Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида тизимли муаммолар тўпланиб қолган. Тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган.
Яқинда Бўстонлиқ, Фурқат, Косон туманлари ва Урганч шаҳрида ўтказилган ўрганишларда жами 2 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти кадастр ва солиқ базаларида ҳисобга олинмагани аниқланган. Шундай ҳолат ер майдонларида ҳам бор.
– Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирган. Улар мураккаб, тушунарсиз ёзилган. Бу эса коррупцияга йўл очиб берган. Бугун тизим тамомила ўзгариши керак. Асосий мақсад ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлашдир, – деди Президент.
ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан солиқ идораларининг маълумотлар базасини бирлаштириб, фойдаланишдаги ер ва объектларни ҳисобга олиш ҳамда солиқ шакллантириб бориш вазифаси қўйилди.
Кўчмас мулк кадастри ҳисобини тўлиқ шакллантириш зарурлиги, бу солиқ солиш базасини кенгайтиришда муҳимлиги таъкидланди.
Ер солиғи ҳисоблаш тизимини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Хусусан, вилоят марказларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларда ҳам, ҳосилдорлиги паст жойларда ҳам ер солиғи деярли бир хилда ҳисобланади.
Мутасаддиларга ерларнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш, бунда оширилган ва камайтирилган коэффициентларни қўллаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Аграр ерларни назорат ва экинларни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир туман дрон билан таъминланиши айтилди. Ноқонуний қурилмаларни тезкор аниқлаш имконини берадиган ахборот тизими йўлга қўйилади.
Маълумот учун: хатловлар натижасида 66 туманда 150 минг гектар қўшимча қишлоқ хўжалиги ерлари, шундан ҳисоботларга киритилмаган 28 минг гектар суғориладиган экин майдони борлиги аён бўлган;
340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Шундан 200 мингдан зиёд объект бўйича солиқ ҳисобланмаяпти. Бундан ташқари, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ;
жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11,2 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3,2 минг гектарда ноқонуний уй-жой қурилган;
2 мингдан зиёд номсиз кўчалар, 1 миллиондан ортиқ рақамсиз уйлар мавжуд.