-бандида қайд этилишича, корхона кўрсатадиган хизматлар қиймати низомга иловада кўрсатилган нархдан кам бўлиши мумкин эмас (нархлар юқорида келтирилган). Худди шу низомга мувофиқ, тўланадиган сумма тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

 

Бундай нархлар бозорнинг бошқа иштирокчиларида хавотир уйғотади. «Комкассинтех» уюшмаси ижрочи директори Акмал БОЗОРОВ бу хусусда шундай фикр билдирди:

 

– «Солиқ-сервис» ДУК таклиф этаётган бошланғич нархлар мавжудларидан анча юқори. Обороти катта бўлмаган дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари бор – айниқса олис, аҳолиси оз ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида улар кўпчиликни ташкил этади. Улар бундай нархларни кўтара олмаслиги мумкин. Корхоналаримиз бундай тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уларга хизматлар турига қараб 20–50 минг сўмга хизмат кўрсатадилар. Аксарият минтақаларда НКМга хизмат кўрсатиш бўйича энг қиммат хизматлар ҳам 100 минг сўмдан ошмайди. Бундан қимматга ҳам тушиши мумкин, бироқ улар катта оборотларга эга, кўпчилиги Тошкентда жойлашган мижозлар бўлади.

 

Акмал Бозоровнинг фикрича, «Солиқ-сервис» ДУК сингари йирик иштирокчи бошқа сервис компанияларига қараганда ўз хизматларини илгари суриши осон кечади.

 

Биринчидан, корхона Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган ва фаолият юритмоқда, у НКМни рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш билан шуғулланади, реализация қилинган товарлар ва хизматлар ҳисобини НКМ ёрдамида назорат қилади. У йирик корхона, бозорнинг бошқа иштирокчиларига қараганда кўпроқ имкониятга эга.

 

Иккинчидан, маъмурий ресурсдан фойдаланилишини ҳам истисно этиб бўлмайди. Яқин тарихимиздан идоралар буни қандай амалга оширганликларига кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.

 

Учинчидан, «Солиқ-сервис» ДУК кўрсатадиган барча хизматлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинганлигини инобатга олиш лозим. У бозорнинг бошқа иштирокчилари билан солиштирганда шу жиҳатдан ҳам ютиб чиқади.  

 

Аслида ушбу ташкилот буткул бошқа йўлдан бориши учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорига мувофиқ, унинг хизматлари ҳақи бюджет маблағлари ва Махсус жамғарма маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.

 

Нима таклиф этилади

 

Сервис хизматлари бозорида одилона рақобатни сақлаш, келгусида «Рақобат тўғрисида»ги Қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирларни қабул қилиш зарур. 

 

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда янги ечимлар ишлаб чиқилиши даркор. Давлат бизнесни тадбиркорларга топшириб, кўп соҳалардан чиқмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаси деб белгиланган.

 

НКМга хизмат кўрсатиш соҳасида ҳозирча бунинг акси юз бериши мумкин.

 

Давлат солиқ қўмитаси сервис ташкилотларининг фаолият юритиш қоидаларини белгиловчи махсус ҳужжат ишлаб чиқиб, уни қабул қилса, НКМга техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топган бўларди. Бозор иштирокчилари бир неча йил аввал ана шу ғояни кўтарган эдилар, бироқ у ҳанузгача рўёбга чиқарилмади.

 

НКМга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни аккредитациялаш институтини жорий этиш ҳам мақсадга мувофиқ. Касса техникасига хизмат кўрсатиш тизими ривожланган кўп мамлакатлар айнан ундан фойдаланадилар. Аккредитация ташкилот белгиланган талабларга мувофиқ ишлаётганлиги, бунинг учун малакали мутахассислар ва ускуналарга эгалигидан далолат беради.

 

Олег Гаевой.

 



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_