Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак самозанятому начать платить налог с оборота Как проверить подлинность иностранного «сертификата налогового резидентства» Как определять невычитаемые расходы

Ном яратиш услубияти

24.03.2018

Олдинги материалимизда нейминг, яъни ном танлашнинг асосий қоидалари билан таништирган эдик. Бу сафар эса қуйидаги усулдан фойдаланиб, янги маҳсулотларингиз ёки компаниянгиз учун номларни бемалол топиш йўлини ўрганиб оласиз. Бу усул 4 қадамдан иборат.

Тавсия: одам мияси шундай тузилганки, вазифа қўйилганидан кейин бироз вақт ўтганидан сўнггина қизиқарли ечимлар уни чулғай бошлайди. Шу боис ном танлаш учун бир ҳафта вақт ажратиш ва ҳар куни камида бир соат вақт сарфлаб, бир қанча номлар ўйлаб топиш даркор.

 

Биринчи қадам – тахминий номлаш

 

Босқич моҳияти: тадбиркорлик фаолиятингиз ёки сиз ишлайдиган бозор билан бевосита боғлиқ бўлган сўзлар рўйхатини тузиб чиқиш. Бунинг учун сўзларни излаш йўналишини белгилаб олиш даркор. Тахминий йўналишлар:

  • компания асосчилари билан боғлиқ бўлган сўзлар – масалан, асосчиларнинг исми шарифи;
  • товар ёки хизматдан фойдаланиш натижаси билан боғлиқ сўзлар: гўзаллик, саломатлик, тўйиш, қувонч, болалар кулгуси ва ҳоказо;
  • товар ёки хизматнинг хусусиятлари билан боғлиқ асосий сўзлар: самарали, хавфсиз, тезкор натижа ва бошқалар;
  • рақобатчилар билан солиштирганда товарингизнинг истеъмолчилар учун тақдим этаётган фойдаси билан боғлиқ бўлган сўзлар: янада арзон нарх, камхаржлик, ишончлилик, юқори даражадаги сервис ва ҳ.к.
  • товардан фойдаланишда ишлатиладиган технологиялар таърифи билан боғлиқ сўзлар: уч босқичли тозалаш тизими, юқори малакали мутахассислар, энг янги материаллар сингари.

 

Биринчи босқичда ҳосил бўлган сўзларнинг рўйхатини тузиб олиш даркор.

 

Иккинчи қадам – ижодкорона ёндашув

 

Кейинги босқич танланган сўзлар рўйхатини бирлаштириш ёки уларга шакл беришдан иборат. Шакл беришни бир неча йўл билан ўтказиш мумкин. Юқорида ҳосил бўлган сўзларни бир-бири билан бирлаштириб, қизиқарли уйғунлашган янги сўзлар яратишга уриниб кўринг. Сўзлар ўзаги билан сўз ўйинлари яратиш ҳам мумкин. Бир устунга сўзлар ўзагини, иккинчисига қўшимча сўзларни ёзиб чиқинг ва уларни бирлаштириб кўринг. Баъзи сўзлар бирлаштириш ёки шакл беришни талаб этмаслиги ҳам мумкин.

 

Сўзларни бирлаштириш ёки шакл беришдан ҳосил бўлган дидингизга мос тушган сўзларни алоҳида вараққа ёзинг. Иккинчи босқич якунида сизда номлаш учун мос бўлган сўзлар ёки бирикмалар пайдо бўлади.

 

Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ноёб, кам учрайдиган, енгил талаффуз этиладиган, аммо маъносиз сўзларни танламаган маъқул, чунки уларга зарур маънони бағишлаш ва буни истеъмолчиларга етказиш анча кўп сармояни талаб этиши мумкин.

 

Учинчи қадам – юзаки текширув

 

Энди тўпланган барча сўзларнинг фойдаланиш имкониятлари текшириб чиқилади. Мия одатда аввал эшитган ёки кўрган нарсалардан сўз танлашга интилади. Шу сабабли сиз танлаган сўзларнинг бир қисми бозорда аллақачон мавжуд бўлиши мумкин.

 

Буни аниқлашнинг энг оддий йўли – номларни онлайн излаш. Сиз танлаган номдаги компанияларнинг бор-йўқлиги, фаолият соҳаси, қўшимча маълумотлар ва албатта шу номдаги веб-сайт доменининг банд эмаслигини текшириш зарур.

 

Сайт домени

 

Шу ҳолат кўпинча эътибордан четда қолади. Компаниянинг сайти учун домен албатта унинг номланишидан келиб чиқиб танланади. Шу боис бир муаммога дуч келишингиз мумкин: яхши ном танлаб улгурдингиз, компанияни рўйхатдан ҳам ўтказдингиз дейлик, сайт доменини рўйхатдан ўтказиш вақти келганида эса шундай сайт аллақачон мавжуд эканини биласиз. Шу боис сиз танлаган номдаги сайт домени ҳам бўш эканини олдиндан текшириб олинг.

 

Бу босқичда бирламчи, юзаки текширувнинг ўзи етади. Аммо синов натижасида танланган номларнинг сараги-саракка, пучаги-пучакка чиқиб, бир нечта номда тўхталасиз.

 

Тўртинчи қадам – сифат текшируви

 

Навбатдаги босқични номлар орасида «тирик қолиш учун кураш» деб аташ мумкин. Номларни юқоридаги мезонлар: ноёблик, жозибадорлик, талаффузининг енгиллиги ва тўғрилиги, эсда қоларлилиги, ёрқинлиги ва ҳоказоларга мос келишини бирма-бир текшириб чиқилади.

 

Иложи бўлса, номланиш сифатини баҳолашни компаниянинг мақсадли аудиторияси орасида ўтказган маъқул. Баҳолашни оддий сўровнома тарзида ўтказиш қулайроқ. Унинг натижасида ҳар бир сифат мезони бўйича номларга 1 дан 5 гача бўлган баллар қўйиб чиқилади.

 

Компания, маҳсулот, бренднинг номлари ғализ чиқмаслигида юқоридаги усулдан фойдаланиш ўз самарасини беради. Асосийси – Сиз танлаган ном бошқа брендларни эслатиб юбормаслиги керак.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.