20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан Жиноят кодексига (ЖК) киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги материаллар циклини тугаллаймиз.
ЖКнинг 188 “Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти” моддаси таҳририга киритилган ўзгартиришлар ноқонуний тадбиркорлик учун жавобгарлик тўғрисидаги нормаларнинг янги тизимини шакллантирди. Демак, аввал ЖК ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, назорат қилинмайдиган даромад олиш мақсадида савдо ёки воситачилик фаолиятини амалга ошириш учун жазони кўзда тутарди. Ҳозирги вақтда эса қонунчилик нафақат савдо ва воситачилик, балки бошқа барча тадбиркорлик турлари учун шунга ўхшаш ҳаракатлар учун жавобгарликни кўзда тутади.
Жиноят субъектлари
Ақли расо, қилмиш содир этган пайтда 16 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ноқонуний тадбиркорлик фаолияти учун жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят давлат рўйхатидан ўтмасдан ўз таваккалчилигига назорат қилинмайдиган даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббусли фаолиятда намоён бўлади. Жуда кўп миқдорда (500 ЭКИҲга тенг ва ундан ортиқ) назорат қилинмайдиган даромад олиниши жиноий жавобгарлик юз беришининг алоҳида шарти бўлиб ҳисобланади.
Мазкур модда бўйича жазонинг энг кўп миқдори – 5 йил озодликдан маҳрум қилиш.
Маълумот учун: Пировардида кўп миқдоргача (300 дан 500 ЭКИҲгача) назорат қилинмайдиган даромад олинган ноқонуний тадбиркорлик фаолияти маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва МЖтКнинг 176-моддаси таъсир доирасига тушади. Мазкур қилмиш учун энг юқори маъмурий жазо – ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинган ҳолда 10 дан 50 ЭКИҲгача миқдорда жарима. Қайд қилиш жоизки, ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилинади.
Самир ЛАТИПОВ,
экспертимиз.
Мавзу бўйича материаллар:
Иш ҳақи учун пул маблағлари беришни кечиктириш учун банклар жиддий жавобгар бўлади
Ҳар қандай компаниянинг катта сири